Ўзбекистон | 11:37
8436
2 дақиқада ўқилади

Фуқароларга ёшга доир пенсияни тайинлаш тартиби енгиллаштириляпти

Пенсия олиш ёшига тўлган (эркаклар 60 ёш, аёллар 55 ёш) фуқароларга ёшга доир пенсияни уларнинг алоҳида мурожаатини талаб этмаган ҳолда тайинлаш тартиби белгиланяпти. Қонун лойиҳаси сенаторлар томонидан маъқулланди.

Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида «Аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Мазкур қонун аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Қонун билан аҳолига пенсия тайинлаш тизимига замонавий ахборот технологияларини фаол татбиқ этган ҳолда, давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга пенсия олиш ёшига тўлган (эркаклар 60 ёш, аёллар 55 ёш) фуқароларга ёшга доир пенсияни уларнинг алоҳида мурожаатини талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартибини белгилашга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мазкур тартиб амалиётга татбиқ этилиши натижасида фуқаролардан пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмасига ёки Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш талаб этилмайди.

Бундан ташқари, пенсия ёшига етган фуқароларга қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида пенсия тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинганида уларнинг телефон рақамларига пенсия тайинланганлиги ва унинг миқдори тўғрисида смс хабар юборилади.

Қонунда шунингдек, фуқаро пенсия ёшига етиб, аммо меҳнат фаолиятини давом эттириб, кейинроқ ёшга доир пенсия олиш истаги бўлганида, проактив шаклда тайинланган ёшга доир пенсияни рад қилиш тартибини ҳам жорий этиш назарда тутиляпти.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига барча нафақаларни тайинлаш ва тўлаш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ваколатига ўтказилгани муносабати билан «Давлат божи тўғрисида»ги ва «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунларга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, белгиланаётган нормалар фуқароларга пенсия таъминоти бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини оширишга ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид