Жамият | 17:15
1536
3 дақиқада ўқилади

“Бунинг гашти бор”: уйида ипак қурти боқаётган оқбўйралик оила

Ипак қурти боқиш осон иш эмас. Ҳар куни саҳарда туриб, даладан тут барги терилади. Улар вақти билан қуртларга бериб борилади. Деярли бир ой давом этадиган оғир ва тинимсиз меҳнатдан кейин пиллалар йиғиб олинади. Бу йил ҳам Нозимжон Эргашевнинг оиласи одатдагидек ипак қурти парвариши билан банд.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Нозимжон Эргашев Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Оқбўйра қишлоғидан. Деҳқон бу йил ҳам ўз уйларини қуртларга бўшатиб берган. Ипак қурти боқиш жамоавий иш, ҳашарга эса сингиллари ёрдамга келган. Деҳқон бу йил пилла сотиб 15 миллион сўм даромад олишни кўзлаяпти.

“Қурт барака дейишади эскилар. Эсимни танибманки қурт боққанмиз. Деярли далада улғайдик. Кўпчилик айтади, нима қиласиз жонни қийнаб қурт боқиб деб. Ипак қурти боқиш гаштини кўпчилик тушунмайди.

Фермер ҳамма шароитни яратиб беряпти. Қурт боққанимиз учун ер беряпти. Ҳар йили ўртача 250 кг пилла топширамиз. Ўтган йили кўпроқ 420 кг топширдик.

Бир ой ўтади-кетади. Лекин пилланинг даромади яхши бўлади. Ҳар йили қурт оламан. Тут новдаси ҳам пул. Тандирга ишлатамиз. Сингилларимга бераман. Ўтиндан ҳам қийналмаймиз-да. Қишдан эсон-омон чиқиб оламиз.

Эрталаб жиянларни олиб далага барг кесишга кетамиз. Қолганлар қурт тагини теради, барг солади.

Қурт боқишда энг завқ оладиган ҳодиса бор. Кириб чироқни ёқиб, қараганингизда шитир-шитир қилиб баргни еяётганда, маза қилиб юборасиз-да қандайдир. Шу учун ҳам ҳар йили тутгим келаверади, хумор бўлиб қолганман. Бўлмаса шароит ҳамма ёғи етарли уйда. Лекин шитирлаганда баргни еяётганда маза қилиб юбораман. Дам олади-да қандайдир миянгиз.

Тез кунлар оралиғида қуртларимиз пилла тўқишга киришади.

Бундан ташқари фермер қурт тутганимга ер беради, буғдой беради, чорва учун 100 та пресс (сомон) беради. Унинг ичида ер берганда силос экаман. Силосни сотганимча сотаман, қолгани уйимдаги чорваларимга.

Нозимжон Эргашев, деҳқон

Қишлоқ ишларини умуман ҳеч нарсага алишмайман. Дала ишлари менга қандайдир завқ беради-да, маза қиламан. Маза-да дала. Дўстларим Россияга бор биз билан дейишади, мен умуман Россияга бормайман ҳам, қизиқмайман ҳам. Керак эмас Россия менга. Мана, мана шу ерда шунча даромадим бор, боғим бор. Узум боғим бор мана ярим гектар.

Мана кенг дала, мана шилдираган сувлар, молларим, ҳамма ёғим бор, шароит. Қаерга кетаман?” – дейди оқбўйралик деҳқон.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Мавзуга оид