Жаҳон | 08:05
6541
2 дақиқада ўқилади

Эронда портдаги портлашдан кейин миллий мотам эълон қилинди

Фожиа оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, 36 киши ҳалок бўлган, 1200 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Фото: AFP

Эронда 28 апрел куни Бандар-Аббос портида содир бўлган, сўнгги маълумотларга кўра, 36 киши ҳалок бўлган ва 1200 дан ортиқ киши жароҳатланган портлаш ортидан миллий мотам эълон қилинди. 

Портлашдан сўнг бошланган ёнғин дастлаб назоратга олинди, бироқ у қатор контейнерларда битум ва кимёвий моддалар борлиги сабабли портнинг шарқий қисмига тарқалди. Эрон расмийлари аввалроқ портлаш ҳеч қандай ҳарбий материаллардан келиб чиқмаганини билдирган эди. Фожиа юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маҳаллий нашрларга кўра, портлаш оқибатида бир неча километр радиусдаги биноларнинг деразалари синиб кетган, интернетда тарқалган кадрларда портлашдан кейин осмонда қўзиқорин шаклидаги булут ҳосил бўлганини кўриш мумкин.

Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳўрмузгон вилоятида фавқулодда ҳолат режими эълон қилиб, аҳолидан уйларда қолиш ва деразаларни тамбалаб, ниқоб тақиб юриш сўралган.

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён портлаш бўйича текширув боришини назорат қилиш учун мамлакат ички ишлар вазири ушбу ҳудудга юборилганини маълум қилган. У портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар учун «чуқур ҳамдардлик» изҳор этган.

Россия президенти Владимир Путин Бандар-Аббос портидаги қурбонлар ва кенг кўламли вайронагарчиликлар муносабати билан Эрон раҳбариятига ҳамдардлик билдирди. Ёнғинни ўчиришга ёрдам бериш учун Россия республикага Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг иккита самолёти – Бе-200ЧС амфибия самолёти ва Ил-76 самолётини юборади.

Мавзуга оид