«Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар» дастури эълон қилинди

Фото: Президент матбуот хизмати
Ногиронликни белгилашда ВКК – врачлик-маслаҳат комиссиялари деган коррупцион тизимдан тўлиқ воз кечилади. Эндиликда ногиронлик оилавий шифокор расмийлаштирган ҳужжат асосида тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси томонидан белгиланади.
Мутасаддиларга бу тизимни 1 июндан Тошкент шаҳри ва Навоийда, 1 сентябргача қолган ҳудудларда тўлиқ жорий қилиш топширилди.
Шу билан бирга, касалликларни барвақт аниқлаш ва асоратларини камайтириш бўйича ҳам янги маҳаллабай тизим бўлади.
Масалан, Иштихондаги поликлиникага ва маҳаллаларга вилоятдаги кардиология, эндокринология ва она-бола марказлари, марказий шифохона врачлари бириктирилади. Улар маҳаллаларда юриб, аҳолини тўлиқ диагностикадан ўтказади, бириктирилган оилавий шифокорларга касалликларни эрта аниқлаш ва даволашни жойида ўргатади, даволаш ва диагностика бўйича янгича ёндашувларни поликлиникада жорий қилади.
Самарқанд тиббиёт университети профессор-ўқитувчилари, магистратура битирувчилари илмий ишларини шу ерга келиб ёзади.
Йил якунида натижа бўлса, маҳаллага бириктирилган ушбу мутахассислар ойлигининг 2 карра миқдорида мукофотланади.
Президент айтилган янги тизимни жорий йилда Иштихон билан бирга Самарқанд шаҳри, Булунғур тумани ва қолган вилоятларнинг 1 тадан туманида, кейинги йилдан тўлиқ Самарқанд вилоятида, 2027 йилдан эса босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий қилишга топшириқ берди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига йил охиригача тиббиёт олийгоҳлари билан 15 та тумандаги 4 минг 700 нафар оилавий шифокор ва ҳамширани «Оила саломатлиги» дастури бўйича, раҳбарларни эса менежерликка ўқитиш топширилди.
15 та тумандаги поликлиника ва шифохоналар фаолиятини янги тизим асосида ташкил қилиш учун бу йил 285 миллиард сўм, бунга қўшимча вилоят ҳокимлари томонидан ҳам камида 10 миллиард сўмдан ажратилиши белгиланди.
«Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар» дастури бошланиши эълон қилинди.
Бунда, вилоят ҳокимлари кутиш жойларида қулай ўриндиқларни кўпайтириб, навбатни тартибга келтириш, «она-бола» хоналарини ташкил қилиш, ногиронлиги борлар эркин ҳаракатланиши учун кириш-чиқиш жойлари, хона ва йўлакларда инклюзив муҳит яратиш, қўл ювишга иссиқ суви бор покиза ҳожатхоналар ташкил этиш учун масъул бўлади.
«Оддий қилиб айтганда, тиббиёт муассасасига маданият, тартиб-интизом, файз олиб кириб, одамларга ижобий кайфият улашади», - деди президент.
Бунга ҳар бир вилоят ҳокими 10 миллиард сўмдан ажратади.
Мутасаддиларга бу ишларни бутун республикада тизимли ташкил қилиш, тўқсон кун натижаси бўйича президентга батафсил ҳисобот бериш топширилди.
Юқумли касалликларнинг 35-40 фоизи оддий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида юзага келаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан барча мактаб, боғча, техникум, олийгоҳ, поликлиника ва шифохоналарда «Тоза қўллар» дастури амалга оширилади. Унга кўра:
- таълим ва тиббиёт ташкилотларидаги қўл ювиш жойлари санитар-гигиена воситалари билан тўлиқ таъминланади,
- шароити оғир бўлган 126 та мактабда ҳожатхоналар бинони ичида жойлаштирилиб, янгидан қурилади, 6 мингдан зиёд боғчага гелиоколлектор олиб берилади;
- 4 минг 295 та ижтимоий муассасада сув баки ва цистерна ўрнатилади.
Ушбу мақсадлар учун шу йилнинг ўзида бюджетдан 780 миллиард сўм ажратилади.
Ҳар бир ижтимоий соҳа муассасаси тоза, озода бўлиши, унда одамлар учун қулай санитар-гигиена шароити яратилиши шартлиги қайд этилди.
«Тоза қўллар» дастурининг моҳияти, шахсий гигиена ҳақида катта тарғибот кампаниясини ташкил этиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Мавзуга оид

19:13 / 07.05.2025
«Тиббиёт ходимлари сонида ва соҳани молиялаштиришда муаммо йўқ. Лекин сифат бўйича эътирозлар жуда кўп» — президент

18:17 / 07.05.2025
Шавкат Мирзиёев 8-9 май кунлари амалий ташриф билан Россияга боради

17:43 / 07.05.2025
Шавкат Мирзиёев Германия канцлери Фридрих Мерцни табриклади

16:28 / 07.05.2025