Жамият | 18:00 / 01.05.2025
1144
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда имконияти чекланган ўқувчилар учун ижтимоий такси хизмати йўлга қўйилди

Тошкент, Самарқанд ва Андижон шаҳарларида махсус мактаблар ҳамда интернат мактабларда таҳсил олаётган имконияти чекланган болалар учун имтиёзли такси хизмати жорий этилди. Мазкур пилот лойиҳа Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги томонидан Yandex Uzbekistan ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Фото: Yandex Uzbekistan

Лойиҳа доирасида имконияти чекланган ўқувчилар такси орқали ўқув муассасасига хавфсиз ва қулай тарзда қатнашлари мумкин бўлади. Транспорт харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади — ҳар бир бола учун ойига 1,2 баробар миқдоридаги асосий ҳисоб-китоб кўрсаткичгача (450 минг сўм) компенсация ажратилади. Имтиёз шартига қараб, йўл ҳақининг 60 ёки 100 фоизи қопланиши мумкин.

«Биз ҳар бир боланинг жисмоний саломатлиги қандай бўлишидан қатъи назар, таълим ва ижтимоий ҳаётга тенг имкониятларга эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратишни изчил давом эттирмоқдамиз. Ушбу лойиҳа — фақатгина ҳаракатланиш масаласини ҳал этиш эмас. Бу оилаларни қўллаб-қувватлаш, турмуш сифатини ошириш ва ногиронлиги бор болаларнинг таълим жараёни ҳамда жамият ҳаётида тўлиқ иштирок этишини таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирдир», — дейилади Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги ахборотида.

Буюртмалар Yandex Go мобил иловаси орқали амалга оширилади ва улар «Комфорт» тарифида бажарилади. Такси чақиришда махсус имкониятлар мавжуд — масалан, «Мен ногиронлар аравачасида бўламан» ёки «Машинани топишда ёрдам керак» каби. Бундай ҳолатларда ҳайдовчига махсус хабар юборилади ва у ёрдамга тайёр бўлади.

Yandex Go ушбу йўналишдаги буюртмалардан даромад топмайди: давлат томонидан тўланадиган барча маблағлар тўғридан тўғри ҳайдовчиларга берилади, компания бундай хизматлар учун комиссия олмайди.

“Биз технологиялар ёрдамида инсонлар муаммосини ҳал қиладиган ёки янги имконият яратадиган маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқамиз. Шаҳар инфратузилмасини яхшилаш ва уни ҳамма учун очиқ қилишга қўшган ҳиссамиз — биз учун жуда муҳим қадриятдир”, — деди Yandex Uzbekistan раҳбари Иззат Шукуров.

Лойиҳада мустақил ҳаракатланишда қийналадиган болалар — кўриш имконияти чекланган, таянч-ҳаракат тизими касалликлари ёки оғир ақлий нуқсонларга эга болалар иштирок этиши мумкин. Имтиёз тақдим этишнинг батафсил шартлари 2025 йил 28 февралдаги 132-сонли «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун таълим олиш шароитларини яхшилаш тўғрисида»ги қарорда белгиланган.

Сифат назорати ва тезкор фикр алмашишни Миллий агентлик ҳузуридаги «Ахборот технологиялари маркази» давлат муассасаси қошидаги колл-марказ амалга оширади. Дастур иштирокчилари рўйхати «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали шакллантирилади. Унда ўқувчилар ва уларнинг қонуний вакиллари ҳақидаги маълумотлар сақланади.

Ушбу дастур — ҳар бир бола мактабга хавфсиз ва қулай етиб бориши мумкин бўлган, барча учун мос шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилган муҳим қадамдир.

Мавзуга оид