Жаҳон | 13:58 / 03.05.2025
1710
8 дақиқада ўқилади

 Ғазода ўлдирилган журналистлар, Дамашққа зарба йўллаган Исроил ва пасайган ОАВ эркинлиги - кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

БМТ: Исроил Ғазода журналистларни атайлаб ўлдирмоқда

Исроил кучлари томонидан Ғазо секторида журналистлар атайлаб ўлдирилмоқда. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлигининг босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги вакили Ажит Сунгай Бутунжаҳон матбуот эркинлиги кунида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Фаластин эксклави ОАВ ходимлари учун дунёдаги энг хавфли жойлардан бири ҳисобланади.

Журналистлар Ғазо сектори, босиб олинган Ғарбий соҳил ва Фаластин ҳудудларидаги воқеаларни ёритишга ҳаракат қилиб, фавқулодда иш олиб бормоқда.

«Фаластин журналистлар иттифоқи маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябрдан бери 210 дан ортиқ фаластинлик мухбир ўлдирилган. Кўп ҳолларда бу қасддан қилинган деб ҳисоблаймиз. Бунга ишора қилувчи аломатлар бор. Улар ўз касбий вазифаларини бажараётганда отиб ташланган», — деди у.

Сунгай Ғазодаги каби қисқа вақт ичида бунчалик кўп журналист ўлдирилганини ҳеч қачон кўрмаганлигини таъкидлади.

АҚШ Россия ва Киев ўртасида «чопиб юрадиган» воситачи бўлмайди

Вашингтон Россия ва Украина ўртасида тинчлик ўрнатиш бўйича ёндашувини ўзгартирмоқда ва музокараларда воситачилик қилиш учун энди «чопиб юрадиган» воситачи бўлмайди. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюс маълум қилди.

Давлат котиби Марко Рубио АҚШнинг ҳамкорлик формати ўзгаришини очиқ айтди, аммо тинчликка эришиш саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш сақланиб қолмоқда, деди Брюс. Шу билан бирга, Вашингтон Россияга қарши жорий санкцияларни бекор қилишни режалаштирмаяпти, деди Давлат департаменти вакили.

Брюс, шунингдек, можаронинг ҳар икки томонига урушни ўзи тугатиши учун реал қадамларни таклиф қилиш ва ишлаб чиқиш вақти келганини таъкидлади.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Марко Рубио Fox News телеканалига берган интервьюсида Москва ва Киевнинг позициялари бир-биридан анча узоқлигича қолаётганини айтган эди. «Путин бутун Украинани эгаллаб ололмайди, Украина эса Россияни 2014 йилгача бўлган позициясига қайтара олмайди», деди Рубио.

Германия учун муқобил” партияси ўнг экстремистик деб тан олинди

Германияда Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идораси «Германия учун муқобил» партиясини федерал даражада ўнг экстремистик деб таснифлади. Идора ўз қарорини «бутун партиянинг инсон қадр-қимматини менсимайдиган экстремистик табиати» билан асослади. Таъкидланишича, идора «интенсив ва ҳар томонлама экспертизадан сўнг» партияга тегишли баҳо берган.

Немис махсус хизматига кўра, «партия эркин демократик тузумга қарши мақсадларни кўзлаётгани ҳақидаги шубҳалар тасдиқланди ва аслида, асосан, ишончга айланди». «Партияда ҳукмрон бўлган миллат ва уруғчиликка асосланган халқ тушунчаси асосий эркин демократик тузумга тўғри келмайди», — дейилади идора баёнотида.

Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идорасига кўра, партиянинг мақсади аҳолининг айрим гуруҳларини жамият ҳаётида тенг иштирок этишдан четлаштиришдир. Хусусан, партия асосан мусулмонлар истиқомат қиладиган мамлакатлардаги немис фуқароларини «этник таърифи бўйича немис халқининг тенг бўлмаган вакиллари» деб ҳисоблайди, дея таъкидлайди махсус хизмат.

Трамп 8 майни Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалаба куни деб эълон қилди

АҚШ президенти 8 майни Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалаба куни деб эълон қилди.

«Кўплаб иттифоқдошларимиз ва дўстларимиз 8 майни Ғалаба куни сифатида нишонлайди, бироқ биз Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозониш учун бошқа мамлакатлардан кўра кўпроқ иш қилдик. Мен 8 майни Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалаба куни, 11 ноябрни эса Биринчи жаҳон урушидаги Ғалаба куни деб ўзгартираман», — деб ёзди Доналд Трамп.

