Самарқандда пиёдалар йўлакчасидаги ҳодиса оқибатида бир киши вафот этган
Kun.uz аниқлаган маълумотларга кўра, ҳайдовчи жами 8 кишини уриб юборган, яна битта машинага зарар етказган. Вафот этган аёлнинг 3 нафар фарзанди онасиз қолган, бошқа жабрланувчилар оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Фото: Видеодан кадр
Самарқанд шаҳри Рўдакий кўчасидаги пиёдалар йўлагида бир гуруҳ пиёдалар юқори тезликда ҳаракатланган Lacetti томонидан уриб кетилгани билан боғлиқ ҳолат бўйича қўшимча маълумотлар пайдо бўлди.
Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати тайёрлаган лавҳада маълум қилинишича, 11 апрел куни соат 20:00 лар атрофида Самарқанд шаҳари Рўдакий кўчасида Lacetti ҳайдовчиси автомобилни юқори тезликда бошқариб бориб, йўлнинг белгиланган қисмида пиёдаларни ўтказиш учун тўхтаб турган Labo русумли автомобилга ортдан урилгани ва бошқарувни йўқотиб, пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган саккиз нафар фуқарони уриб юборгани айтилади.
Оқибатда пиёдалар тан жароҳати олиб, Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Шифокорлар кўрсатган ёрдамга қарамасдан, пиёдаларнинг бири – 33 ёшли аёл ҳаётдан кўз юмган.
«Бугун ҳайдовчининг масъулиятсизлиги, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслиги натижасида бир эмас, саккиз нафар фуқаро жабр кўрган. Пиёдаларнинг бир нафари бу дунёни эрта тарк этган бўлса, қолганлари турли даражада тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслиги, шаҳар ички кўчасида меъёридан ортиқ тезликда ҳаракатланиши – потенциал қотиллик эмасми?» – дея савол қўйилади вилоят ИИБ томонидан тайёрланган лавҳада.
Ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур модда бўйича айбдор деб топилган шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.
Марҳум аёлнинг уч нафар фарзанди етим қолган, ҳодиса вақтида аёлнинг қўлида бўлган уч ёшли гўдаги ҳам жароҳатланган ва жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Қоидабузарнинг онаси эса «бахтсиз ҳодиса» туфайли жабрланганлардан узр сўраган, ёлғиз боқувчиси бўлган ўғли яқинда Россиядан қайтгани, «шундай иш қиламан деб кўчага чиқмагани»ни айтиб интервю берган ва бошқа ҳайдовчиларни эҳтиёткор бўлишга, пиёдаларга доим йўл бериб ҳаракатланишга чақирган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрда машиналар пиёдалар ўтиш йўлаги олдида тўхтагани, пиёдалар йўлнинг ярмини кесиб ўтганида Lacetti юқори тезликда келиб, уларни уриб юборгани, пиёдалар зарбдан бир неча метрга отилиб кетгани кўринган. Машина камида бир кишини босиб ўтиб, тўсиқдан ошиб ўтган ва қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган.
Мавзуга оид

20:44
Ўзбекистонда йил бошидан буён 170 дан ортиқ киши ЙТҲ содир этгани учун қамалди

11:58
“Эфирда узилиш ва қотиш бўлган” – Самарқанд ва Андижондаги аттестация жараёнлари юзасидан муносабат билдирилди

10:29
Самарқандда Lacetti пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган ўнга яқин кишини уриб кетди

08:35