Ўзбекистон | 22:47 / 02.05.2025
3345
6 дақиқада ўқилади

2 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Уйида портловчи қурилма ясаган навоийлик эркак, Тошкентда бошланган «Гуллар фестивали», “Дамас” заводи бўйича катта янгиликни айтган президент — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Уйида портловчи қурилма ясаган шахс

Навоий вилояти Хатирчи туманида интернетдан кўриб, қўлбола усулда учта портловчи қурилма ясаган 44 ёшли эркакка суд ҳукми ўқилди.

Суд ҳужжатларига кўра, январ ойида Хатирчи тумани ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилганида, Бахшижар маҳалласида яшовчи фуқаро ўз уйидаги сандиқда қўлбола усулда ясалган 3 дона портловчи қурилмани сақлаб келаётгани аниқланган.

Айбланувчи ушбу портловчи қурилмаларни ўтган йилнинг март ойларида интернетда кўриш орқали ясаган. Экспертиза топилган қурилмалар «электр чўлғамлик портлатиш қурилмалари» экани тўғрисида хулоса берган. Судда фуқаро мазкур қурилмаларни Олтинсой қишлоғининг дашт ҳудудидаги олтин конини портлатиш мақсадида ясаганини билдирган.

«Уйимда анча йиллардан қолиб кетган порох, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ўғит ва 3 дона электр кабелидан фойдаланиб, уларни скотч ёрдамида бирлаштирган ҳолда портловчи қурилма ясадим. Лекин уни бирор маротаба ҳам ишлатмадим. Чунки шундан кейин бирор маротаба конга бормадим. Тошкент шаҳрига кетиб, қурилишларда ишлаб юрдим. Қурилмаларни эса уйдаги сандиққа солиб қўйдим», деган эркак ўз кўрсатмасида.

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди ҳукмига кўра, ушбу фуқаро Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Тошкентда «Гуллар фестивали»

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан Алишер Навоий кутубхонаси олдидаги майдонда ташкил этилган «Гуллар фестивали» давом этмоқда.

Жорий йил у ерда 2,5 миллиондан ортиқ гул, буталар ва декоратив ландшафтлардан фойдаланилди. Фестивалда гуллар билан безатилган «Мустақиллик монументи», гигант капалак ва 18 метрли самолёт каби кўплаб композициялар меҳмонларни ўзига жалб этмоқда.

Шунингдек, фестивал майдонида махсус равишда жойлаштирилган гул туннеллари, осма гуллар ва инсталляциялар: 10 мингга яқин дарахт ва буталар, ёзги гулли композициялар ва фото-зоналар мавжуд.

Юнусобод тумани, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси майдонида ташкил қилинган Тошкент «Гуллар фестивали» 3 майга қадар давом этади. Кириш бепул.

Тошкент—Урганч авиақатновлари икки карра оширилади

Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда мутасаддиларга Франкфурт, Урумчи, Пекин, Абу-Дабидан тўғридан тўғри рейс қўйиш таклифини киритиш, туристик мавсумда Истанбулдан кунлик қатновни йўлга қўйишни топширди.

Таъкидланишича, маҳаллий рейсларнинг 95 фоизи «Ҳаво йўллари» ва «Силк авиа» авиакомпанияларига тўғри келади. Қолган 14 та рейсни тўртта маҳаллий авиакомпания амалга оширяпти. Сабаби, ички рейслар жозибадор эмаслиги учун хусусий компаниялар асосан хорижга қатнамоқда. Ички бозорда рақобат бўлмагани учун, Тошкент-Урганч йўналишида бир ҳафта олдин чипта қолмайди, нархи қиммат.

«Бу ҳолатда хорижий турист у ёқда турсин, маҳаллий сайёҳлар ҳам бошқа давлатга боришни афзал кўради», — деди президент.

Шу муносабат билан мутасаддиларга хусусий компанияларни жалб қилиб, Тошкентдан Урганчга қатновларни 2 карра ошириш топширилди. Барча резидент компанияларга ички рейсларни субсидиялаш бўйича қарор ишлаб чиқиб, киритиш вазифаси қўйилди.

«Дамас» заводида янги автомобил ишлаб чиқарилади

Президент Хоразм вилоятидаги йиғилиш давомида Тупроққалъа туманида жойлашган «Дамас» заводида 7 ўриндиқли, Евро-5 экологик стандартига мос автомобил ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини маълум қилди.

Бу заводда 100 миллион доллар ҳисобига бозорда катта талабга эга арзон автомобил ишлаб чиқариш бошланади.

Мутасаддиларга жорий йилда ҳамкорлар билан музокарани якунлаб, кейинги йилда йирик узелли йиғиш усулида ишлаб чиқаришни бошлаш, 2027 йилда тўлиқ циклга ўтиб, маҳаллийлаштиришни 50 фоизга олиб чиқиш топширилди.

Айнан қанақа моделдаги автомобил ҳақида гап кетаётгани маълум эмас. Шунингдек, «Дамас» ишлаб чиқариш давом эттириладими-йўқми, бу ҳам савол остида.

ЙПХ ходимларига қаршилик кўрсатган аёллар

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Денов туманида бир гуруҳ фуқаролар ЙПХ ходимларига қаршилик қилиб, жанжал кўтаргани акс этган видео тарқалди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига кўра, ҳайдовчи қарама-қарши йўлакдан ҳаракатланиб келган автомашинага йўл бермасдан ҳаракатлангани учун ходим Lacettiʼни тўхтатган. Инспектор ҳайдовчилик ҳужжатларини сўраганида тақдим этмасдан қариндошлари билан ходимларга қаршилик кўрсатган.

Бош прокуратура ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг «безорилик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Жиноят иши доирасида уч нафар гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган. Ушланганларнинг икки нафари аёл киши.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Автомобил жарима майдонига жойлаштирилган.

Мавзуга оид