Жаҳон | 13:05 / 02.05.2025
3560
8 дақиқада ўқилади

Киевга қурол сотишни бошлаган Трамп, Ғазодаги гўдакларнинг аҳволи ва ёнғинлар тўхтамаётган Исроил - кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил блокадаси туфайли Ғазодаги чақалоқлар асосий озиқ-овқатдан маҳрум

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси Ғазо секторидаги фаластинлик гўдакларнинг 92 фоизи Исроилнинг давом этаётган зарбалари, блокадалар ва чегара пунктларининг ёпилиши сабабли асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан маҳрум бўлаётганини маълум қилди.

Бошқарманинг ишғол остидаги Фаластин ҳудудларидаги идораси томонидан берилган ёзма баёнотда айтилишича, чегаралар ёпиқлиги ва инсонпарварлик ёрдами етишмаслиги сабабли апрель ойида оч қолган, касал бўлган ва тўйиб овқатланмаслик сабабли даволанаётган болалар сони март ойига нисбатан 80 фоизга ошган.

Таъкидланишича, 6 ойдан 24 ойгача бўлган болаларнинг 92 фоизи оналари билан бирга асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан ҳам минимал фойдаланиш имкониятига эга эмас.

АҚШ Украина билан битимдан 350 млрд доллардан кўпроқ пул олади

Киев ва Вашингтон ўртасида имзоланган Украина минерал ресурслари бўйича келишув Қўшма Штатларга уч йилдан ортиқ вақт давомида ўзини Россия агрессиясидан ҳимоя қилиб келаётган мамлакатни қўллаб-қувватлаш учун сарфлаган миллиардлаб маблағни қоплашга ёрдам беради. Қўшма Штатлар ушбу ёрдам учун сарфланган 350 миллиард доллардан ҳам кўпроқ маблағ олади. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп NewsNation ахборот тармоғи орқали баёнот берди.

АҚШнинг Украинадаги мавжудлиги минтақада Владимир Путинни тўхтатиб туриши мумкинми деган саволга телефон орқали жавоб берар экан, Трамп шундай таъкидлади: «Бундай бўлиши мумкин эди. Лекин биз 350 миллиард доллар ёки шунга яқин маблағ киритганмиз, Европа эса юз миллиард доллар маблағ берган. Улар пулларни қарзга берган. Давлат раҳбари сифатида ўзимни жуда аҳмоқдек ҳис қилдим, сабаби Европа ўз пулларини қайтариб олади, гарчи у анча кичикроқ бўлса-да, биз эса ҳеч нарса олмаймиз. Шунинг учун мен: «Биз нодир металларни оламиз», дедим. Уларда баъзи материаллар бор. Бугун биз 350 миллиард доллардан кўпроқ пул оладиган битим туздик».

Шу билан бирга, Трамп Украинадаги уруш тугашига эришишни хоҳлашини айтди, сабаби «у ерда ҳар ҳафта ўртача 5000 нафар ёш аскар ҳалок бўляпти». «Россияликлар ва украиналиклар. Бу америкаликлар эмас, лекин гап одамлар ҳақида кетяпти ва бу жуда ачинарли».

Трамп маъмурияти илк бор Киевга қурол сотишни маъқуллади

Минерал ресурслар бўйича келишув доирасида Трамп маъмурияти илк бор Киевга қурол сотишни маъқуллаган.

Гап хусусий компаниялар орқали қиймати 50 миллион доллардан бошланувчи тўғридан тўғри ҳарбий ёрдамларни етказиб бериш ҳақида кетмоқда. DCS доирасидаги Америка компаниялари мудофаа учун мўлжалланган буюмлар ва хизматларни давлат каналлари орқали эмас, балки тижорат асосида хорижий ҳукуматлар ёки ташкилотларга сотади.

«Трамп Украинани бутунлай кесиб ташлаши ҳақидаги барча прогнозларга қарамай», Америка қуроллари сотуви давом этмоқда. «Биз сотиб олмоқчи бўлган (қуролларимизнинг) катта пакетини Америка томонига тақдим этдик», – деганди Зеленский 9 апрел куни. Украина етакчисининг қўшимча қилишича, у қурол сотиб олиш масаласини Доналд Трамп билан муҳокама қилган.

