Жаҳон | 19:15 / 03.05.2025
11902
2 дақиқада ўқилади

Украина Қора денгиз устида Россиянинг Су-30 қирувчи самолётини уриб туширди

Ҳужум Magura ҳарбий-денгиз дрони томонидан Р-73 «ҳаво-ҳаво» ракетаси билан амалга оширилди.

2 май куни Россия ҳудудларига ҳаво ҳужуми пайтида Украина қуролли кучлари Новороссийск яқинида Қора денгиз узра Россиянинг Су-30 кўп мақсадли қирувчи самолётини уриб туширди. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (ГРУ) хабар берди.

Ҳужум Magura ҳарбий-денгиз дрони томонидан Р-73 «ҳаво-ҳаво» ракетаси билан амалга оширилган, оқибатда қиймати 50 миллион долларлик самолёт ёниб кетган ва денгизга қулаган.

«Дунёда биринчи марта жанговар самолёт денгиз дрони томонидан йўқ қилинди», деб хабар берди ГРУ.

Самолётнинг уриб туширилишига Россия Мудофаа вазирлиги изоҳ бермади, аммо бир қатор россияпараст каналлар буни тасдиқлади.

Р-73 ракетаси қирувчи самолётлардан учириш учун мўлжалланган совет ишланмаси бўлиб, вақт ўтиши билан қуруқлик ва денгиз ташувчиларидан учиришга мослаштирилди. Россия армиясининг кенг кўламли босқинидан олдин ҳам, Украина корхоналари ушбу ракеталарни таъмирлаш ва модернизация қилишни йўлга қўйган эди. 2023 йил декабрь ойида Россиянинг иккита Ми-8 вертолёти ана шундай тизим ёрдамида уриб туширилди.

Мавзуга оид