Жаҳон | 14:48
1902
7 дақиқада ўқилади

Ўрмон ёнғинлари қоплаган Исроил, мақтанган Трамп ва Ҳиндистон ҳужумини кутаётган Покистон – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазода дори-дармон тугаяпти

2 март куни сулҳ бузилиши ортидан Исроил Ғазо секторидаги блокадани кучайтиргани туфайли гуманитар вазият оғирлашмоқда: БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлигида дори-дармонлар деярли тугаган ва фаластинликлар ҳатто оддий тиббий ёрдамни ҳам ололмаяпти.

Агентлик томонидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, Ғазода ҳаётий муҳим дори воситаларининг ярмидан кўпи тугаган ёки бир ойлик захираси қолган. Огоҳлантириш БМТ Халқаро судида Исроилнинг агентлик фаолиятига қўйган чекловлари оқибатларини муҳокама қилиш давом этаётган эшитувлар фонида берилди.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундан олдин инқирозга бир неча бор эътибор қаратганди. Хусусан, 15 апрелдаги баёнотда дори-дармон ва тиббий асбоб-ускуналар тақчиллиги туфайли юрак жарроҳлиги (99 фоиз) деярли тўхтатилгани, она ва бола саломатлиги (51 фоиз), диализ (45 фоиз), ортопедия (87 фоиз) ва офталмология (73 фоиз) соҳаларидаги хизматлар зарар кўргани айтилган.

Трамп иккинчи муддатининг биринчи 100 куни якунларини мақтади

Республикачи Доналд Трамп иккинчи муддатининг дастлабки 100 куни «АҚШ тарихидаги ҳар қандай маъмурият учун энг муваффақиятли кун» бўлди. Бу ҳақда Трампнинг ўзи Мичиган штатида нутқ сўзлаётганда айтиб ўтди.

Ушбу нутқда автомобил саноати мавзуси муҳим ўрин эгаллади. Трампнинг айтишича, унинг солиқ ва божхона сиёсати туфайли АҚШда ушбу сектор гуллаб-яшнаши керак.

Аввалроқ давлат раҳбари автомобил ишлаб чиқарувчилар учун солиқ имтиёзлари тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Доналд Трампга кўра, солиқ имтиёзлари туфайли бутун дунё компаниялари АҚШда ўз заводларини очади. Шундай қилиб, АҚШда ўз маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган компаниялар дастлабки икки йил ичида импорт қилинадиган қисмларга чегирмали нархлардан фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, автомобил ишлаб чиқарувчилар Қўшма Штатларда фақат битта турдаги тарифларни тўлайди: хорижда йиғилган автомобилларга 25 фоизлик бож ёки пўлат, ёки алюминийга 25 фоизлик бож.

Покистон томони Ҳиндистон яқин соатларда зарба беришини айтмоқда

Покистон ахборот вазири Аттауллоҳ Тарар Исломободда – Ҳиндистон яқин 24-36 соат ичида Покистонга ҳарбий зарба беришга тайёрланаётгани ҳақида «ишончли маълумотлар» борлигини айтиб чиқди.

«Бу Покистоннинг Паҳалгамдаги воқеага алоқадорлиги ҳақидаги асоссиз ва сохта айбловлар билан боғлиқ», – дея ёзган вазир.

Тарар Ҳиндистон ўтган ҳафта сайёҳларга ҳужумдан зарба учун «ёлғон баҳона» сифатида фойдаланмоқчи экани ва «Ҳиндистоннинг ҳар қандай ҳарбий авантюризмига ишончли ва қатъий жавоб берилиши»ни таъкидлаган.

Эслатиб ўтиш керак, гарчи аввалги можароларда ҳеч қачон қўлланмаган бўлса-да, икки давлат ҳам ядро қуролига эга.

АҚШ ва Украина табиий ресурслар бўйича келишув имзолади

АҚШ ва Украина табиий ресурслар бўйича келишув имзолади, деб хабар бермоқда АҚШ Молия вазирлиги.

«Президент Трампнинг мустаҳкам тинчликни таъминлаш бўйича тинимсиз саъй-ҳаракатлари туфайли мен Қўшма Штатлар ва Украина ўртасида қўшма инвестиция фондини ташкил этиш бўйича тарихий иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни эълон қилишдан мамнунман», деди АҚШ молия вазири Скотт Бессент.

