Ўзбекистон | 10:48
1270
10 дақиқада ўқилади

Топ-менежерларга фидуциар мажбурият юклаш: афзалликлар ва рисклар

Ўзбекистонда МЧЖ ва АЖларнинг раҳбарлари ва кузатув кенгаши аъзоларига виждонан ишлаш талабини қўювчи, акс ҳолда жавобгарликни келтириб чиқарувчи фидуциар мажбуриятлар институти жорий этилиши кутилмоқда. Бу, бир томондан, ҳиссадорлар учун қўшимча назорат инструменти, бошқа томондан, бизнес муҳитини чигаллаштирувчи омилга айланиши мумкин.

Фото: Getty Images

Ўзбекистон корпоратив қонунчилигига фидуциар мажбуриятлар институти – компания раҳбарларининг виждонан ва оқилона қарор қабул қилиш мажбурияти киритиляпти.

Бундан бир йил аввал regulation.gov.uz порталида муҳокамага қўйилган “Хўжалик жамиятларининг ижро органи, кузатув кенгаши ва мажоритар иштирокчиларининг масъулиятини ошириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси узоқ тортушувлардан сўнг 2025 йил 15 апрел куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Фидуциар мажбурият – нима у?

“Фидуциар мажбурият” тушунчаси ҳуқуқий ҳужжатларда ёки қонунларда жуда расмий тилда, тушунарсиз кўринишда келади. Аслида бу ҳамма тушуниши керак бўлган тамойилдир.

Фидуциар мажбурият бу – ишонч асосида берилган масъулиятни ҳалол, виждонан ва бошқаларнинг манфаати учун адо этиш мажбуриятидир. Бошқача қилиб айтганда, агар сизга биров бир ишни ишониб топширган бўлса, сиз бу ишни ўша – сизга ишонганнинг (инсон ёки ташкилотнинг) фойдаси учун ҳалоллик билан бажаришингиз керак.

Компания директори – оддий одам эмас. Директор компания иштирокчилари, акциядорлари ва ҳатто жамият олдидаги масъулиятли шахс ҳисобланади. У ўз ваколатларидан шахсий манфаат учун эмас, компания манфаатлари учун фойдаланиши шарт.

Фидуциар мажбуриятлар директорлар ва кузатув кенгаши аъзоларидан:

·       виждонан ҳаракат қилишни;

·       компания мулкидан шахсий манфаатда фойдаланмасликни;

·       жамиятнинг асосий фаолияти йўналишларига хос бўлган соҳада тадбиркорлик фаолиятини бошқарув органлари розилигисиз амалга оширмасликни;

·       қарорлар қабул қилишда мулкий манфаатлардан воз кечишни талаб етилади.

Бу эса Ўзбекистондаги кўплаб компания раҳбарлари учун “ўрганиб қолинган қулайликлар”нинг тугашидир. Энди ҳар бир нотўғри қарор потенциал жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин.

Бизнес юритишдаги кескин бурилиш

Янги институт бир қарашда одатий ҳуқуқий янгиликдек туюлиши мумкин. Аммо амалий жиҳатдан, бу бизнесни бошқарувчи директорлар учун қаттиқ жавобгарлик даври бошланиши демакдир.

Энди директорларнинг “мен компания учун ҳаракат қилдим”, “субъектив ишончда едим” каби важлари суд олдида ўз кучини йўқотади. Табиийки, ўз лавозимини шахсий бизнесига айлантириб олган раҳбарлар учун “ноқулайлик” даври келмоқда. Энди ҳар бир қарор, ҳар бир имзо, ҳар бир ҳаракат орқасида потенциал жавобгарлик риски туради.

“Директор ҳаммасини билади” деган кайфиятни йўқотиш керак

Ўзбекистон бизнес бошқарувидаги энг катта муаммолардан бири – компания директорлари ўзини “хон” каби тутиб келгани, ўзини назоратсиз шахс деб билгани. Янги тартиб ана шу чекланмаган ваколат даврини тугатишга қаратилган.

