Жаҳон | 22:17 / 29.04.2025
1400
3 дақиқада ўқилади

Шпицберген архипелагидаги ер майдони 300 млн еврога сотилиши мумкин

Харидорлар норвегиялик ва халқаро инвесторлар бўлиб, улар ушбу ҳудуддни экологик ўзгаришлардан ҳимоя қилиш ниятида.

Фото: Knight Frank

Шпицберген архипелагидаги ўтган йили сотувга қўйилган ер майдонига харидор чиқди, деб ёзади Bloomberg.

Қайд этилишича, агар Норвегия ҳукумати геосиёсий сабабларга кўра келишувни бекор қилмаса, харидорлар ушбу ер майдони учун сўралаётган 300 миллион еврони тўлашга тайёр.

Шпицберген архипелагидаги майдонга номзодлар — бу норвегиялик ва халқаро инвесторлар бўлиб, улар ушбу ҳудудни узоқ муддат экологик ўзгаришлардан ҳимоя қилмоқчи. Инвесторлар орасида НАТОга аъзо давлат ҳамда Шпицберген тўғрисидаги шартномани имзоладан мамлакат фуқаролари ҳам бор. Шу билан бирга, харидорлар ҳозирча Норвегия ҳукумати билан бу борадаги келишув бўйича диалог олиб бормаган.

Гап Норвегиянинг Лонгйир шаҳридан 65 километр узоқликдаги ер майдони ҳақида кетмоқда — у 2024 йил май ойида сотувга қўйилганди. Бундай қарор иқлим ўзгариши, хусусан, Шпицберген ҳудудида музлар эриётгани сабаб қабул қилинган. Ўшанда бу «Россияга юк ташиш йўналишларини кенгайтириш ва энергия захираларини оширишга хизмат қилиши мумкинлиги» айтилган эди. Шу боис Норвегия ҳукумати сотувлар бўйича ҳар қандай музокаралар ёки келишувлар миллий хавфсизлик манфаатлари сабаб давлат билан олдиндан келишилиши кераклигини маълум қилган.

Шунингдек, ер майдонидан фойдаланиш учун яна бир жиддий чеклов мавжуд — харидорлар 1920 йилда қабул қилинган Шпицберген тўғрисидаги шартнома шартларига риоя қилишлари керак. Ҳужжат Норвегиянинг архипелаг устидан суверенитетини тан олади ва ундан «уруш каби мақсадларда» фойдаланишни тақиқлайди. Шартномани 40 дан ортиқ давлат, жумладан, Хитой, Россия, Буюк Британия ва АҚШ ҳам имзолаган.

Сотувга қўйилган майдон қарийб 6 минг гектарни ташкил этади — бу Манхэттен ҳудуди билан тенг. Агентлик маълумотларга кўра, 100 йил олдин ушбу ерлар Aktieselskabet Kulspids ҳолдингига тегишли бўлган. Компанияга ослолик бадавлат оила томонидан асос солинган. Унинг акциядорлари номи ошкор қилинмаган, аммо уларнинг барчаси норвегияликлар экани маълум.

Шпицберген архипелаги Шимолий Муз океанида жойлашган. Унинг майдони 61 километр квадрат. Архипелагнинг 60 фоизи муз билан қопланган, шимолий қисми Норвегияга тегишли. 2020 йил ҳолатига кўра, у ерда 3 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Мавзуга оид