Жаҳон | 10:59 / 07.05.2025
18528
8 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Покистон бўйлаб зарбалар сериясини амалга оширди. Асосий маълумотлар

Покистон ҳукумати Ҳиндистон зарбалари оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлгани, жавоб зарбалари йўллагани, ҳиндларнинг бешта самолёти уриб туширилганини хабар қилган. Ҳиндистон ҳудудида ҳам қурбонлар бор.

Фото: AFP

Ҳиндистон Покистонга ва Кашмирнинг покистонликлар томонидан назорат қилинадиган қисмига зарбалар йўллади. Бу расмий Деҳли Исломободни Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмида сайёҳларга ҳужум қилган жангариларни қўллаб-қувватлашда айблаганидан икки ҳафта ўтиб рўй берди. Ўшанда 26 киши ҳалок бўлганди. Покистон ҳукумати бундай айбловни рад этган.

«Ҳиндистон қуролли кучлари „Синдур“ амалиётини бошлаб, Покистонга ҳамда Покистон оккупация қилган Жамму ва Кашмирдаги террорчилик инфратузилмасига зарбалар берди, у ердан Ҳиндистонга қарши террорчилик ҳужумлари режалаштирилган ва йўналтирилган», – дейилади Ҳиндистон армияси баёнотида.

Ҳиндистон расмийлари амалиёт доирасида тўққизта объект аниқ нишонга олинганини эълон қилган, Покистон расмийлари буни рад этмоқда.

«Бизнинг ҳаракатларимиз мақсадли, вазмин ва эскалация келтириб чиқарувчи характерда эмасди. Покистоннинг бирорта ҳарбий объектига ҳужум қилинмаган. Ҳиндистон нишонларни ва уларга зарба бериш усулларини танлашда жиддий вазминлик намойиш этди», – дейилади баёнотда.

Reuters агентлиги Ҳиндистон ҳарбий доираларидаги аноним манбага асосланиб ракета зарбалари жангари гуруҳлар базаларига йўлланганини хабар қилган.

Покистон армияси эса зарбалар террорчиларга эмас, балки тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга берилганини маълум қилди. Ҳарбийлар маълумотига кўра, Ҳиндистон самолётлари ўз ҳаво ҳудудидан туриб ракета учирган.

Сўнгги хабарларга кўра, Ҳиндистон зарбалари оқибатида Покистонда 26 киши ҳалок бўлган, 46 киши яраланган, икки киши бедарак йўқолган. Аввалроқ Покистон армияси матбуот котиби Аҳмад Шариф BBC учун изоҳида қурбонлар орасида икки бола борлигини айтганди.

Шарифнинг айтишича, ракеталардан бири масжид ҳудудига келиб тушган.

Покистон хавфсизлик кучлари зарбага учраган Музаффаробод шаҳри ҳудудини ўраб олган

Покистон бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шариф ўз баёнотида Ҳиндистонга жавоб қайтарилишини ваъда қилди.

«Маккор душман Покистондаги бешта жойга қабиҳона зарба берди. Покистон тегишли жавоб беришга тўла ҳақли ва бу тегишли жавоб аллақачон берилмоқда», - деди бош вазир.

Кейинроқ, чоршанбага ўтар кечаси Покистон армияси матбуот хизмати аниқлик киритиб, Ҳиндистон олтита нуқтага турли қуроллар билан жами 24 та алоҳида зарба берганини маълум қилди.

Покистон ҳарбийлари вакили Исломобод «ўзига қулай вақтда ва қулай жойда жавоб бериши»ни билдирди.

«Ҳарбий ҳаво кучларимизнинг барча қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилди. Бу Ҳиндистон ҳаво ҳудудидан амалга оширилган шармандали ва қўрқоқона ҳужумдир», – деди у.

Ҳиндистон томони хабар беришича, Покистон армияси Кашмирдаги ажратиш чизиғида артиллериядан ўт очган.

Кейинроқ, чоршанбага ўтар кечаси Покистон армияси матбуот котиби Покистон Ҳиндистоннинг бешта жанговар самолётини, жумладан, французлар ишлаб чиқарган Rafale русумли қирувчи ҳамда советларга мансуб Су-30МКИ ва МиГ-29 самолётларини уриб туширганини айтди. Ҳиндистон томони ҳозирча бу маълумотни тасдиқламаган ва рад этмаган.

Бундан ташқари, Покистон армияси Ҳиндистон бригадаларидан бирининг штаб-квартирасини йўқ қилганини даъво қилмоқда.

Покистон БМТ Хавфсизлик кенгашига «Ҳиндистоннинг очиқ тажовузи»га жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини маълум қилди.

