Ўзбекистон | 17:32
2114
2 дақиқада ўқилади

Сариосиё аэропорти биринчи техник рейсни қабул қилди

Таъкидланишича, бу аэродромнинг ҳаво кемаларини қабул қилиш ва учиришга тўлиқ тайёрлигини кўрсатди.

Фото: Uzbekistan Airports

Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё маҳаллий аэропортини реконструкция қилиш ишлари якунланди. Аэропорт 29 апрель куни Silk Avia авиакомпаниясининг ATR-72 самолётида амалга оширилган биринчи техник парвозни қабул қилди.

Uzbekistan Airports хабарига кўра, аэродромнинг сунъий сиртқи қисми капитал таъмирланди, иккита ATR-72 самолёти учун тўхташ жойлари мавжуд перрон асфальт-бетон билан мустаҳкамланди.

«Сариосиё аэропорти аэродром мажмуаси учиш-қўниш йўлагининг узоқ муддатли фаолияти (1976 йилдан), шунингдек, зарур даражадаги парвозлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ATR-72 русумли ва қуйи тоифадаги ҳаво кемаларини қабул қилиш ва учириш мақсадида капитал таъмирлашни талаб қилар эди. Бугун аэропортга техник рейс амалга оширилди, бу аэродромнинг ҳаво кемаларини қабул қилиш ва учиришга тўлиқ тайёрлигини кўрсатди», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, 100 йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилиши ҳам ниҳоясига етмоқда. Барча ишлар якунлангач, бир ой ичида Сариосиё аэропортига мунтазам рейслар амалга оширилиши режалаштирилган.

Сариосиё сўнгги йилларда ўз фаолиятини тиклаган бешинчи ҳудудий аэропорт бўлди. Бунгача Мўйноқ, Қўқон, Шаҳрисабз ва Зомин аэропортлари реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Мавзуга оид