Очликка рўпара бўлган Ғазо, санкциялардан халос бўлишга уринаётган Сурия ва Россиянинг Қирғизистонга таҳдиди — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазода очлик қуролга айлантирилмоқда
Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Ғазога ҳуманитар ёрдам олиб кириш 50 кундан буён тўлиқ тўхтаганини маълум қилди. Унга кўра, Исроил очликни фаластинликлар учун жазо ва босим воситаси сифатида қўлламоқда.
Фидан бу ҳақда Анқарада Норвегия ташқи ишлар вазири билан ўтказилган матбуот анжуманида гапирди. Унинг сўзларига кўра, Ғазода шунча аҳоли қирилаётгани дунё ҳамжамияти кўз ўнгида содир бўлмоқда.
Туркия вазири Исроил ҳаракатларини инсон ҳуқуқлари ва виждонга қарши жиноятлар, деб баҳолади. У Ғазога ҳуманитар ёрдамни узлуксиз етказиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Фидан шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг Кипр билан муносабатлари ва Европа Иттифоқининг бундай жараёнларга таъсири ҳақида ҳам фикр билдирди. У Анқара турк дунёси билан бирдамликни сақлаб қолишини айтди.
Сурия АҚШдан санкцияларни бекор қилишни сўради
Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа The New York Times нашрига берган суҳбатида АҚШдан мамлакатга нисбатан санкциялар сиёсатини қайта кўриб чиқишни сўради. Унинг таъкидлашича, айрим шартлар қўшимча музокара ва мувофиқлаштиришни талаб қилади.
Аш-Шаръа мамлакат армиясини тубдан қайта қуриш учун вақт кераклигини айтди. У санкциялар Сурияни тиклаш жараёнига жиддий тўсиқ бўлаётганини таъкидлади.
Президент ҳеч бир давлат Сурия ҳудудидан қўшниларга таҳдид қилиш учун фойдаланмаслиги кераклигини қайд этди. Чет эл аскарлари фаолияти мамлакат қонунларига мувофиқ бўлиши шарт.
Аш-Шаръа Сурия Россия билан мавжуд озиқ-овқат ва энергетика шартномаларини бажаришда давом этишини билдирди. Ғарб қуроли билан алмаштириш бўйича таклифлар ҳозирча келиб тушмаганини аниқлаштирди.
Бу вақтда Буюк Британия Сурия Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва бош разведка идораларига қўйилган санкцияларни олиб ташлаганини маълум қилди.
Зеленский: АҚШ Россия агрессор эканини тан олиши керак
Украина президенти Владимир Зеленский АҚШни Россияни расман «агрессор» деб тан олишга чақирди. У бу фикрни америкалик журналист Бен Шапиро билан суҳбатда билдирди.
Зеленский Вашингтонни Киев учун стратегик ҳамкор сифатида таърифлади. Унга кўра, Украина АҚШдан Россиянинг тажовузкор экани ҳақида аниқ ва умумий нуқтайи назарни кутмоқда.
«Биз АҚШни кучли стратегик ҳамкор деб биламиз ва Россия — агрессор экани ҳақида умумий тушунчага эга бўлишни хоҳлаймиз», — деди Зеленский.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина АҚШ «бу сўзларда мувозанат сақлашга интилмаслиги керак».
«Мен президент Трамп нима истаётганини жуда яхши тушуниб турибман. У ёндашув ахтараётгани фактини жуда ҳурмат қиламан. Бу унинг ёндашуви», — деди Зеленский.
Зеленский шунингдек, АҚШ Украинага 105 млрд долларлик ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатганини, унинг катта қисми қурол-яроғлардан иборат эканини маълум қилди.
Трампдан Кремлга янги таклифлар
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Россия билан янги музокара босқичини бошламоқчи. Bloomberg манбаларига кўра, Вашингтон Кремлдан Украина ўз қуролли кучлари ва ҳарбий саноатига эга бўлиш ҳуқуқини тан олишни талаб қилади.
Трампнинг Украина масаласи бўйича махсус вакили Стивен Уиткофф яқин кунларда Путин билан учрашиши кутилмоқда. АҚШ томони Запорижжя АЭС назоратини Украинага қайтариш ва уни халқаро бошқарувга ўтказишни ҳам илгари сурмоқда.
Вашингтон Украинани «қуролсизлантириш»ни рад этади. Украина Днипрога чиқиши ва Харкивдаги ҳудудларни қайтариб олиши шарт, деб ҳисоблайди. Бу эса Россиянинг позициясига зид.
Бироқ фронтда тинчлик йўқ: Киевга уюштирилган ҳужум оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди. Жанубий Африка Республикасига сафарини зудлик билан бекор қилишга мажбур бўлган Зеленский урушни тўхтатмасдан келишув муҳокамаси бўлмаслигини айтди.
