“Геосиёсий муаммоларни деб ўзбек меваларини истаганимизча ололмаяпмиз” – Ҳиндистон элчиси қароргоҳидан эксклюзив суҳбат
Ҳиндистон минтақадаги геосиёсий муаммоларни деб ўзбек товарлари, хусусан мева ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тўлиқ миқдорда ололмаяпти. Бундан ташқари, ўтган йили Чобаҳор портидан фойдаланиш бўйича делегациялар учрашуви ҳам керакли натижани бермаган. Кашмирдаги воқеани эса Ҳиндистон террорчилик ҳужуми деб ҳисоблайди, Doc-1 Max иши бўйича муҳокамалар тугамаган. Бу ҳақида Ҳиндистон элчиси Kun.uzʼга берган интервюсида тўхталиб ўтди.

Смита Пант 2024 йил май ойидан бери Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида ишлаб келмоқда. Бундан олдин БАА ҳамда Буюк Британияда дипломатик фаолият билан шуғилланган элчи Ўзбекистонда дипломат бўлиб ишлаётганидан мамнун. Смита Пант Тошкентдаги қароргоҳида оиласи, болалари ҳамда уй ҳайвонлари билан бирга яшайди. Ҳам дипломат, ҳам она бўлиш қийин, дейди у.
Элчи Kun.uz билан суҳбатда Покистон билан Кашмирдаги можаро, Ўзбекистон билан алоқалар, савдодаги муаммо ҳамда режалар, Марказий Осиёга қараш, Афғонистон бўйича позициялар, хорижий инвестициялар ҳақида гаплашди. Ҳиндистон ҳам, Ўзбекистон ҳам ўз минтақаларида энг катта жамиятлар. Ҳиндистон Ўзбекистондаги иккинчи маъмуриятнинг чегараларни очгани, хорижий инвестицияларни жалб қилганини ижобий баҳолайди. Икки томонлама алоқаларимизда лимитлар йўқ, дейди элчи Смита Пант.
“Икки томонлама муносабатлар ҳақида гап кетганда, қандайдир лимит йўқ. Иккала давлат ҳам глобал жанубдаги ривожланаётган мамлакатлар, биз интилишларимизни баҳам кўрамиз, биз демографик дивидендларга эгамиз, шунинг учун икки лидер бош вазир Моди ва президентлар ҳамкорликнинг муайян йўналишларини аниқлади, биз соғлиқни сақлаш, сунъий интеллект ҳақида кўпроқ гапиришдан манфаатдормиз. Маданий мерос одамларни одамлар билан боғлайди, туризм, ахборот технологиялари, ёшлар алмашинуви шунинг учун такрор айтаманки, ҳеч қандай чегара йўқ. Минтақавий ўзгаришлар фонида яна бир йўналиш муҳокамасини қўшишга ижозат беринг, терроризмга қарши кураш ҳар икки томон ўртасида муҳим бўлиб қолаверадиган йўналиш дея оламан” – Смита Пант, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси
Элчига кўра, Ҳиндистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё муҳим рол ўйнайди. Лекин Ҳиндистон бу алоқаларга учинчи томондан келиб чиқиб ёндашмайди.
“Биз ҳар доим сизнинг ташқи сиёсатингизни қўллаб-қувватлаб келганмиз ва бу миллий манфаатларингиз йўлида қилинганини яхши биламиз ҳам. Стратегик устуворликларни, бундай ҳамкорликларни қўллаб-қувватлаймиз. Ҳиндистон билан эса глобал ҳамкорлик асрларга бориб тақалади, ўз-ўзидан биз икки томонлама алоқаларимизни учинчи давлатни инобатга олган ҳолда қурмаймиз. Яъни учинчи томон ёки давлат ёки минтақа ўйланиб, шунинг учунгина мустаҳкам муносабатларга эга бўлиш кўзланмаган” - Смита Пант, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси
Ҳиндистон Ўзбекистоннинг асосан нейтрал позицияларини тўғри тушунади.
