Ўзбекистон | 22:45 / 28.04.2025
1002
5 дақиқада ўқилади

28 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

БААга бекор бўлмаган визасиз режим, педагогларга 70 фоизлик устама имконияти, Умра саёҳатини ноқонуний реклама қилганлар ҳамда кутилаётган иссиқ ва қуруқ ҳафта — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Дубайга визасиз кириш тақиқлангани йўқ — ТИВ

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов фуқароларнинг БААга визасиз кириши тақиқлангани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди. Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги визасиз режим ўз кучида қолмоқда ва ҳеч қандай чекловлар жорий этилмаган.

«Фуқароларимиздан фақат расмий манбаларга ишонишларини сўраймиз», — дейилган расмий баёнотда. Шунга қарамай, ТИВ вакили сўнгги вақтларда фуқаролар томонидан қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётганини ва бу визасиз тартибга таъсир қилиши мумкинлигини яна бир бор эслатди.

Эслатиб ўтамиз, 20 апрел куни Дубайда Ўзбекистон фуқаролари иштирокида содир бўлган пичоқбозликдан сўнг 15 нафар юртдошимиз қўлга олингани хабар қилинган эди. Шу воқеадан кейин расмийлар юртдошларни хорижда ўзини оқилона тутишга чақирган.

БАА расмийлари томонидан визасиз тартибни бекор қилиш бўйича ҳеч қандай баёнот берилмаган.

Педагогларга 70 фоизлик устама белгиланди

Ўзбекистонда педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизими халқаро аккредитациядан ўтказилди. Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 2025 йил биринчи ярмида ўтказилаётган аттестацияда 86 ва ундан юқори балл олган педагогларга базавий тариф ставкасига 70 фоиз устама тўланади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилишича, устама олиш учун малака синовининг ҳар икки босқичида қатнашиб, олий ёки биринчи малака тоифасига эришиш талаб қилинади. Миллий ёки халқаро сертификатга эга педагоглар малака синовида максимал балл олиш талабисиз устама олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, мажбурий аттестацияга жалб этилмаган педагоглар ҳам хоҳишга кўра навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этиб, устама олишлари мумкин.

Белгиланган устама икки йил амал қилади. Муддат тугагандан кейин устама олиш учун яна аттестация синовларида қатнашиш талаб этилади.

Электр ва газ ҳисоблагични ўрнатиш соддалашди

Ўзбекистонда энергия ресурсларини ҳисобга олиш тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Эндиликда электр ва табиий газ ҳисоблагичларини ўрнатишда Мажбурий ижро бюроси вакили иштирок этмайди.

Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими доирасида ўрнатилган приборлар истеъмолчи ва етказиб берувчи вакиллари иштирокида рўйхатга олинади ва пломбаланади. Бу жараён икки нусхадаги далолатнома билан расмийлаштирилади.

Тегишли буйруқ 17 апрел куни қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинди ва шу санадан кучга кирди. Бу ўзгаришлар энергия ҳисобини шаффофлаштириш ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш мақсадида жорий этилди.

Янги тартиб энергия ресурсларидан фойдаланишни самарали назорат қилиш ва истеъмолчилар учун қулайлик яратишга қаратилган.

Умра реклама қонунчилигини бузганларга жазо

Ўзбекистонда бир қатор туроператорлар ва интернет саҳифа админлари Умра тадбирларига оид рекламаларни лицензиясиз тарқатгани учун жазоланди.

Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, Бухоро, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги «Mirabelle travel», «Ketdik Tour», «Ayattour», «Tavakkalna Travel» компаниялари лицензия ҳужжатисиз реклама жойлаштирган.

Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам бир қатор Telegram-каналлари орқали лицензияга эга бўлмаган Умра саёҳати уюштирувчиларнинг рекламаси берилиб, қонунбузилиши аниқланган. Натижада мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Шунингдек, лицензиясиз реклама тарқатган 12 нафар шахсга нисбатан ички ишлар органларига сўров юборилди. Киберхавфсизлик маркази уларга нисбатан тегишли чора кўради.

Таъкидланишича, қонун бузган туроператорларга молиявий жарималар қўлланган ва иш юзасидан расмий текширувлар олиб борилмоқда.

Умуман олганда, ҳар қандай товарларнинг сертификати, лицензия талаб қилинадиган хизматларнинг эса лицензияси борлигига амин бўлиб сўнгра реклама тарқатиш керак. Акс ҳолда жавобгарлик келиб чиқади.

Ўзбекистонда иссиқ ва қуруқ ҳафта кутилмоқда

Ўзбекистонда бу ҳафта қуроқ ва иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ўзгидромет маълумотларига кўра, мамлакатнинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Душанба куни республика бўйлаб ёзги иссиқлик сақланиб, ҳарорат +35…+38 даражага етади. Чоршанба кунига келиб ҳарорат пасайиб, +25…+30 даражани ташкил этади. Кейин ҳарорат яна кўтарилиб, жума куни +33 даражагача етиши кутилмоқда.

Тошкент шаҳрида ҳам ҳафта давомида ёғингарчилик кузатилмайди. Ҳарорат душанба куни +36…+38 даражага, чоршанба куни эса +26…+28 даражага тушади ва кейин яна кўтарилади.

Мавзуга оид