Трамп эса шошмоқда. У Қримни Россияники деб тан олиш, фронтнинг айни дамдаги чизиғи бўйлаб урушни музлатишни таклиф қилмоқда. Киев буни рад этмоқда. АҚШ эса халқаро кафолатлар ва босқичма-босқич санкцияни бекор қилишни ҳам муҳокама қилмоқда.
Трамп ён бера бошлади: тарифлар пасайиши мумкин
АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой товарларига жорий этилган 145 фоизлик божларни пасайтириш нияти борлигини билдирди. Унга кўра, ушбу миқдор «жуда юқори» ва «уни қайта кўриб чиқиш» талаб этилади.
«Хитой билан муносабатларимиз яхши. Яқин орада келишувга эришамиз, деб ўйлайман», — деди Трамп. У Хитой раҳбари Си Жинпинг билан муносабатларини «ажойиб» деб баҳолади.
Унинг изоҳлари АҚШ молия вазири Скотт Бессентнинг чиқишидан сўнг янгради. Бессент Хитой билан савдо уруши барқарор эмаслигини билдириб, тарангликни юмшатишни қўллаб-қувватлади.
Бу баёнотлар ортидан АҚШ ва Осиё фонд бозорлари ижобий ўсиш қайд этган бўлса-да, расмий Пекин музокаралар ҳақидаги хабарларни рад этди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Го Жиакун: «Ҳеч қандай музокара ёки келишув юз бермади. Барчаси сохта ахборот», — дея изоҳ берди.
Москвадан Қирғизистонга таҳдид
Россиядаги Россотрудничество раҳбари Евгений Примаков Қирғизистондаги «Рус уйи» ходими Наталя Секеринанинг ушланишини «провокация» деб атади ва бу ҳаракатлар Қирғизистонга «нохуш» оқибатлар олиб келиши мумкинлигини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, «бундай ҳолатлар учун жавоб бўлади, у самарали ва ёқимсиз бўлади». Секерина Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан урушга ёллашни ташкил қилиш иши бўйича яна уч киши билан бирга ушланган.
Жумладан, Ўш шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ходими Сергей Лапушкин ҳам ушланганлар қаторида. Барча гумонланувчилар 17 июнгача қамоққа олинган. Қирғиз қонунига кўра, бундай жиноят учун 7–12 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган.
Бу Москва ва Бишкек ўртасидаги сўнгги ҳафталарда иккинчи дипломатик зиддият. Аввалроқ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиядан ўз фуқароларининг Москвадаги жамоат ҳаммомида ярим яланғоч ҳолда ушланиши юзасидан расмий изоҳ сўраган эди.
Москвада масжидга ўт қўйганлар ушланди
Москва остонасидаги Егорйевск шаҳридаги масжидга Рамазон ҳайити арафасида ўт қўйганликда гумонланиб, 15, 17 ва 18 ёшли ўсмирлар ушланди.
Терговга кўра, бу ёшлар Россияда террорчи деб тан олинган миллатчи тузилмага аъзо бўлган. Улар неонацистик ғояларни ёқлайдиган «автоном жангари гуруҳ» сафига қўшилган. Йигитларга нисбатан террорчи ташкилотда иштирок этиш моддаси бўйича жиноий иш очилган. Жазо муддати — 10 йилдан 20 йилгача.
Ёнғин фақат масжидни эмас, балки унинг ёнидаги кафе ва автосервисни ҳам қамраб олган. Гумондорлар ҳужум видеоси ва баёнотларини неонацистик гуруҳлар муқаддас сановчи кунда тарқатишган.
«Қозоғистон Россияга қарши урушга тайёрланмаяпти»
Қозоғистон Мудофаа вазирлиги янги «Ҳудудий мудофаа тўғрисида»ги қонун Россияга қарши қаратилган, деган хабарларни расман рад этди. Вазирлик Россияни стратегик ҳамкор деб атади.
Расмий баёнотда айтилишича Россия билан КХШТ, МДҲ, ШҲТ ва ЕОИИ доирасида иттифоқчилик муносабатлари сақланаётгани таъкидланди. Қонунда Россияга қарши қаратилган жиҳатлар йўқ ва бу турдаги даъволар ҳақиқатни акс эттирмайди.
Мудофаа вазирлигига кўра, қонун мамлакат ичидаги барқарорликни таъминлаш ва аҳоли ҳамда инфратузилма объектларини муҳофаза қилишга қаратилган. У фақат ҳарбий ҳолатда ёки фавқулодда вазиятда қўлланади.
Апрелда қабул қилинган қонунга кўра, уруш вақтида фаолият юритадиган ихтиёрий мудофаа тузилмалари ташкил этилади. Улар муҳим иншоотларни қўриқлайди ва зарурат бўлса, Қуролли кучлар таркибига қўшилади.
Қозоғистон Россия билан қуруқликда 7,5 минг км узунликдаги чегарага эга. Ҳудудий бригадалар ташқи таҳдидларга жавоб сифатида эмас, ҳудудларнинг логистик, географик ва демографик хусусиятларига қараб жойлаштирилади.
Мавзуга оид

19:59
Украина 5 минг тонна буғдой ортилган Россия кемасини ҳибсга олди

18:33
МРБ директори ўринбосарининг ўғли Украинада ҳалок бўлган. У Россия томонида туриб жанг қилган

17:55
Хитой АҚШнинг айрим товарларига нисбатан юқори божларни бекор қилмоқда — ОАВ

13:33