Жаҳон | 23:23 / 28.04.2025
2240
2 дақиқада ўқилади

Олимлар Ерни самолётлар ёрдамида совитиш усулини топди

Бунинг учун 13 км баландликка кўтарила оладиган Boeing 777F юк ташувчи самолётларидан фойдаланса бўлади.

Лондон университет коллежи олимлари сайёрани совитиш учун янги самолётлар яратмасдан, мавжудларидан ҳам фойдаланиш мумкинлигини аниқлади. Гап Қуёш нурини қайтариб, Ердаги ҳароратни пасайтиришга хизмат қиладиган майда зарраларни атмосферага қўшиш усули ҳақида кетмоқда. Тадқиқот натижалари Earth журналида чоп этилди.

Олдинлари бунинг учун аэрозолларни жуда юқорига — экватор ҳудудида қарийб 20 километр баландликка олиб чиқиш керак деб ҳисобланарди. Бу эса махсус самолётларни яратишни талаб этади.

Янги тадқиқот натижалари эса агар зарралар Ер қутбларига яқин ҳудудда, масалан, Норвегия ёки Аляскада 13 километр баландликка сочилса, ҳароратнинг сезиларли даражада совишига эришиш мумкинлигини кўрсатди. Бунинг учун эса оддий Boeing 777F юк ташувчи самолётларидан ҳам фойдаланиш мумкин.

Ушбу усул экватор яқинида нисбатан баландроққа сочилган зарраларчалик самара бермайди. Айнан кутилган натижани олиш учун мазкур моддадан кўпроқ, яъни дастлабки ҳисоб-китоблардан уч баробар кўп фойдаланишга тўғри келади. Бу эса кислотали ёмғирлар каби салбий оқибатларни юзага келтириши ҳам бумкин. Шунингдек, бу каби усул тропик минтақаларни яхши совитмайди — мазкур ҳудудларда ҳароратнинг исиш оқибатлари энг оғир кечади.

Шунга қарамай, олимлар иқлим ўзгаришига қарши курашнинг барча мавжуд имкониятларини ўрганиб чиқмоқда. Мавжуд самолётлардан фойдаланиш, узоқ йиллар янги техника яратилишини кутишдан осон ва арзонга тушар эди.

Тадқиқотда таъкидланишича, ушбу усул барибир иссиқхона газларини чиқаришни қисқартириш заруратининг ўрнини эгалламайди. Глобал исиш муаммосининг ҳақиқий ечими — бу углерод изини камайтиришга эришишдир.

Мавзуга оид