Жаҳон | 14:01
2113
7 дақиқада ўқилади

Яманга зарбалар сериясини амалга оширган Исроил, Москва аэропортларидаги коллапс ва Бокуга қўнишга мажбур бўлган Сербия президенти - кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил Ямандаги асосий аэропорт ва портни яксон этди

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Яман бўйлаб зарбалар сериясини амалга оширди: Ҳудайда порти, мамлакат пойтахти Сано шаҳридаги аэропорт бомбардимон қилинди. Ҳужумдан олдин ЦАҲАЛ маҳаллий аҳолига огоҳлантириш бериб, зудлик билан Сано аэропорти яқинидаги ҳудудларни тарк этишга чақирган.

Аэропорт тўлиғича ишдан чиқарилган: терминал, учиш-қўниш йўлаги ҳамда ҳарбий база яксон этилган, шунингдек, бир неча самолёт йўқ қилинган. Баджил шаҳридаги цемент заводи ва бир неча электр станциялар ҳам зарбалар остида қолган. Ямандаги «Ал-Масира» телеканали маълумотига кўра, уч киши ҳалок бўлган.

Бу объектларнинг барчаси «Ансор Аллоҳ» (ҳусийчилар) томонидан назорат қилинадиган ҳудудда жойлашган. Исроил мудофаа армияси баёнотига кўра, улар ҳусийчилар инфратузилмасининг бир қисми ҳисобланган: Ҳудайдадаги порт ва Сано аэропорти — «Ансор Аллоҳ» Эрондан олинган қуролларни ташишда фойдаланадиган транспорт тугуни вазифасини ўтаган, цемент заводи маҳсулотлари эса ерости бункерлари ва туннеллар қуришда ишлатилган.

Аэропорт бўйлаб зарбалардан кўп ўтмай АҚШ президенти Доналд Трамп ҳусийчилар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилишни тўхтатишга рози бўлгани ва шунинг учун АҚШ уларнинг Ямандаги объектларига бошқа ҳужум қилмаслигини билдирди. Трамп ҳеч қандай тафсилотларни келтирмаган — ҳусийчилар кимга, қачон, қаерда ва айнан нима деганига аниқлик киритмаган.

Москвага дронлар ҳужуми: аэропортлар ўз фаолиятини тўхтатди

Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари дронлар билан Москвага қилинган ҳужумни қайтарди, деб Россия пойтахти мэри Сергей Собянин маълум қилди. Москва вилояти осмонида иккита УУА йўқ қилинганини Россия Мудофаа вазирлиги тасдиқлади.

Москванинг «Внуково», «Домодедово» ва «Жуковский» аэропортлари парвозларни қабул қилиш ва жўнатишни вақтинча тўхтатди, деб хабар берди «Росавиациа». Чекловлар Калуга, Тамбов, Ярославл ва Нижний Новгород аэропортларида ҳам жорий этилди.

Аввалроқ, Россия Федерациясининг Қозон, Нижнекамск, Самара ва бошқа бир қатор шаҳарлари аэропортларида ҳам шундай чекловлар жорий этилган эди. Кун давомида улар ишини қайта тиклади. Аввалги тунда Москва аэропортларининг иши ҳам тўхтатилди, эрталаб бу чекловлар бекор қилинди.

Россия Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, Украинанинг 57 та учувчисиз учоғи йўқ қилинган ва тутиб олинган - улардан 31 таси Брянск вилояти осмонида. Украина Қуролли кучларининг яна 14 та дрони Курск вилояти, 7 таси Орел вилояти, 2 таси Калуга ва Рязан вилоятлари ҳамда Қрим устидан биттаси зарарсизлантирилди, дейилади вазирлик баёнотида.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россия ҳудудлари осмонида 105 та, шу жумладан, Москва вилояти ҳудудида 19 та дрон уриб туширилган. Маълум қилинишича, уриб туширилган бир дроннинг қолдиқлари Каширское шоссесидаги турар жой биноси ёнидан, иккинчиси эса Янги Москвадаги Кувекино қишлоғида топилган.

