Жаҳон | 20:35 / 07.05.2025
4914
3 дақиқада ўқилади

Москвага келаётган Сербия президенти дронлар туфайли Бокуга қўнишга мажбур бўлди

Сербия президенти Александр Вучич Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этиш учун йўл олди. Аммо унинг маршрути кутилганидек кечмади: давлат раҳбари самолёти аввалига Белграддан Бокуга учди, у ерда маълум вақт ушланиб қолди, шундан кейингина Россия пойтахтига учиб кетди.

Фото: Getty Images

ADS-B Exchange хизмати маълумотларига кўра, YUSRB белгисига эга Embraer Белграддан Гринвич бўйича эрталаб соат 8:31 да парвоз қилган ва соат 11:36 да Боку аэропортига қўнган.

Сербиядаги нашрлар, жумладан, Tanjug агентлиги Бокуда тўхташни «мажбурий қўниш» деб атаган. Маълумотларга кўра, самолёт «ҳарбий ҳаракатлар» туфайли парвозни давом эттиришга рухсат ололмаган — сўнгги кунларда Москва аэропортлари дронлар ҳужуми туфайли узилишлар билан ишламоқда.

Худди шу вақтда, ТАССнинг исми ошкор этилмаган манбаси Бокуга қўниш олдиндан режада бўлганини айтган. «Бу самолётга ёнилғи қуйиш учун керак эди», - дея суҳбатдошининг сўзларини келтиради давлат агентлиги.

Нима бўлганда ҳам, Сербия президентининг борти Бокуда бир соатдан сал кўпроқ вақт давомида қолиб кетган ва фақат соат 12:43 да Москвага парвозни давом эттирган.

Орадан уч соатча вақт ўтиб Вучич ўтирган самолёт Москвага қўнган, унинг Москвага етиб келгани акс этган кадрлар «Россия-24» телеканалида намойиш этилган.

Одатда AirSerbia авиакомпаниясининг Белграддан Москвага учувчи рейслари Венгрия, Словакия, Полша, Литва ва Латвия устидан ўтади. Аммо Вучичнинг сафари олдидан Литва ва Латвия серблар президенти самолёти ўз ҳаво кенглигидан фойдаланишига рухсат бермади, шу туфайли у ностандарт маршрут танлашига тўғри келди.

Вучич — Европанинг 9 май муносабати билан Москвага келаётган кам сонли давлат раҳбарларидан бири.

Сербия 2012 йилдан буён Евроиттифоқ аъзолигига номзод мақомига эга ва блокдагилар Вучичнинг Россияга ташрифи мамлакатнинг иттифоққа қўшилиш имкониятини ёпиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Бироқ, BBC Сербия хизмати таъкидлашича, Белградга нисбатан бундай таҳдидлар Брюсселдан биринчи марта янграётгани йўқ ва ҳозирча ҳеч қандай сезиларли оқибатларга олиб келмади.

3 май, шанба куни Вучич саломатлиги туфайли АҚШга ташрифини тўсатдан тўхтатганди. Кардиолог Драган Динчич ўша куни кечқурун Сербия президентидан яқин кунларда мунтазам фаолиятни қайта тиклашни кутиш тўғри бўлмаслигини айтди.

Бироқ Вучич Москвага сафарини бекор қилмади.

Мавзуга оид