Ўзбекистон | 12:35
2926
2 дақиқада ўқилади

Афғонистон «Ҳайратон – Мозори Шариф» темирйўли бўйича Ўзбекистон билан шартномани узайтирди

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ шуъба корхонаси бўлган «Sogdiana Trans» 2025 ва 2026 йилларда ҳам темирйўл тармоғи ҳолатини назорат қилади.

Афғонистон Жамоат ишлари вазирлиги «Ҳайратон – Мозори Шариф» темирйўл линиясини ишлатиш ва сақлаш бўйича Ўзбекистоннинг «Sogdiana Trans» компанияси билан тузилган шартномани икки йилга узайтирди. Бу ҳақда Pajhwok хабар берди.

Ҳужжатга кўра, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ шуъба корхонаси бўлган «Sogdiana Trans» 2025 ва 2026 йиллар давомида темирйўл тармоғи ҳолатини назорат қилади.

Шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси Афғонистон билан Ҳайратон участкасида таъмирлаш ишларини узайтириш бўйича ҳам шартнома имзолаган.

Бундан ташқари, томонлар Марказий Осиё мамлакатларини Покистон денгиз портлари билан боғлаши керак бўлган Трансафғон темир йўли қурилиши лойиҳасини муҳокама қилди. Таъкидланишича, Ўзбекистон лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, жумладан, тегишли тадбирларни молиялаштиришни ўз зиммасига олган.

«Ҳайратон – Мозори Шариф» темир йўлининг умумий узунлиги 75 километрни ташкил қилади. У 2010 йилда ўзбекистонлик мутахассислар томонидан қурилган. Қурилишга Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган 129 миллион доллар маблағ сарфланган. Мазкур линия Ўзбекистонда қўлланиладиган техник стандартлар ва талабларга мувофиқ сигнализация, телекоммуникация ва электр таъминоти қурилмалари билан жиҳозланган.

Бу линия Афғонистон шимолий вилоятларининг энг ривожланган ва аҳоли зич жойлашган ҳудудларида темирйўл транспортини ташкил этиш имконини беради, шунингдек, Афғонистон ва минтақанинг бошқа давлатлари ўртасидаги транспорт харажатларини камайтиради.

Мавзуга оид