Россия армиясига ёлланган мингдан ортиқ ўзбекистонликлар рўйхати эълон қилинди
Рўйхатдагилардан юздан ортиғи жанг майдонларида омон қолмаган. Хусусан, улардан бири шартнома имзолаганидан саккиз кун ўтиб ҳалок бўлган.

Станислав Красильников / РИА Новости / Спутник / Profimedia
Украина ҳукуматига алоқадор «Хочу жить» («Мен яшашни хоҳлайман») лойиҳаси Россия армияси билан шартнома тузиб, Украинага қарши урушда қатнашган 1100 киши ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди. Муаллифларга кўра, бу рўйхат тўлиқ эмас, агар Россия армияси сафида туриб жанг қилаётган этник ўзбеклар ҳам ҳисобга олинса, уларнинг сони бир неча минг кишига етган бўларди.
- «Мен яшашни хоҳлайман» лойиҳаси – таслим бўлиб, ҳарбий асирликка тушмоқчи бўлганлар мурожаатларини мувофиқлаштирувчи штаб бўлиб, Украина мудофаа вазирлиги ва бош разведка бошқармаси кўмагида иш олиб боради. У асосан, Россия ва Беларус армиясининг ихтиёрий равишда таслим бўлган ҳарбий хизматчилари билан шуғулланади.
«Ўзбекистон КХШТ (ОДКБ)даги аъзолигини тўхтатиб турган бўлишига қарамай, бу ҳукуматга ўз фуқароларининг Россия армияси сафларига ёлланишида кўз юмиб туришига халақит қилмаяпти», – дейди муаллифлар.
1100 кишилик рўйхатга Украинага асирга тушганлар киритилмаган. Улар фақат Россия армияси сафида ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган ёки қатнашган (ҳалок бўлган ёки шартнома муддати якунланган) Ўзбекистон фуқаролари экани айтилган.
Рўйхатда Ўзбекистон фуқароларининг исм-шарифи, туғилган санаси, Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган санаси, ҳарбий хизматдаги шахсий рақами ҳамда вафот этган санаси (109 киши) келтирилган.
Ташкилот 1100 кишига оид маълумотларни қандай йўл билан қўлга киритганини очиқламаган.
Ўзбекистоннинг урушга ёлланган фуқароларининг катта қисмини 25 дан 50 ёшгача бўлганлар ташкил этади.
Маълум қилинишича, рўйхатдагилардан камида 109 нафари вафот этган. Уларнинг ёши 21 дан 62 гача бўлган. Хусусан, улардан бири Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома тузганидан 8 кун ўтиб ҳалок бўлган.
«Россия қуролли кучлари сафига ўзбекларни ёллаш тарихи тожикистонликларникига жуда ўхшайди. Ўзбекистондан келаётган муҳожирлар оқимида сусайиш аломатлари кўринмаяпти. Россия ҳукумати улардан «тўп еми» сифатида фойдаланишдан мамнун. Улар Марказий Осиёдан келган одамларни рейдлар ва депортация таҳдидлари билан шартномага имзо чекишга «рағбатлантиради», – дейилади баёнотда.
Украина тарафи уруш бошланганидан буён Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини чет эл қўшинлари сафига қўшилмасликка чақирган бўлса-да, судларнинг ёлланма аскарларга чиқарган «юмшоқ ҳукмлари» кўплаб саволларни туғдираётганини қайд этган.
«Маҳаллий қонунларга кўра, «урушга ёлланиш» – жиноят ҳисобланиб, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 2023 йилдан бери маҳаллий судлар Россия қуролли кучлари сафида урушга борган Ўзбекистон фуқароларига бир нечта ҳукм чиқарди, лекин уларнинг аксарияти шартли жазо ёки озодликни чеклаш. Гарчи, айбланувчи ўнлаб украинларни ўлдирганига иқрор бўлган бўлса ҳам», – дейилади матнда.
Ташкилот Ўзбекистон ҳукумати фуқароларининг Россия армияси сафига ёлланишини тўхтатишда ёрдам беришига умид қилган. Шунингдек, лойиҳа муаллифлари Россия армияси сафига қўшилиб, фронтга юборилганларни «Хочу жить» лойиҳаси билан боғланиб, асирликка тушишга ва ҳаётини сақлаб қолишга чақирган.
«Хочу жить» эълон қилган рўйхат (Kun.uz ундаги маълумотлар ҳақиқийлигини бошқа манбалар орқали тасдиқламаган):
Мавзуга оид

20:47 / 30.04.2025
Урушларнинг ўзгарган мотиви: ташқи таҳдид эмас, ички сиёсий мақсадлар

18:55 / 30.04.2025
Трамп ва Зеленскийнинг Ватикандаги 15 дақиқалик суҳбати тафсилотлари маълум қилинди

15:15 / 30.04.2025
Украина жанговар тажрибаси бўлмаган ҲШМ ходимларини фронтга юборади

14:41 / 30.04.2025