Жамият | 15:31
5946
2 дақиқада ўқилади

Наманганда оилавий боғча тарбиячиси 1,5 ёш боланинг оёғини куйдириб қўйгани айтилмоқда

Kun.uz'га мурожаат йўллаган қизалоқнинг онасига кўра, ҳолат Поп тумани Санг қишлоғидаги оилавий боғчалардан бирида 23 апрел куни юз берган. Она фарзандининг оёғи куйгани, бироқ унга биринчи ёрдам қилинмай, 3-4 соат қаровсиз ушлаб турилганини таъкидламоқда.

Фото: Kun.uz

Онанинг айтишича, тарбиячи боланинг ёнида иссиқ сувни қолдирган, унинг эътиборсизлиги туфайли қизалоқнинг оёғи куйган.

“Тарбиячи куйдирган. Оёғи куйгандан сўнг мени чақирмаган ҳам, 3-4 соат олиб ўтирган. Шифокорга ҳам олиб бормаган, қизингиз ухлаяпти – деб олиб ўтираверган, олгани борсам айтяпти куйдириб қўйдим – деб. Кейин ўзим ўз ҳудудимиздаги тез ёрдамга бордим. Ўша ерда биринчи ёрдам қилишди.

Тез ёрдамдагилар ҳам “нимага зудлик билан бизга олиб келмайди” деб айтишди. Бировнинг боласининг оёғини куйдирар экан-да, яна бемалол юрар экан уйида. Нимага қарамадингиз, нимага иссиқ сувни ёнига қўясиз – десам, мени уйидан ҳайдаб солди. Яхшироқ қарамабсиз-да десам, ҳеч нима қилмайди деб эр-хотин биз билан урушди, қўлингдан келганини қил деди”, – дейди қизалоқнинг онаси Мадина Рўзибоева.

Рўзибоева сўзларининг исботи тариқасида бир қанча суратлар ва видео тақдим этди. Видеода боғча раҳбарияти билан тортишув бўлгани, бир эркак аёлга қарата “истаган жойига бориб мурожаат қилишини” дағдаға қилгани кўринади.

Мурожаатчи боғча ҳеч қандай ҳужжатсиз фаолият юритаётганини, буни эса ўзи ҳам энди билганини қайд этди.

Мавзуга оид