Фидуциар мажбуриятлар компания раҳбарларидан компания манфаатлари учун хизмат қилишни талаб қилади, компанияга етказилган зарар учун доимий моддий жавобгарлик сояси остида ишлашга олиб келади.

Банклар ва уларнинг кузатув кенгашларида формализм даври ортда қолиши керак

Фидуциар мажбуриятлар институти хусусан банклардаги кузатув кенгашларининг ишлаш муҳитини кескин ўзгартиради. Бугунги кунда кўплаб банкларнинг кузатув кенгашлари формалликка асосланган қарорлар қабул қилишади. Яъни бош директорлар билан “келишилган” қарорлар тезда тасдиқланиб, жиддий муҳокамалар деярли кузатилмайди.

Янги қоидалар билан кузатув кенгаши аъзоси энди масъулиятни бошқарувга топшира олмайди. Энди улар қарорлар оқибатини чуқур таҳлил қилиши, мустақил фикр билдиришга журъат этиши ва ўз ҳаракатларини ёзма асосда исботлай олиши керак. Акс ҳолда, улар ҳам директорлар билан бир қаторда жавобгарликка тортилиши мумкин.

Бу банк соҳасида қарорлар сифатини ошириш, қоғозда бор-у, амалда йўқ кузатув кенгашларига барҳам бериш имкониятини беради. Энди бу лавозим “обрў” учун эмас, балки масъулиятли таҳлил ва фаол иштирок учун берилади.

Кичик ва ўрта бизнес учун бу нима?

Фидуциар мажбуриятлар институти кичик ва ўрта бизнес субектларини ҳам четлаб ўтмайди. Ушбу ўзгаришлардан кейин ушбу турдаги компанияларидаги улушдорлар, айниқса, пассив сармоядорлар директорлар устидан ҳуқуқий назорат воситасига эга бўладилар. Эндиликда директорлар ўз қарорлари учун улушдорлар олдида ҳалоллик, оқиллик ва адолат тамойиллари асосида жавоб берадилар. Бу эса кичик бизнесда ўзаро ишончни оширади, шериклик маданиятини кучайтиради.

Судларнинг мустақил эмаслиги – хавф

Фидуциар мажбуриятлар институтининг самарали амалга ошиши, албатта, унинг фақатгина қонун ҳужжатларида акс этгани билан эмас, балки судлар томонидан қандай талқин қилиниши ва қўлланиши билан ҳам бевосита боғлиқ. Ушбу мажбуриятларни амалиётга қўллаш тўлиқлигича судларнинг ваколат доирасига киради. Шу сабабли ушбу масалаларда судларнинг мустақиллиги муҳим.

Акс ҳолда, янги мажбуриятлар бизнес учун қўшимча босим ёки адолатсизлик манбайи сифатида намоён бўлиши мумкин. Агар судлар фидуциар мажбуриятларни амалда нотўғри ёки субъектив талқин қилишса, бу нафақат компания директорлари, балки бутун бошқарув тизими учун ҳуқуқий ноаниқлик, инвестицион хавф ва жамиятда ишончсизлик муҳитини юзага келтиради.

Бизнинг миллий судларда фидуциар мажбуриятлар билан боғлиқ суд амалиётнинг тадрижий шаклланмагани, унинг назарий доктриналари судялар томонидан ўрганилмагани, шунингдек суд ҳокимиятининг тўлиқ мустақил эмаслиги ушбу мажбуриятларни амалиётда қўллашда тўсиқ бўлиши мумкин, бизнес-муҳитга салбий таъсирни келтириб чиқариши мумкин.

Судлар томонидан фидуциар мажбуриятларнинг моҳияти бузилиши ва мезонларнинг ноаниқ талқин қилиниши бизнес муҳитидаги ҳуқуқий аниқлик ва барқарорлик тамойилларига хавф туғдиради. Директорлар фаолиятига баҳо беришда бирхиллик бўлмаса, бу бевосита қарор қабул қилиш эркинлигини чеклайди ва бизнес хавфини оширади.