АҚШ президенти, шунингдек, «ғалабаларни нишонлашни» бошлаш вақти келганини қўшимча қилди. «Биз иккала урушда ҳам ғалаба қозондик, куч, жасорат ва ҳарбий маҳоратда ҳеч ким бизга яқинлаша олмади, лекин ҳозир ҳеч нарсани нишонламаяпмиз, чунки бизда буни қандай қилишни биладиган раҳбарлар йўқ!» — деб таъкидлаган Трамп.

ОАВ эркинлиги тарихий паст даражага етди

«Дунё бўйлаб сўз эркинлиги энг паст даражага етди», — дейилади «Чегара билмас мухбирлар» томонидан чоп этилган матбуот эркинлиги йиллик рейтингида. У беш кўрсаткичга асосланади: сиёсий контекст, қонунчилик базаси, оммавий ахборот воситалари учун иқтисодий муҳит, ижтимоий-маданий контекст ва хавфсизлик.

Рейтингга кўра, 180 мамлакат ва ҳудуддан 90 тасида оммавий ахборот воситалари ходимларининг аҳволи «қийин» ёки «жуда жиддий». «Хавфсизлик муҳитининг беқарорлиги ва авторитаризмнинг кучайиши билан бир қаторда, иқтисодий босим ҳам асосий сабабдир», — дейилади ҳисоботда. Рейтинг тузувчилари таъкидлашича, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб таҳририятлар тобора мустақиллик ва иқтисодий омон қолиш истаги ўртасида танлов қилишга мажбур бўлмоқда.

Ташкилот ижрочи директори Аня Остерхаус бутун дунё бўйлаб ОАВнинг молиявий қийинчиликларини «мустақил журналистика - автократлар учун тикон» экани билан тушунтирди. «Агар оммавий ахборот воситалари молиявий қийин аҳволга тушиб қолса, ёлғон маълумотлар, дезинформация ва тарғиботни ким фош қилади? Демак, журналистлар хавфсизлиги учун ҳар кунги курашдан ташқари, журналистиканинг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш керак», — дейди у.

Исроил Дамашққа зарба йўллади. Сурия ҳужумни давлат суверенитетига таҳдид, деб атади

Исроил қирувчи самолётлари Дамашқдаги президентлик саройи атрофидаги ҳудудлар бўйлаб зарбалар берди. Мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг сўзларига кўра, бу сўнгги кунларда Сурияда диний озчиликни ташкил этувчи друзларни ҳимоя қилиш мақсадида қилинган.

Сурия пойтахтига зарбалар оқибатида 4 киши қурбон бўлгани айтилмоқда. Нетаняҳунинг сўзларига кўра, зарба Исроил «Дамашқ жанубида кучлар жойлаштирилишига ёки друзлар жамоасига қандайдир таҳдидларга йўл қўймаслиги» ҳақида «Сурия режимига аниқ сигнал» бўлган.

Сурия Президенти маъмурияти томонидан берилган расмий баёнотда мамлакатга қилинган сўнгги ҳужум хавфли эскалация сифатида баҳоланиб, у Сурия давлати ва унинг суверенитетига қаратилган тажовуз сифатида кескин қораланди.

Баёнотда қайд этилишича, бу ҳужум «масъулиятсиз ҳаракатлар»нинг давоми бўлиб, у минтақадаги хавфсизлик инқирозларини янада чуқурлаштиришга ва беқарорликка олиб келмоқда. Сурия халқаро ҳамжамият ва араб давлатларига мурожаат қилиб, Исроил тажовузи қаршисида мамлакат ёнида туришга, халқаро ҳуқуқ ва халқаро шартномаларга риоя қилишга чақирди.

Баёнотда ушбу ҳужумларнинг асл мақсади – мамлакат ички барқарорлигини издан чиқариш ва халқ иродасини сусайтириш экани таъкидланади. Шунингдек, ҳужумда айбдор шахслар бўйича тергов ҳаракатлари давом этаётгани, хавфсизлик ва адлия органлари бу каби таҳдидларга қарши курашни қатъият билан давом эттириши билдирилган.

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари бугун тунги вақтда ҳам Сурияда кенг кўламли ҳаво ҳужумларини амалга оширган. Ҳужумлар асосан Сурия армиясига тегишли бўлган ҳарбий объектлар, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа (ПВО) базалари, радар тизимлари ва қурол-яроғ омборларига қаратилди.

ОАВларга кўра, ҳозирга қадар Дамашқ, Ҳама, Ҳомс, Латакия, Идлиб ва Дараа вилоятларида 20 дан ортиқ авиазарбалар қайд этилган.

Мавзуга оид