“Бу миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, давлат манфаатларини илгари суриш ва кўп векторли ташқи сиёсат эканини биз яхши тушунамиз. Минтақадаги барқарорликни сақлаш учун ҳам менимча барча йирик, гигант давлатлар билан яхши муносабатлар ушлаб турилибди. Давлатингиз ўз сиёсий қизиқишларини ҳимоя қилмоқда, Ўзбекистон ҳукумати буни яхши уддалаяпти” - Смита Пант, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси
Ҳиндистон қанча хоҳламасин, геосиёсий сабаблар туфайли Ўзбекистондан хоҳлаганча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилолмаяпти. Элчи Смита Пантга кўра, бунга биринчи навбатда логистика муаммолари тўсқинлик қилмайди, ҳамма гап геосиёсатда.
“Геосиёсий муаммолар сабаб савдо алоқаларимиз зарар кўрди деган бўлардим. Ўзбек маҳсулотларини сотиб олишга кўпроқ имконимиз бўлишини истардик. Давлатларимиз Чобаҳор портига чиқиш масаласини кўриб чиққан, масалан ўтган йили Бомбей шаҳрида ишчи учрашуви шуни муҳокама қилган. Сиз икки марта қулфлангансиз, буни биз яхши тушунамиз, мен бошида айтганимдек Ҳиндистон бу улкан, катта бозор. Лекин ўзбек маҳсулотлари бизни топиб бормаяпти, чунки икки давлат бир-бирини боғлолмаяпти. Ҳукуматлар буни билади, хабари бор, лекин геосиёсий муҳитни рад этиб бўлмайди, шу сабаб кўпроқ маҳсулотлар ололмаймиз” - Смита Пант, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси
Айнан шундай муаммолар сабаб Чобаҳор портидан актив фойдаланиш масаласи бўйича муҳокамалар ҳам кутилган натижани бермаган.
“Биз Чобаҳор портидан фойдаланиш борасида муҳокамалашдик, ишладик, лекин ўзгариш бўлмади, биз хоҳлагандек олдинга қадам ташлолмадик. биз Ўзбекистондан Чобаҳор бўйича ишловчи делегацияни ҳам чақирдик. Биласизми, Буюк ипак йўли даврида геосиёсат бундай халақит қилмаган, одамлараро савдо ҳамда ғоялар алмашинуви бўлган. Ҳиндистон Ўзбекистоннинг миллий ҳамкори сифатида олдингидек савдо алоқалари бўлишига умид қилиб қоламиз” - Смита Пант, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси
Суҳбат давомида элчи 22 апрелдан аланга олган Кашмирдаги можаро, бу борада Ҳиндистоннинг позицияси хусусида ҳам гапирди. Бу террор ҳужуми, одамлар диний эътиқоди учун ўлдирилди, дейди Смита Пант.
“Айтганингиздек, 22 апрел куни 26 киши ҳаётдан кўз юмди. Иккита жуда ҳам шафқатсиз террорчилик ҳодисаси юз берди, шу нарса фактки, бу одамлар ўз оила аъзолари, қизлари, ўғиллари, қариндошлари ва дўстлари ёнида ваҳшийларча ўлдирилди. Бу узоқ вақт бизнинг хотирамизда сақланиб қолади, худдики Мумбайдаги ваҳший террористик акт сингари. Ҳозир мен нимани айта оламан, биласизми? Бу одамлар энди халқаро ҳамжамиятдан адолат истаяпти. Дўст Ўзбекистон ҳукумати эса терроризмнинг барча кўринишларига нафрат кўзи билан қарашини яхши тушунамиз” - Смита Пант, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси
Ҳиндистон элчисига кўра, йўқотилган жонлар учун одамлар дунё ва Ҳиндистон ҳукуматидан адолат истайди.
Интервюни Kun.uzʼнинг YouTube саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин бўлади.
Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.
Мавзуга оид

22:00 / 07.05.2025
Зарбалар алмашувидан кейин Покистон ва Ҳиндистонда нималар бўлмоқда — фотолар

20:58 / 07.05.2025
Ўзбекистон Ҳиндистон ва Покистонни вазминликка чақирди

18:26 / 07.05.2025
Ҳиндистон Покистонга сув етказиб беришни тўхтатди

17:27 / 07.05.2025