2024 йилнинг энг очиқ ва энг ёпиқ давлат ташкилотлари маълум қилинди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотларнинг очиқлик индексини эълон қилди. 2024 йил якунлари бўйича индексда энг яхши натижаларни асосан давлат компаниялари ва Солиқ қўмитаси қайд этди. Андижон вилояти ҳокимлиги президент фармонида келтирилган очиқлик талабларни энг кам бажараётган давлат органи деб топилди. Вазирликлар кесимида энг охирги ўринни Ташқи ишлар вазирлиги эгаллади.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2024 йил якунларига кўра давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик индексини тақдим этди.
Бу индекс, президент фармонига асосан, 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида шакллантирилади. 2024 йилги баҳолашда жами 98 та ижро органлари ва компаниялар қамраб олинган.
Баҳолаш натижаларига кўра, очиқлик талабларини бажариш бўйича 50 та давлат органи «яшил» (2023 йилда 31 та), 35 таси «сариқ» (43 та) ва 13 таси «қизил» (29 та) тоифага киритилди.
«Яшил» тоифада баҳоланган давлат идоралари кўлами 2023 йилга нисбатан 21 фоизга кўпайиб, «қизил» тоифадагилар 15 фоизга камайган.
2024 йилги очиқлик индексида энг юқори ўринларда «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ, Солиқ қўмитаси, «Ўзавтосаноат» АЖ, «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ ва «Uzbekistan Airways» АЖ қайд этилган.
Умумий рейтингда энг ёмон кўрсаткичлар Андижон вилояти ҳокимлиги, Кинематография агентлиги, Фармацевтика агентлиги ва Миллий антидопинг агентлигига тегишли.
Вазирликлар кесимида бу индексда энг юқори натижани олий таълим, адлия ва рақамли технологиялар вазирликлари кўрсатган. Ташқи ишлар, инвестициялар ва соғлиқни сақлаш вазирликларининг очиқликка риоя қилиши эса мақтагулик эмас.
Маҳаллий ҳокимиятлар орасида Хоразм, Қашқадарё ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари очиқликка энг кўп яқин бўлган, деб топилди. Андижон (100 дан 28,5 балл), Жиззах (49 балл) ва Сирдарё (49 балл) вилояти ҳокимликлари президент фармонида келтирилган очиқлик индекслари бўйича энг ёмон натижаларни қайд этган.
Давлат банклари орасида энг яхши кўрсаткич Ўзсаноатқурилишбанкда, энг ёмони эса Асакабанкда кузатилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 2024 йилда давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлаш мақсадида хорижий экспертлар иштирокида 11 та ўқув курси ўтказилган. Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти кўмагида қилинган «E-learning» электрон платформасида очиқликни таъминлашга масъул ходимлар тизимли ўқитилмоқда.
Агентлик томонидан «сариқ» тоифадаги давлат органлари ва ташкилотларининг (35 та ташкилот) очиқлигини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиб, уларни амалга оширишга ёрдам берилади.
«Қизил» тоифада баҳоланган ташкилотларга (13 та ташкилот) эса интизомий жазо чорасини қўллаш юзасидан таклиф киритилади, очиқликни таъминлашда йўл қўйилаётган тизимли камчиликлар ўрганилади, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Мавзуга оид

23:15 / 26.04.2025
Камаядиган божсиз лимит, сотиладиган заводлар ва Лавровнинг нолиши — ҳафта дайжести

11:58 / 25.04.2025
“Эфирда узилиш ва қотиш бўлган” – Самарқанд ва Андижондаги аттестация жараёнлари юзасидан муносабат билдирилди

17:40 / 24.04.2025
Андижонда зилзила юз берди

17:44 / 22.04.2025