Жаҳон | 21:56 / 06.05.2025
2310
3 дақиқада ўқилади

Трамп ҳусийлар «таслим бўлганини» эълон қилди

Оқ уй раҳбари сўзларига кўра, Америка ҳарбийлари ҳусийлар позицияларини бомбардимон қилишни дарҳол тўхтатади.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп Яман ҳусийлари энди жанг қилишни истамаётгани, шунинг учун Қўшма Штатлар уларнинг позицияларига зарба беришни тўхтатишини айтди.

«Ҳусийлар энди жанг қилишни хоҳламаслигини эълон этишди ёки ҳеч бўлмаганда бизга эълон қилишди. Улар шунчаки жанг қилишни хоҳламаяпти. Ва биз буни ҳурмат қиламиз. Ва биз бомбардимон қилишни тўхтатамиз, улар таслим бўлди, лекин муҳими, биз уларнинг сўзларига ишонамиз. Улар энди кемаларни портлатиб юбормаслигини айтди. Ва бу бизнинг ҳаракатларимиздаги асосий мақсад эди», деди Трамп.

АҚШ президентининг қўшимча қилишича, Америка ҳарбийлари ҳусийлар позицияларини бомбардимон қилишни дарҳол тўхтатади.

Ҳусийлар – яманлик шиа жангари ҳаракати бўлиб, расман «Ансоруллоҳ» номи билан танилган. Улар Яман ҳукуматига қарши, шунингдек, Саудия Арабистони ва унинг иттифоқчиларига фаол қуролли қаршилик кўрсатади, Исроилни асосий душмани деб ҳисоблайди.

Ҳаракат 1990-йилларда Ҳусайн Ал-Ҳусий таъсирида пайдо бўлган ва унинг номи билан аталган. Ҳусийлар 2014 йилдан бери мамлакат пойтахти Санони ҳамда мамлакат шимоли-ғарбини назорат қилади, аммо халқаро даражада тан олинмаган. Улар Эрон томонидан қўллаб-қувватланади ва бу уларни Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кенгроқ минтақавий қарама-қаршиликнинг бир қисмига айлантиради.

Шу йил март ойида Доналд Трамп, Яман ҳусийларининг ҳар қандай кейинги ҳужуми кескин жавоб зарбаларига олиб келишини ва «бу билан чекланиб қолинишига кафолат йўқлигини» айтди. Унинг сўзларига кўра, яманлик жангарилар билан яқин алоқада бўлган Эрон ҳусийларнинг хатти-ҳаракатлари учун жавобгар бўлади.

«Бундан буён ҳусийлар томонидан отилган ҳар бир ўқ Эрон қуроллари ва раҳбарияти томонидан отилган ўқ деб ҳисобланади ва Эрон жавобгарликка тортилади ва оқибатларга тортилади ва бу оқибатлар даҳшатли бўлади!», деб ёзди Доналд Трамп Truth ижтимоий тармоғида.

Америка президентининг таъкидлашича, Эрон «ҳусийларнинг ҳар бир қадамини назорат қиляпти, қурол-яроғ, молия, юқори технологияли ҳарбий жиҳозлар ва ҳатто разведка маълумотлари билан таъминламоқда».

Мавзуга оид