Бундан ташқари, фидуциар мажбуриятлар бўйича даъволарни кўриб чиқиш, судлар томонидан бизнес-қарорларни чуқур текшириш жараёнида судларнинг компаниянинг ички бошқарувига ортиқча аралашуви хавфи туғилади. Натижада, бу турдаги даъволар ортидан тижорат қарорлари устидан ҳаддан ташқари назорат кучаяди ва компаниянинг ички ишларига судларнинг аралашуви оддий ҳолга айланиши мумкин.

Шунингдек, фидуциар мажбуриятлар доирасида масъулиятни белгилашда бюрократик тўсиқлар пайдо бўлиши хавфи ҳам бор. Масалан, ҳар бир директор қарори ортида унинг фидуциар мажбуриятларга мос ёки мос эмаслигини исботловчи ҳужжатлар талаб этилиши, бу эса компанияларнинг ички ҳужжат айланмасини кўпайтириши мумкин. Бу ҳолат айниқса кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун оғир юк бўлиб қолиши, ҳамда уларнинг юридик барқарорлигига таҳдид солиши мумкин.

Мазкур хавфларни юмшатиш учун судлар фаолиятини такомиллаштириш юзасидан бир неча тавсияларимиз:

·       Мажбуриятлар бузилганини белгиловчи аниқ баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилиши зарур. Асосли тарзда қабул қилинган, бироқ охир-оқибат салбий натижага олиб келган қарорлар учун директорларни жавобгарликдан озод қилиш имконини берувчи business judgement rule тамойили қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилиши керак.

·       Судларга корпоратив низолар бўйича даъволарни киритишнинг махсус процессуал тартиб-таомиллари ишлаб чиқилиши керак. Бу жараён низоларни тезкор ва адолатли кўриб чиқишни таъминлайди, шунингдек, асоссиз мурожаатларни камайтиради.

·       Бизнес бошқарувчилар яъни директорлар учун доимий ўқув курслари, семинарлар ва мастер-класслар ташкил этилиши ҳамда корпоратив бошқарув этикасига оид махсус йўриқномалар ва методик кўрсатмалар ишлаб чиқилиши лозим. Айниқса, фидуциар мажбуриятларнинг ҳуқуқий моҳияти, улар бузилган тақдирда юзага келадиган жавобгарлик ва қарор қабул қилишда эҳтиёт чораларига оид амалий машғулотлар бизнес бошқарувига тайёр кадрлар етказиб бериш учун муҳимдир.

·       Компания улушдорлари (акциядорлари), айниқса кам улушга эга иштирокчиларнинг бизнес бошқарувида иштирок этиш маданиятини шакллантириш бўйича дастурлар жорий этилиши зарур. Бу уларга ўз ҳуқуқларини англаш, назорат механизмларидан фойдаланиш ва директорлар фаолияти устидан қонуний асосда мониторинг юритиш имконини беради.

Фидуциар мажбуриятлар институтини муваффақиятли жорий этиш фақат суд тизими фаолиятининг изчил бўлиши билан эмас, балки директорлар, ишчилар ва ҳиссадорлар билимини ошириш, фаоллигини рағбатлантириш ва низоларни ҳал этиш механизмларини соддалаштириш каби омиллар билан чамбарчас боғлиқдир.

Ушбу комплекс ёндашув орқали қонунчиликдаги ўзгаришларни ҳақиқий ислоҳотга айлантириш, ортиқча бюрократик тўсиқлар ва бизнесдаги ҳуқуқий ноаниқликларнинг олдини олиш мумкин.

Акс ҳолда, бу институт ислоҳот эмас, балки корпоратив бошқарувдаги янги мураккабликларга айланади.

Иброҳим Саид,
Тошкент давлат юридик университети мустақил изланувчиси, “Unilex” адвокатлик бюроси адвокати

Мавзуга оид