Ўзбекистон | 16:33
2544
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғидаги «Миллат фидойилари» хиёбонида бўлди

Президент марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчилари билан учрашди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида Ғалаба боғидаги «Миллат фидойилари» хиёбонида бўлди.

Давлат раҳбарининг ғояси асосида ташкил этилган ушбу ёдгорлик мустақиллик йилларида мамлакат ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига бағишланган.

Мажмуа юқоридан қараганда давлат байроғидаги ярим ой ва ўн икки юлдуз шаклида намоён бўлади. Қарийб икки метрли юлдузларнинг қирралари битиктош вазифасини ҳам ўтайди. Уларнинг ён тарафларига 196 нафар қаҳрамонлар номи зарҳал ҳарфлар билан ёзилган. Бу битиклар ёнига мониторлар ўрнатилган бўлиб, миллат фидойилари тўғрисида маълумотлар фото ва видеолар орқали намойиш этиб борилади.

Президент марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан учрашди.

– Ҳар йили бу ерга келиб, Иккинчи жаҳон урушидаги йўқотишларни эслаймиз. Энди мустақиллик фидойиларига бағишланган ушбу мажмуани ташкил қилганимиз хайрли иш бўлди. Чунки улар ҳам миллий қаҳрамонларимиз. Шу жиҳатдан, бу майдоннинг маънавий аҳамияти катта. Бу ҳам ўзликни англаш, бу ҳам инсон қадри, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ватан ҳимоячиларининг оила аъзоларига чуқур ҳурматини билдирди.

– Бу жасур ўғлонлар таҳликали вазиятда ўзини ўйламай, бурчига содиқ қолиб, халқи учун жонини фидо қилган. Ҳозирги тинчликда, осмонимиз мусаффолигида уларнинг катта ҳиссаси бор. Оилалари, барча яқинлари билиши керакки, улар орамизда худди тирикдек, номлари ҳеч қачон ўчмайди. Буни мана шу майдонда муҳрлаб қўйдик. Мен уларнинг ота-оналарига, турмуш ўртоқларига таъзим қиламан. Фарзандлари қаҳрамон оталарига муносиб бўлишини истайман, – дея таъкидлади президент.

Миллат фидойилари туғилган туманларда хотира тадбирлари ўтказиш, уларнинг мардлигини ёшларга ибрат қилиб кўрсатиш, қаҳрамонликлари ҳақида асарлар ёзиш зарурлиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчиларини ҳам зиёрат қилиб, байрам билан табриклади.

– Аввало, сизларни, сиз орқали барча фахрийларимизни Ғалабанинг 80 йиллиги билан табриклайман. Халқимиз номидан барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман. Сизларнинг қаҳрамонлигингиз туфайли бугунги авлодлар шундай тинчлик-форовонликда яшаяпти. Бу тинчликнинг қадрини ёшларимизга сизлар орқали етказишимиз керак. Ҳаётингизнинг ўзи бизга намуна. Ҳар бир гапингиз жуда катта таълим, билим. Илоҳим, соғлиғингиз мустаҳкам бўлиб, кўп йиллар фахримиз, дуогўйимиз бўлиб юринг, – дея тилак билдирди Шавкат Мирзиёев.

Кексалар тарихий хотира улуғлангани, қарияларга катта ҳурмат-эътибор кўрсатилаётганини айтиб, дуолар қилишди.

Мавзуга оид