Украина бош вазири Денис Шмихалнинг айтишича, фонд 50/50 асосида ташкил этилмоқда ва «ҳар икки томон тенг овоз бериш ҳуқуқига эга». Украина «ерости бойликлари, инфратузилма ва табиий ресурслар устидан тўлиқ назоратни» ўзида сақлаб қолади.

Унинг сўзларига кўра, келишув Украина томонидан ҳеч қандай қарз мажбуриятларини назарда тутмайди. Бундан ташқари, келишув Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши учун тўсиқ бўлмайди.

Bloomberg таъкидлаганидек, келишув АҚШга Украинанинг табиий ресурсларини, жумладан алюминий, графит, нефт ва табиий газни ўзлаштириш бўйича янги инвестиция лойиҳаларига имтиёзли кириш имконини беради.

Зеленский Россиянинг Беларусдаги шубҳали ҳаракатлари ҳақида огоҳлантирди

Украина президенти Володимир Зеленский Россия Федерациясининг Беларус ҳудудидаги шубҳали ҳаракатлари ҳақида огоҳлантирди. Варшавада бўлиб ўтган Европа Иттифоқининг бир қанча давлатлари ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашувида Зеленский шундай деди: «Бу ёз – Россия у ерда ҳарбий машғулотлар ниқоби остида нимадир тайёрламоқда».

У қандай ҳаракатлар ҳақида гапираётгани ва Россия қандай тайёргарлик кўриши мумкинлигига аниқлик киритмади ва ҳеч қандай далил келтирмади.

Украинага қарши урушни давом эттираётган Россия Федерацияси ва Беларус ҳукумати жорий йилнинг сентябр ойида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиши ҳақида аввалроқ маълум қилган эди.

Исроилда кучли ўрмон ёнғинлари бошланди

30 апрел куни Қуддус яқинида юзага келган ўрмон ёнғинлари сабаб Исроилда таҳдиднинг энг юқори даражаси эълон қилинди. Мамлакатдаги йўлларнинг бир қисми ёпилди. Улар орасида Тел-Авив ва Қуддусни боғлаб турувчи Шоссе 1 — Исроилнинг асосий автомагистрали ҳам бор. Исроил темирйўллари айрим поездлар қатновини тўхтатган.

Қуддуснинг тоғли ҳудудларидан камида 13 киши шифохонага ётқизилган, жабрланганларнинг асосий қисми куйган ёки ис газидан заҳарланган.

Ёнғинларни ўчиришга 119 та ўт ўчириш бригадаси, 10 та самолёт ва вертолёт жалб этилган. Оловга қарши курашда, шунингдек, полиция, ҳарбийлар ва волонтёрлар ҳам иштирок этмоқда. Исроил ҳукумати камида олтита давлат — Греция, Болгария, Хорватия, Италия ва Кипрдан ёрдам сўраган.

Қуддус ёнғин-қутқарув хизмати раҳбари Шмулик Фридманнинг маълум қилишича, бу Исроил тарихидаги энг йирик ёнғинга айланиши мумкин. Ёнғин нима сабабдан келиб чиққани маълум эмас. Баъзи ОАВлар ёнғинлар қасддан уюштирилган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

АҚШнинг Пенсилвания ва Огаё штатларида кучли довул оқибатида қарийб 500 минг киши электрсиз қолди.

Пенсилвания штатининг Стейт-Коллеж ва Питтсбург шаҳарлари довулдан энг кўп зарар кўрди – қулаган электр устунлари уч кишининг ҳаётига зомин бўлди.

PowerOutage мониторинг хизмати маълумотига кўра, дарахтлар ва устунларнинг қулаши оқибатида Пенсилванияда 450 минг, Огаёда эса 50 мингдан ортиқ аҳоли электрсиз қолган.

Питтсбургдаги миллий метеорологик хизмат шамол тезлиги 145 км/соатга етганини маълум қилди. Расмийлар огоҳлантиришича, ноқулай об-ҳаво Аркансас, Техас ва Луизиана штатларига ҳам ёйилиши, кучли ёмғирлар эса тўсатдан сув тошқинларига сабаб бўлиши мумкин.

Мавзуга оид