Исроилда йирик ўрмон ёнғинлари давом этмоқда

Исроилда мамлакат Мустақиллик куни муносабати билан режалаштирилган барча тадбирлар йирик ўрмон ёнғинлари туфайли бекор қилинди, деб хабар қилди Исроил ёнғин ва қутқарув хизмати. Қабул қилинган қарор оммавий йиғилишлар хавфсизлигини таъминлашнинг иложи йўқлиги билан боғлиқ.

Исроил бир қатор давлатлардан халқаро ёрдам сўраган. Ўт ўчириш самолётлари ва қутқарувчилар аллақачон Греция, Италия ва Хорватия томонидан юборилган.

Мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу маълум қилишича, Исроил ҳукумати Қуддус яқинидаги ўрмонларга ўт қўйишда гумонланган 18 кишини қўлга олган.

Шу билан бирга, The Times of Israel мамлакат ёнғин-қутқарув хизматига таяниб, кенг кўламли ўрмон ёнғинлари нима сабабдан юзага келгани ҳали аниқ эмаслигини билдирди.

Келлог: Украина Россия билан урушни тугатиш учун АҚШнинг «22 та шарти»га рози бўлди

23 апрель куни Лондонда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Вашингтон ва Киев Россия-Украина урушини тинч йўл билан ҳал қилишнинг 22 та аниқ шарти бўйича келишувга эришди, деди АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлог.

«Биз украиналиклар билан очиқ ва қийин мунозараларда 22 та ўта аниқ шартларни таклиф қилдик ва биз жуда кучли позицияда эканлигимизга ишонамиз», деди Келлог. Унинг таъкидлашича, АҚШнинг барча шартлари Украина томонига маъқул келмади, бироқ «ҳар қандай музокаралар олиб борилганида бу нормал ҳолатдир».

Бошқа нарсалар қаторида, Украина фронтдаги мавжуд вазиятга мувофиқ ҳудудий ён босишга рози бўлди. «Бир томон рози бўлди. Энди бошқа томонни кўндириш керак. Ва менимча, биз бунга яқинмиз», — дея қўшимча қилди Трампнинг махсус вакили. Унинг сўзларига кўра, «энди ҳамма нарса русларга, Путинга боғлиқ».

Майк Уолц ишдан бўшатилди

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц ва унинг ўринбосари Алекс Вонг ишдан олинди.

Миллий Хавфсизлик Кенгашидаги вазиятдан хабардор манбалардан бирининг айтишича, АҚШ президенти Доналд Трамп уларнинг истеъфога чиқарилишини қайта ташкил этиш сифатида тақдим этиш учун «Сигналгейт»дан бери етарлича вақт ўтган деб ҳисобламоқда.

Аввалроқ Трамп маслаҳатчини ишдан бўшатишда иккиланиб юрган ва буни ташқи босимга ён бериш сифатида баҳоланиши мумкин деб ҳисоблаган.

Politico нашри Трамп «бошқа маъмурият амалдорларининг ишончини» йўқотган Уолцни ишдан бўшатишни анчадан бери режалаштирганини ёзди. Нашрга кўра, «унинг ўрнига номзодлар Ғарбий қанотда бир неча ҳафта давомида муҳокама қилинмоқда».

АҚШ давлат котиби Марко Рубио президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси вазифасини вақтинча бажаради. Шу билан бирга, у Давлат департаментига раҳбарлик қилишда давом этади.

Умид билан қайтган миллионлар: сурияликлар ўз уйларига қайтмоқда

БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарининг маълум қилишича, 2024 йил 8 декабрь куни Башар Асад режимининг қулаши ортидан 1,4 миллиондан ортиқ сурияликлар йиллар давомидаги сарсон-саргардонликдан сўнг ўз уйларига қайтди.

Аммо бу қайтишнинг ортида мураккаб вазият турибди. Урушлар вайрон қилган юртни тиклаш, ўрнидан туриб яна яшашни бошлаш – бу осон эмас. Қайтган ҳар бир оила учун бу – оғир синов, сабр ва умид билан йўғрилган курашдир.

БМТ ташкилоти бу борада жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб, суриялик оилаларни қўллаб-қувватлашга чақирмоқда. Улар уй-жой, соғлиқни сақлаш, таълим ва молиявий ёрдам соҳаларида зудлик билан ёрдамга муҳтож.

Мавзуга оид