“Германияга фақат малакали мутахассислар керак, ноқонуний муҳожирлар эмас” – Германия элчиси
Фридрих Мерц Германиянинг янги канцлери этиб сайланди. Навбатдан ташқари сайловда унинг ХДИ/ХСИ блоки мутлақ овоз ололмагани боис Олаф Шолц партияси билан коалицион ҳукумат тузишга қарор қилди. Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси эса янги ҳукумат иш бошлаши муносабати билан матбуот анжумани ўтказди. Германияга фақат малакали мутахассислар керак, ноқонуний миграцияга жиддий қаршимиз, дейди элчи матбуотга.

Фридрих Мерц илгари немис ҳукуматида ишламаган, лекин АҚШ-Европа муносабатларининг мураккаб даври, Украина уруши бўйича стратегик қадамлар ташланиб, Германия ичкарисида ҳам инқирозли вазият давом этаётган бир даврда у ҳокимиятни қўлга олмоқда. Мерц блоки охирги сайловда нисбатан кўп овоз олган, мутлақ эмас. Шунинг учун душанба куни коалиция тузишга келишиб олинди. Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Манфред Ҳутерерга кўра, ҳукумат ишга киришишидан аввал коалиция шартномасини қабул қилган. Фридрих Мерц ташқи дунё кутиб турмайди, дея тезроқ ҳукумат тузишга ҳаракат қилди.
Элчининг қўшимча қилишича, Марказий Осиё давлатлари билан эришилган келишувлар ўз ўрнида қолади, диалог ҳолати ўзгармайди.
“Фридрих Мерц Шолцнинг партияси ГСДП билан коалиция тузишга қарор қилди ва икки томон ҳафта бошида коалицион ҳужжатга имзо чекди. Демак, аввалги партия ҳам бошқарувда бўларкан, Германия ички ва ташқи сиёсатида давомийлик таъминланади. Мерц ташқи сиёсатда фаол, у сайланибоқ эртасида Париж, кейин Полшага боради” – Манфред Ҳутерер, Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси
Навбатдан ташқари сайловдан олдин Мерц ва унинг блоки чегарани маҳкамлаш, қаттиқроқ миграция сиёсати талаби билан чиққан. Бундан ташқари, Шолц ҳукумати ноқонуний муҳожирлар кўпайиб кетгани боис жиддий танқидларга учраган. Янги ҳукумат бироқ, Германия дарвозаларини мигрантлар учун тўлиқ ёпмайди, фақат қонуний йўллар билан келувчи малакали мутахассислар қабул қилинади. Улар немис тилини ҳам билиши лозим.
“Сайлов олдидан бўлган дебатларда ҳамма бир хил фикрни айтди – ҳамма ноқонуний миграцияга бутунлай қарши. Тўғри, Германияга муҳожирлар керак, бироқ малакали мутахассисларга эҳтиёжимиз бор. Масалан, соғлиқни сақлаш соҳасида 300 минг, 80 минг нафар оғир вазнли юк машиналари ҳайдовчиларига эҳтиёжимиз бор. Ҳеч қачон қонуний миграцияга қарши бўлмаганмиз” – Манфред Ҳутерер, Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси
Германия худди Франция каби Ўзбекистонга хомашё манбалари етказиб берувчи асосий давлатлардан бири сифатида ҳам қарайди, яъни Берлин хомашё билан таъминловчи бозорни диверсификация қилмоқчи.
Элчига кўра, ўтган йиллар мобайнида Германия Ўзбекистонга 700 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратган, шулардан 300 миллион доллари давлатдаги сиёсий лойиҳалар учун сарфланган кредитлар ҳисобланади. Эндиликда Германиянинг турли фондлари масъулиятли ҳукумат бошқаруви ва барқарор шаҳарларни қуриш учун маблағ беришни режаламоқда.
Бугунги кунга келиб Германия ва Ўзбекистоннинг ўзаро савдо айланмаси 1 млрд еврога яқинлашган, дейди элчи. Бундан ташқари, Берлин Ўзбекистоннинг мустаҳкам мудофаа салоҳиятига эга бўлишини истайди.
Дунё охирги вақтда ярим кучларнинг босими остида қолмоқда, жумладан Германия ҳам. Берлин дунё шоҳсупасига фақат гигант давлатлар эмас, ўрта ва кичик давлатлар ҳам чиқиши тарафдори, деди Манфред Ҳутерер ўз чиқишида. Унинг қўшимча қилишича, Украина уруши тугаши керак, лекин Украина манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда. Ҳозир ўт очишни тўхтатишга келишиляпти, бироқ бу Киев манфаатлари оёқости бўладиган тарзда қилинмаслиги керак, деди элчи.
Элчи яқин кунларда Фридрих Мерц ва Доналд Трампнинг телефон орқали мулоқоти кутилаётганини ҳам маълум қилди.
Мавзуга оид

21:49 / 08.05.2025
Adidas ва Volkswagen нацистларнинг ҳокимият тепасига келишига жавобгарлигини тан олди

12:41 / 08.05.2025
Германиялик евродепутатлар 9 май куни Москвага боради

11:41 / 08.05.2025
Мерц АҚШнинг Украинада Россия урушини тугатишдаги асосий ролини таъкидлади

07:53 / 08.05.2025