Ўзбекистон | 10:14 / 02.05.2025
1227
1 дақиқада ўқилади

Наманганда Ўзбекистон-Қатар касбий маҳорат маркази очилади

Доҳа шаҳрида "Прогрессив ислоҳотлар маркази" ва Доҳа фан ва технология университети (UDST) ўртасида англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Дунё

Ўзаро академик ҳамкорлик йўлга қўйилишини назарда тутган мазкур ҳужжатни имзолаш маросими мамлакатнинг Қатардаги элчихонаси кўмагида ташкил қилинди.

Томонлар биргаликда республиканинг аҳоли зич жойлашган шаҳарларидан бири – Наманганда Ўзбекистон – Қатар касбий маҳорат маркази очишни режалаштирган.

Унда ўқув машғулотлари UDST илғор дастурлари ёрдамида инглиз тилида олиб борилади. Битирувчилар Яқин Шарқ, Европа ва Америкада ишлаш имконини берадиган, халқаро миқёсда тан олинган сертификатга эга бўлади.

2022 йил Амир Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний фармойиши билан ташкил этилган Доҳа фан ва технология университети Қатардаги амалий, техник ва касб-ҳунар таълимига ихтисослашган биринчи университет ҳисобланади. Ушбу олий таълим муассасаси 64 мутахассислик бўйича бакалавр ва магистр тайёрлайди. Университет таркибида бизнес, муҳандислик, IT, тиббиёт ва умумий фанларга ихтисослашган 5 та коллеж бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид