Тошкентда синов тариқасида йўллар бўйида пулли автотураргоҳлар ишга туширилди
Тошкентда илк йўлбўйи пулли автотураргоҳлар синов тарзида ишга туширилди. Ҳозирча уларнинг сони 86 та, сиғими 13–14 минг ўринли. Улар махсус белги – тўқ сариқ фонда қора рангдаги катта «P» ҳарфи билан ажратилган.

Фото: holymeer / Instagram
Ижтимоий тармоқларда Тошкентда илк йўлбўйи пулли автотураргоҳлар синов тарзида ишга туширилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Spot хабар қилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати бу ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаган.
Ҳокимликнинг қайд этишича, аввалроқ тахмин қилинганидек, биринчи босқичда йўл бўйи автотураргоҳлари учун 13–14 минг ўринга мўлжалланган 86 та пулли автотураргоҳ ишга туширилган.
Пулли автотураргоҳлардан бири Амир Темур хиёбони атрофида жойлашган бўлиб, махсус белги – тўқ сариқ фонда қора ранг билан катта «P» ҳарфи тасвирланган. Унинг нархи соатига 12 минг сўмни ташкил этади, тўламаганлик учун жарима кўзда тутилган.
Автотураргоҳ учун тўловларни Poytaxt Parking иловаси орқали онлайн ёки Paynet терминаллари орқали нақд пулда амалга ошириш мумкин. Қайд этилишича, App Store ва Google Play дўконларидан бундай илова топилмаган. Мобил иловани ишлаб чиқиш билан пулли «парковка» ташкил этиш ҳуқуқини қўлга киритган Streetpark Systems компанияси шуғулланган.
Йўл бўйидаги дастлабки пулли автотураргоҳларни март ойида синов тариқасида ишга тушириш кўзда тутилганди, июл ойидан эса пулли автотураргоҳларни оммавий равишда жорий этиш кутилаётганди. Пулли автотураргоҳлар тўртта тариф зонасига бўлинган: соатига 5, 8, 10 ва 12 минг сўмлик. Энг юқори тариф Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилиб, 30 минг сўм этиб белгиланган.
Тўловларни назорат қилиш махсус планшетлар ва автомобиллар билан жойларда текширувчи видеокузатув камералари ёрдамида амалга оширилади. Тўлов қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик фақат 2026 йилдан жорий этилиши мумкин.
Барчаси – битта компанияга
Тошкент шаҳрида кўчалар бўйида паркомат билан жиҳозланган пулли автотураргоҳлар ташкил этилиши ҳақида 2018 йилдан буён айтиб келинади.
2023 йил январида пойтахт ҳокимлиги шаҳарнинг 10 та марказий кўчасида пулли автотураргоҳлар ташкил этиш ҳуқуқини тендерсиз Kasy Park МЧЖга топширди. Лекин лойиҳа амалга ошмади. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Kun.uz билан суҳбатда бундай ҳуқуқ «тўғридан тўғри битта ташкилотга берилмасдан, тендер асосида тарқатилиши»ни айтди. «Талабгорлар жуда кўп», деганди у.
2024 йил ноябрда ҳокимлик шаҳарнинг 86 та нуқтасида йўлбўйи автотураргоҳлар ташкил этиш ҳуқуқини аукционга қўйди. 25 ноябр кунги аукцион иккита аризачи иштирокида, 2 соат-у 10 дақиқа давом этди, унда даъвогарлар 22 марта нарх таклифини илгари сурди. Якунда Balcomuz МЧЖ бошланғич нархдан қарийб 2 баробар юқори – йилига 120,15 млрд сўм тўлаш таклифи билан, аукцион ғолиби деб топилди. Захира ғолиби эълон қилинмади.
Кўп ўтмай, Balcomuz билан шартнома тузилмагани ойдинлашди. 17 декабр куни такрорий ўтказилган аукцион рақобат жиҳатдан биринчисига қараганда мутлақо фарқли бўлди: 20 дақиқа давом этган савдо атиги иккита қадамдан иборат бўлди. Натижада бошланғич нархдан роппа-роса 10 фоиз юқори – 62,9 млрд сўм таклиф қилган Streetpark Systems МЧЖ ғолиб деб топилди. Бу нарх, биринчи акционда Balcomuz берган нархдан қарийб 2 баробарга кам эди. Иккинчи аукционда ҳам захира ғолиби эълон қилинмади.
Якуний ғолиб Streetpark Systems биринчи аукционда иштирок этгани ёки йўқлиги маълум эмас. Эътиборлиси, бу компания таъсисчилари қаторида номи юқорида тилга олинган Kasy Park ҳам бор.
Декабр ойида, шунингдек, Тошкентдаги автотураргоҳларининг ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиш бўйича тендер ҳам ўтказилди ва унда ҳам Streetpark Systems ғолиб деб топилди. 8,2 млрд сўм бошланғич нарх билан бошланган, камайиб бориш тартибидаги савдода иккита иштирокчи қатнашди: «Интермобилити» (Россия) 7,15 млрд сўм, Streetpark Systems 6,78 млрд сўм таклиф қилди. Натижада, ахборот тизимини ишлаб чиқиш учун арзонроқ нарх таклиф қилган Streetpark Systems билан ҚҚСни ҳам ҳисобга олиб 7,59 млрд сўмлик шартнома тузилди.