Жаҳон | 10:13 / 29.04.2025
1442
2 дақиқада ўқилади

Канададаги парламент сайловларида либераллар ғалаба қозонди

Канада Либерал партияси сайловда ғалаба қозонган тақдирда ҳам парламентда кўпчиликни ташкил қилиш учун етарли ўринга эга бўлмаслиги мумкин.

Фото: Getty images

Канаданинг ҳукмрон Либерал партияси мамлакат парламент сайловларида ўз позициясини сақлаб қолди, бироқ парламентда кўпчиликни ташкил қила олиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. 28 апрель, душанба куни бўлиб ўтган сайловнинг дастлабки натижалари Канадада овоз беришга бағишланган расмий сайтда маълум қилинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, бош вазир Марк Карни бошчилигидаги либераллар 164 та сайлов округида етакчилик қилмоқда ёки ғалаба қозонган, уларнинг ҳар бири овоз бериш натижаларига кўра мамлакат парламенти қуйи палатаси – Жамоатлар палатасидан жой олади. Канадалик сайловчилар орасида энг оммабоп иккинчи партия 2015 йилдан бери мухолифатда бўлган ўнг-марказий Консерватив партия бўлди. Ушбу хабар эълон қилинган вақтда консерваторлар 146 ўринни қўлга киритган эди.

Жадвалда учинчи ўринда Квебек мустақиллигини ҳимоя қилувчи "Квебек блоки" жойлашган - партия парламентдаги 23 ўринни қўлга кирита олди.

Жамоатлар палатасида 343 та ўрин бор, яъни унда кўпчилик ўринни қўлга киритиш учун камида 172 мандат олиш керак. Шу билан бирга, The Canadian Press ахборот агентлиги аввалроқ "Квебек блоки" либераллардан кўра консерваторлар билан коалицияни афзал кўришини тахмин қилган эди.

Канададаги сайловлардаги интрига, сайлов участкалари охирги бўлиб ёпилган мамлакатнинг энг ғарбий провинцияси - Британия Колумбиясида натижалар эълон қилинмагунча давом этиши мумкин.

Мавзуга оид