Жаҳон | 17:10 / 27.04.2025
6203
4 дақиқада ўқилади

Канадада автомобил одамларни босиб кетди. Қурбонлар бор

Шанба куни кечқурун Ванкуверда филиппинликлар диаспораси уюштирган кўча сайли чоғида автомобил одамлар устига юриб кетди. Шаҳар полицияси тўққиз киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Ҳайдовчи қўлга олинган.

Фото: Reuters

Маҳаллий вақт билан кечқурун соат 20:00 атрофида қора рангли йўлтанламас машина бостириб келганида филиппинликлар жамоаси асосий байрамларидан бири — XVI асрда мустамлакачиларга қарши курашган Лапу-Лапу кунини нишонлаётганди.

Ванкувер полицияси ҳодисани террорчилик акти деб ҳисобламаслигини билдирган. «Айни вақтда тўққиз киши ҳалок бўлганини тасдиқлашимиз мумкин», — деб хабар берган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари.

Аввалроқ Канаданинг Global News нашри манбага асосланиб, камида 8 киши ҳалок бўлиб (қурбонлардан бири ёш бола), 6 киши жароҳатланганини хабар қилганди.

Воқеа жойида бўлган Bao Buns фудтраки эгаси Йосеб Варде BBC World Service’даги Weekend дастурига берган изоҳида фестивалдаги сўнгги чиқиш тугагач, автомобил тор кўча бўйлаб катта тезликда ҳаракатлангани ва тўғридан тўғри йиғилганлар устига юрганини айтиб берган.

Унинг сўзларига кўра, машина тахминан 100 км/соат тезликда ҳаракатланган.

Ҳайдовчи машинани тўхтатиб, қочишга уринган, бироқ уни атрофдагилар ушлаб олган.

«Менимча, у максимал даражада зарар етказмоқчи бўлган. Мен фудтраклар остида ётган жасадларни кўрдим, эрлар ўз рафиқалари ёки фарзндларини излаб қичқиришган – бу жуда даҳшатли эди», – дейди Варде ва бир неча мижози ҳалок бўлганини қўшимча қилади.

Байрам дастурида парад, филм намойиши, рақслар ва Black Eyed Peas гуруҳи аъзоси иштирокидаги концерт ўрин олганди. Global News нашри ёзишича, воқеа мусиқачилар чиқишидан сўнг дарҳол содир бўлган.

Байрам муносабати билан Ванкуверга келган журналист Крис Пангилинан CBC телеканалига маълум қилишича, ишчилар бу вақтда аллақачон саҳнани ёпиб, машиналар учун тўсиқни олиб ташлаганди (кўчанинг бир қисми фестивал вақтида пиёдалар учун мўлжалланган ҳудудга айлантирилган). Улар автомобилларга одамларни четлаб ўтиб кетишга ёрдам беришаётганда, бир машина тўсатдан тезликни ошириб, одамларни босиб ўтган.

«Бу ҳарбий ҳаракатлар зонасига ўхшарди», – дея қўшимча қилди у.

Машина ҳайдовчиси – Ванкуверда яшовчи 30 ёшли эркак воқеа жойида қўлга олинган.

Янги демократик партия етакчисии Жагмит Сингҳ (саҳнада ўнгда) ҳам байрамга ташриф буюрганди

Канадада душанба куни парламент сайловлари бўлиб ўтади (муддатидан олдин овоз бериш аллақачон бошланган).  Мазкур ҳодисадан бир неча соат олдин Канаданинг социал-демократик Янги демократик партияси фестивалда ўзининг сайловолди тадбирини ўтказган эди ва унда партия етакчиси Жагмит Сингҳ ҳам қатнашганди.

«Бу шунчалик даҳшатлики, нима дейишни ҳам билмайман. Мен яқинда ўша ерда эдим ва жилмайиб, рақсга тушаётган болаларнинг юзларини кўз олдимга келяпти», – дея сиёсатчининг сўзларини келтиради CTV News.

Канаданинг бошқа сиёсатчилари ҳам Филиппин жамоасига ҳамдардлик билдиришди. Улар орасида бош вазир Марк Карни, Консерватив партия етакчиси Пер Пуалевр, Британия Колумбияси бош вазири Дэвид Эби ва Ванкувер мэри Кен Сим кабилар бор бор.

Мавзуга оид