Ҳиндистон армияси матбуот хизмати чоршанба куни эрталаб BBC’га берган изоҳида Покистоннинг артиллерия зарбалари оқибатида Кашмирнинг Ҳиндистон томонидан назорат қилинадиган қисмида уч киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар яраланганини маълум қилди.

Ҳиндистон ҳукумати назорат чизиғи бўйлаб жойлашган ҳудудлардаги барча таълим муассасаларини ёпди. Покистон ҳам пойтахт Исломобод (назорат чизиғига яқин жойлашган) ва бошқа чегара ҳудудларидаги мактабларни ёпган.

Ҳиндистон нашрларида ёзилишича, чоршанба куни эрталаб Ҳиндистон мудофаа вазири Ражнат Сингҳ қуруқликдаги кучлар, авиация ва флот қўмондонлари билан Покистонга берилган зарбаларни муҳокама қилган.

Икки давлат чегарасида сўнгги кунлар давомида кичик отишмалар бўлиб ўтаётганди. Экспертлар Ҳиндистон 2019 ва 2016 йилларда бўлгани каби жангарилар ҳужумларига жавобан Покистон ҳудудига авиазарбалар йўллашини тахмин қилаётганди.

Хитой «афсус билдирди», АҚШ кузатмоқда, Эрон воситачилик қилмоқда

Чоршанба куни Эрон ташқи ишлар вазири Саид Аббос Арақчи воситачилик миссияси билан Деҳлига учиб келиши кутилмоқда. У президент Друпади Мурму ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар билан учрашишни режалаштирган.

Эрон Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги можаронинг янги босқичини ҳал қилишда воситачилик қилишга рози бўлган.

Шу ҳафта бошида Арақчи Исломободга ташриф буюриб, у ерда Покистон армияси қўмондони генерал Саид Асим Мунир ва бош вазир Шаҳбоз Шариф билан суҳбатлашганди. Шу билан бирга, Теҳрон баёнотида томонлар фақат Покистон ва Эрон муносабатларини муҳокама қилишгани айтилган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби расмий Пекин Ҳиндистоннинг Покистонга зарба бериш қарорини афсусланарли деб ҳисоблашини айтди.

У Хитой юзага келаётган вазиятдан «хавотирда» эканини таъкидлаб, ҳар икки томонни вазминликка чақирган.

Хитой ўнлаб йиллар давомида Покистон билан иттифоқчилик муносабатларини сақлаб келади.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Х тармоғида вазиятни диққат билан кузатиб бораётгани ҳақида ёзди.

Ҳиндистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълум қилишича, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Ажит Довал Рубио билан суҳбатлашган ва унга Ҳиндистон томонидан амалга оширилган ҳаракатлар ҳақида маълумот берган.

Президент Доналд Трамп журналистларнинг Ҳиндистон-Покистон можаросининг янги босқичи ҳақидаги саволига жавобан шундай деди: «Мен фақат буларнинг барчаси жуда тез тугашига умид қиламан».

Кашмирдаги Музаффарободнинг (Покистон назорати остидаги ҳудудда) кўриниши, бу ҳудудда авиазарбалардан кейин электр таъминоти узилган

«Улкан авантюра»
Анбарасан Этираджан

Жанубий Осиё бўйича муҳаррир, BBC жаҳон хизмати

Бу ядро қуролига эга бўлган икки давлат ўртасидаги қарама-қаршиликнинг кескинлашувидир.

Ҳиндистон ҳарбий ҳаракатларни бошлаши кутилган эди, аммо Покистон ҳудудига ракета зарбаларининг интенсивлиги кўпчиликни ҳайратда қолдирди.

Ҳиндистон ўзи бомбардимон қилаётган жойлар жангарилар билан боғлиқ экани ва Покистон армияси объектларига зарба берилмаганини маълум қилди.

Покистон жавоб зарбаси йўллашга ваъда берди ва Деҳлининг жавоб реакцияси унинг характери ва мақсадларига боғлиқ бўлади.

Иккала давлат ҳам эскалацияни чегарада ушлаб туришга ишонади, аммо кескинлик юқори ва ҳар қандай ҳарбий можаронинг боришини олдиндан айтиш қийин.

Ўтмишда АҚШ ва бошқа давлатлар эскалацияни тўхтатиш учун аралашган.

Доналд Трамп маъмурияти бошқа глобал масалалар билан банд бўлган ҳозирги ҳолатда Вашингтон уларни тийиб туриш чораларини қанчалик тез кўриши номаълум.

Ҳар икки давлатнинг сиёсий етакчилари қатъий ҳаракат қилганликларини кўрсатишни ва ғалаба қозонганликларини эълон қилишни истайди.

Улар улкан авантюрага қўл уришди.

Мавзуга оид