Жаҳон | 23:25 / 24.04.2025
954
2 дақиқада ўқилади

Трамп миллионерлар учун солиқларни оширишдан бош тортди

АҚШ президентининг фикрича, бу бадавлат инсонлар мамлакатни тарк этишига олиб келади.

Фото: AFP/Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп бадавлат америкаликларга солинадиган солиқ миқдорини оширишни «ўта фалокатли» деб атади. Унинг фикрича, бундай ҳолатда бой одамлар мамлакатни тарк эта бошлайди.

«Ўйлашимча, бу ўта фалокатли бўларди, миллионерлар мамлакатни тарк эта бошлайди. Бу ишни қилган бошқа давлатлар кўплаб одамларини йўқотган. Улар бой фуқароларидан айрилган. Бу ёмон, чунки бой одамлар солиқ тўлайди», — дейди Трамп.

Сўнгги ҳафталарда Республикачилар партияси вакиллари энг бой қатлам учун солиқларни ошириш имкониятини фаол муҳокама қилмоқда. Гап йиллик даромади 1 миллион доллардан ошадиганлар учун жорий 37 фоизлик ставкани 40 фоизгача кўтариш ҳақида боряпти.

ОАВга кўра, одатда солиқ оширишга қарши бўлган республикачилар учун бундай таклиф — ноодатий, бюджетга қўшимча даромад топиш зарурати ва партиянинг электорат базаси ишчи синфга томон силжиётгани билан изоҳланмоқда. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, бойларга солинадиган солиқни 40 фоизгача ошириш яқин ўн йилликда давлат бюджетига қўшимча 400 миллиард доллар олиб келиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2 апрел куни АҚШ президенти Доналд Трамп 180 мамлакат учун савдо божлари жорий этган ва 9 апрелдан уларнинг барчаси кучга кирганди. Божлар эълон қилинганидан сўнг дунёнинг энг бой 10 кишиси 170 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўқотган. Бу Трампнинг ўзига ҳам таъсир қилди (унинг бойлиги 500 миллионга камайди), аммо сўнгги воқеалар унинг асосий ҳомийси ва маслаҳатчиси, миллиардер Илон Маск учун анча оғриқли кечмоқда.

Мавзуга оид