Жаҳон | 09:43
3356
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин «империалистик қароқчилар»га қарши мўлжалланган кемани сувга туширди

У эсминецнинг сувга туширилишини «илғор ҳарбий денгиз кучларини қуриш йўлидаги бошланғич нуқта» деб атади.

Фото: AP

КХДР етакчиси Ким Чен Ин «қўпол империалистик қароқчилар»га қарши кураш бўйича миссияларни бажарадиган ва КХДР ҳарбий-денгиз кучлари таркибига кирувчи янги кўп мақсадли Чвэ Рён кемасини (эсминец) сувга тушириш маросимида иштирок этди, деб хабар берди Корея марказий ахборот агентлиги.

Маросим Нампо кемасозлик заводида бўлиб ўтди. Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси котиби Чо Чун Рён сўзларига кўра, кема 5 минг тонна сув сиғимига эга ва «энг кучли қуроллар» билан жиҳозланган.

Ҳарбий эсминец Корея халқ армияси денгиз флотининг Шарқий денгиз флоти қўмондони Пак Гван Собга топширилди. Унинг таъкидлашича, «денгиздаги шафқатсиз империалистик қароқчиларнинг ҳукмронлигини бузишга қодир бўлган энг кучли қуролларга эга бўлиш истаги» амалга ошди.

Ким Чен Ин сўзларига кўра, «Корея овози» давлат радиоси иқтибос келтиришича, энг янги эсминецнинг сувга туширилиши тарихий аҳамиятга эга ва КХДР «денгиз суверенитетини изчил ҳимоя қилувчи кучларни яратиш» учун зарур. У эсминецнинг сувга туширилишини «илғор ҳарбий денгиз кучларини қуриш йўлидаги бошланғич нуқта» деб атади.

Мавзуга оид