Жаҳон | 16:44
9893
6 дақиқада ўқилади

«Дамашққа аниқ сигнал». Исроил Сурия пойтахтига зарба йўллади

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ушбу мамлакатдаги друзларга нисбатан этник тозалашларга йўл қўймаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Фото: Reuters

Исроил қирувчи самолётлари Дамашқдаги президентлик саройи атрофидаги ҳудудлар бўйлаб зарбалар берди. Мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг сўзларига кўра, бу сўнгги кунларда Сурияда динлараро шафқатсиз зўравонликлар қурбони бўлган, диний озчиликни ташкил этувчи друзларни ҳимоя қилиш мақсадида қилинган.

Сурия пойтахтига зарбалар оқибатида қурбонлар ҳақида хабар берилмаган, аммо Нетаняҳунинг сўзларига кўра, зарба Исроил «Дамашқ жанубида кучлар жойлаштирилишига ёки друзлар жамоасига қандайдир таҳдидларга йўл қўймаслиги» ҳақида «Сурия режимига аниқ сигнал» бўлган.

Сурия ҳукумати ҳозирча бу зарба юзасидан муносабат билдирмади.

Аммо чоршанба куни Сурия пойтахти жанубига, қуролланган друзлар ҳамда мамлакат хавфсизлик кучлари ва уларга содиқ жангарилар ўртасидаги тўқнашув вақтида Исроил томонидан йўлланган зарбаларга расмий Дамашқ муносабат билдирганди. Сурия расмийлари бу зарбаларни мамлакат ички ишларига ташқи аралашув деб атаб, бунга тоқат қилмаслигидан огоҳлантирган.

Дамашқдагилар 1 май куни кечқурун Сурия ҳукумати друзлар етакчилари билаан келишувга эришгани ҳақида айтмоқда. Аммо Исроил этник озчиликни ташкил этувчи друзларга нисбатан зўравонлик авж олганидан ташвишда, бир ҳафтанинг ўзида ушбу жамоанинг 100 дан ортиқ вакили ўлдирилган.

Сурия друзлари диний раҳнамоси шайх Ҳикмат ал-Ҳижрий зўравонликни ўз жамоасига қарши «оқлаб бўлмас геноцид кампанияси» сифатида қоралаган ва «тинчликни сақлаш учун халқаро аралашув»га чақирган.

Сурия ҳукумати «тўқнашувлар келтириб чиқаришда айбланган» «жиноий гуруҳлар»га қарши курашиш учун друзлар яшовчи ҳудудларга хавфсизлик кучлари юборилганини маълум қилди.

Мамлакат ташқи ишлар вазири Асад ал-Шайбани «ҳар қандай баҳона ёки шиор билан ташқи аралашувга ҳар қандай даъват фақат келгусида вазият янада ёмонлашишига ва парчаланишга олиб келиши»дан огоҳлантирган.

Аммо Исроил бош вазири феврал ойидаёқ мамлакатнинг янги ҳукумати томонидан «Сурия жанубидаги друзлар жамоасига ҳар қандай таҳдид»га жим қараб турмаслигидан огоҳлантирганди.

Нималар бўлди?

Исроил друзлари оккупация қилинган Жўлан тепаликларидаги Исроил ва Сурия чегарасига суриялик қабиладошларини қўллаб-қувватлаш учун келишди.

Офиси Буюк Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш маркази (SOHR) маълумотларига кўра, шу ҳафта Дамашқнинг жанубий чеккасидаги Ашрафият Саҳная шаҳрида, асосан Жараман шаҳрининг друзлар кўпчиликни ташкил этадиган чеккаларида, шунингдек, жанубдаги асосан друзлар яшовчи Ас-Сувайда вилоятида камида 102 киши ўлдирилган.

Улардан 70 га яқини друзлар, қолганлари друзларнинг қуролли қаршилиги туфайли ҳалок бўлган хавфсизлик хизмати ходимларидир.

Жараманда душанба куни кечқурун ижтимоий тармоқларда пайғамбарни ҳақорат қилган эркакнинг аудиоёзуви тарқалганидан кейин зўравонлик бошланган.

Уни друзлар руҳонийси деб ҳисоблашган, унинг ўзи эса аудиоёзувга алоқадорлигини рад этмоқда.

Сурия ички ишлар вазирлиги ҳам дастлабки тергов ишлари у ва клип ўртасида боғлиқлик топмаганини маълум қилди.

Суриянинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари, муваққат президент Аҳмад ал-Шаръа мамлакатда яшовчи кўп сонли диний ва этник озчиликларни ҳимоя қилишга ваъда берганди.

Аммо друзлар — зулмга учраётган биринчи жамоа эмас.

Аввалроқ ал-Шаръа унинг мақсади — бутун мамлакат бўйлаб ҳали ҳам фаолият юритаётган тарқоқ жиҳодчи гуруҳларни Сурия миллий хавфсизлик кучларига қўшиш экани, бу эса Дамашққа мавжуд зўравонлик ўчоқларини назорат остига олишга ёрдам беришини айтганди.

Янги Суриядаги этник тозалашлар ва Исроилнинг позицияси

Исроил шимолида друзларнинг нисбатан катта жамоаси яшайди. Булар исмоилийларнинг шиа йўналишидаги тармоқларидан бири бўлган друзизм динига эътиқод қилувчи араблардир.

Исроил друзлари ҳар доим Исроил давлатига дўстона муносабатда бўлишган, уларнинг кўпчилиги ҳатто ихтиёрий равишда Исроил армиясига хизмат қилиш учун боришади.

Дунёда жами бир миллионга яқин друзлар мавжуд бўлиб, уларнинг тахминан ярми Сурияда яшайди, бу ерда улар аҳолининг тахминан 3 фоизини ташкил қилади.

Ливанда ҳам друзлар жамоаси мавжуд.

Шу ҳафта суриялик друзлар таъқиб қилинаётгани ҳақида хабарлар кела бошлагач, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу уларни ҳимоя қилишга ваъда берди.

Бу янги Сурияда миллатлараро ва конфессиялараро адоватнинг биринчи аланга олиши эмас.

Жорий йилнинг март ойида Сурия президенти Башар Асад мансуб бўлган алавийлар ҳам оммавий қирғин ва талон-торожга учраганди.

Ўшанда қирғин бир неча ҳафта давом этганди. Мингдан ортиқ алавийлар, баъзан бутун оилалари билан ўлдирилган, минглаб одамлар қўшни Ливанга қочиб кетишганди.

Исроил «Ал-Қоида»нинг собиқ бўлинмаси ҳисобланган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи томонидан тузилган Суриянинг янги ҳукумати ўз хавфсизлигига таҳдид солишини баҳона қилиб, Сувайда ва жанубдаги яна икки вилоятни тўлиқ демилитаризация қилишни талаб этмоқда.

Асад режими ағдарилганидан кейинги даврда Исроил авиацияси ҳарбий объектлар ва қурол-яроғ омборларини йўқ қилиш мақсадида Сурияга юзлаб зарбалар берган.

Мавзуга оид