ЕИ АҚШ товарларига 100 млрд евролик янги божларни тайёрлаяпти

Европа Иттифоқи АҚШнинг 100 миллиард еврога яқин товарларига қўшимча савдо божлари жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Брюссел савдо можаросини ҳал қилиш бўйича музокаралар қониқарли натижаларга олиб келмаса, шундай чоралар кўриши мумкин, деб хабар берди Bloomberg Европа Иттифоқидаги манбаларга таяниб.

Унинг маълумотига кўра, 7 май куни ЕИ мамлакатларига янги қарши чоралар тушунтирилади. ЕИ доирасидаги маслаҳатлашувлар тахминан бир ой давом этиши кутилмоқда, шундан сўнг янги тарифлар жорий этиладиган товарлар рўйхати тасдиқланади.

Айни пайтда Европа Иттифоқининг савдо бўйича комиссари Марош Шефчовичнинг айтишича, Европа Иттифоқи Қўшма Штатлар билан салбий келишувни шошилинч тарзда имзолаш учун босим остида қолмаган. «Биз ўзимизни кучсиз ҳис қилмаяпмиз», деди у 6 май куни Европарламентдаги чиқишида. Шунинг учун, Европа комиссарига кўра, Брюссел ўзига нисбатан адолатсиз бўладиган қарор қабул қилмаслиги керак.

Москвага келаётган Сербия президенти дронлар туфайли Бокуга қўнишга мажбур бўлди

Сербия президенти Александр Вучич Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этиш учун йўл олди. Аммо унинг маршрути кутилганидек кечмади: давлат раҳбари самолёти аввалига Белграддан Бокуга учди, у ерда маълум вақт ушланиб қолди, шундан кейингина Россия пойтахтига учиб кетди.

ADS-B Exchange хизмати маълумотларига кўра, YUSRB белгисига эга Embraer Белграддан Гринвич бўйича эрталаб соат 8:31 да парвоз қилган ва соат 11:36 да Боку аэропортига қўнган.

Сербиядаги нашрлар, жумладан, Tanjug агентлиги Бокуда тўхташни «мажбурий қўниш» деб атаган. Маълумотларга кўра, самолёт «ҳарбий ҳаракатлар» туфайли парвозни давом эттиришга рухсат ололмаган — сўнгги кунларда Москва аэропортлари дронлар ҳужуми туфайли узилишлар билан ишламоқда.

Худди шу вақтда, ТАССнинг исми ошкор этилмаган манбаси Бокуга қўниш олдиндан режада бўлганини айтган. «Бу самолётга ёнилғи қуйиш учун керак эди», - дея суҳбатдошининг сўзларини келтиради давлат агентлиги.

Нима бўлганда ҳам, Сербия президентининг борти Бокуда бир соатдан сал кўпроқ вақт давомида қолиб кетган ва фақат соат 12:43 да Москвага парвозни давом эттирган.

Европа комиссияси Россия газидан воз кечиш режасини тақдим этди

Еврокомиссия Страсбургда 2027 йилгача Россиянинг қазиб олинадиган ёнилғисидан бутунлай воз кечиш режасини эълон қилди. Ушбу режа доирасида босқичма-босқич «йўл харитаси»ни эълон қилиш икки марта қолдирилди. Бу сафар у умумий маънода тақдим этилди ва расмий қонунчилик таклифлари бир ойдан кейин эълон қилинади, деди Европа Иттифоқининг энергия бўйича комиссари Дан Йоргенсен.

REPowerEU деб номланган Россия Федерацияси энергия манбаларидан босқичма-босқич воз кечиш дастури Европа Иттифоқи даражасидаги қонунчиликка ўзгартиришлар ва 2025 йил охиригача бўлган мажбурий миллий режаларни ўз ичига олади, дея тушунтирди Европа комиссари.

Янги қоидалар, масалан, Россия газ етказиб берувчилари билан янги шартномаларнинг олдини олиш ва мавжуд спот шартномалар 2025 йил охиригача бекор қилинишини англатади. Европа Комиссиясига кўра, бу чора Европа Иттифоқи Россия газининг қолган таъминотини жорий йил охиригача учдан бир қисмга қисқартиришига олиб келади. Ҳозирда Россия газининг улуши Европа Иттифоқи бутун газ бозорининг 13 фоизини ташкил қилади. Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан олдин бу улуш Европа Иттифоқида ўртача 45 фоизга етганди.

Мавзуга оид