Ўзбекистон | 21:33 / 10.05.2025
1793
12 дақиқада ўқилади

Андижондаги тошқин, олий таълимдаги ўзгаришлар ва дўхтирларга $1500 ойлик — ҳафта дайжести

Андижонда тошқин: сабаблар маълум, сабабчилар мавҳум. Шифокорлар ойлиги: 1000 долларлик планка 1500 долларга кўтарилди. Олий таълим: сиртқи таълим ёпилади, назорат кучаяди, “Work and travel”чиларга фоизсиз қарз берилади. Жарима баллари 1 июндан бошланади: ҳайдовчилар фойдасига ўзгариш бор. Ҳафтанинг Ўзбекистонга оид муҳим воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Булоқбошида тошқин

Ҳафта Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги Сарвонтепа маҳалласи аҳли учун машаққатли келди. 8 май куни эрталаб Жанубий Фарғона канали қирғоғининг ўпирилиши оқибатида, маҳалладаги юздан ортиқ ҳовлиларни сув босди. Аҳоли вакилларига кўра, тошқин пайтида айрим уйларда сув сатҳининг баландлиги 70-80 сантиметргача етган. Сув баъзи хонадонларда уй ичигача кириб борган, баъзи уйлардаги қўшимча иншоотлар, баъзиларда эса фақат экинлар зарар кўрган.

“Ўзбекгидроэнерго”нинг изоҳлашича, рўй берган ҳолат Жанубий Фарғона магистрал каналида кичик ГЭС қурилиши билан боғлиқ. Лойиҳа доирасида каналда сувни тўсиш иншооти қурилиб, сув оқими вақтинча айланма каналга йўналтирилган, лекин негадир айланма каналнинг сув ўтказиш қобилияти инобатга олинмаган: сониясига 60 кубометр ҳажмни ўтказишга мўлжалланган каналга 70 кубометр сув келган, канал қирғоғи эса бунга дош беролмай, ўпирилган.

Каналга лойиҳавий миқдордан ортиқча сув йўналтирилгани учун масъулият кимнинг зиммасида экани айтилмаяпти. Шуниси маълумки, ГЭС қуриш лойиҳасини Россия молиялаштирмоқда, қурилиш ишларини “тайёр ҳолда топшириш” шарти билан Россиянинг “Энергосила” компанияси амалга оширяпти. Рўй берган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериладими-йўқми, бу савол ҳам ҳозирча очиқ: ўтган уч кун давомида ҳуқуқ органларидан бирор реакция бўлмади.

Айни пайтда, тахминан 150 та хонадонга етказилган зарар учун компенсация фавқулодда тезлик билан тўлаб берилгани, эртасига маҳалла йўлларига асфалт ётқизиш ишлари ҳам бошланганини эътироф этиш мумкин. “Ҳатто эккан помидоридан қанча ҳосил кутаётганигача бозор баҳосида ҳисоб-китоб қилдик. Пулларни олиб келиб қўйдик, кечаси билан халқимизга тарқатамиз. Бирор инсон норози бўлмайди, ҳамма нарса жой-жойига қўйиб берилади”, деди Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.

Энг кўп компенсация олганлардан бири – ҳам уйи, ҳам бизнесига талафот етган тадбиркор аёл уйига бир қоп пул – 250 млн сўм билан қайтди. Ҳозирча айнан қанча пул тарқатилгани, ҳодисадан кўрилган умумий зарар миқдори қанчалиги очиқланмади. Вилоят маҳаллалар уюшмаси раҳбари Муҳаммаджон Нишоновга кўра, зарарларни қоплаш учун пулларни “Ўзбекгидроэнерго” вакиллари олиб келган. Давлат компаниясининг бу харажатлари ҳужжатларда қандай расмийлаштирилган, кейинчалик уларни қоплаш масаласи кўриладими-йўқми, юқорида айтганимиздек, номаълум бўлиб қолмоқда.

Бойсунда газ фаввораси

Андижонда рўй берган техноген офат учун жабрланувчиларга шу куннинг ўзидаёқ компенсация тўланганини ҳаммадан ҳам кўра бойсунликлар ўзгача таассурот билан кузатган бўлса ажаб эмас. “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конидаги техноген фалокат сабаб бир неча ой қўланса ҳиддан азият чеккан, саломатлиги ёмонлашган, сарсон-саргардон бўлган бойсунликларнинг моддий ва маънавий зарарларини қоплаш масаласида на расмийлардан, на пудратчи компаниядан 9 ойдан бери садо чиқмади. Кон атрофида яшовчилар ҳозир ҳам вақти-вақти билан олтингугурт ҳидини сезиб туришибди: конда янги газ отилиб чиқиш нуқталари пайдо бўлиши билан, атрофни аввалгидек қўланса ҳид тутиб кетади, фаввора ёқиб қўйилгач, ҳид камаяди.

Шундай ҳолатлардан навбатдагиси 5 май куни тонгда рўй берди. Энергетика вазирлигига кўра, 202-сонли қудуқдан фаввора бўлиб газ отилиб чиқиши ҳолати такрорланган. Бу қудуқдаги биринчи портлаш 27 март куни рўй берган, шундан кейин фонтанланиш 1 ой давом этиб, қудуқ ўқининг ғовланиб тушгани ва колонна чиқиб кетиши натижасида тўхтаган. 5 май кунги такрорий портлашдан кейин юзага келган фаввора, видеоларга қараганда, бир неча ўн метр баландликкача кўтарилган. Вазирлик ахборотида, доимгидек, аҳоли пунктлари учун хавф йўқлиги айтилган, умумий вазият борасидаги режалар ва прогнозлар ҳақида маълумот берилмаган.

“Оилавий шифокорлар 1500 доллар ойлик оладиган тизим қиламиз”

Шифокорларнинг ойлиги бўйича аввал эълон қилинган 1000 долларлик марра планкаси кўтарилди: энди 1500 доллар хақида гап кетмоқда. Бу ҳақда чоршанба куни президент селекторида маълум қилинди. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, янги тизимда туманлардаги марказий поликлиникаларда ишловчи оилавий шифокорнинг базавий ойлиги 500 доллар, ҳамшираники эса 300 доллар бўлади. Улар малака сертификатини олиш орқали ойлигини 2 баробарга, юқори самарадорлик кўрсаткичларига эришиш орқали 3 баробарга ошириш имконига эга бўлади. Юқори самарадорлик кўрсаткичлари деганда, маҳаллада юриб сурункали касаллиги бор аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, онкологик, диабет, инсулт, инфаркт каби касалликларни эрта аниқлаб, шифохоналарга тушадиган юкламани камайтириш тушунилади.

“Бир сўз билан айтганда, оилавий шифокорлар 1,5 минг доллар, ҳамширалар эса 600–800 доллар ойлик оладиган тизим қиламиз. Лекин, натижа ҳам шунга яраша бўлиши керак”, – деди давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, бундан буён бирламчи бўғинда 0,5 ёки 0,25 ставка бўлмайди: барча шифокор ва ҳамширалар фақат тўлиқ ставкада ишлайди. Шунингдек, поликлиникаларда акушер-гинекологлар сонини 2 бараварга ошириш, педиатр штатларини ҳам кўпайтириш, тиббий ёрдамнинг кафолатланган пакетини тасдиқлаш режа қилинган.

Янги режалар эълон қилинаркан, кўпчилик эски режаларнинг амалга ошмаётганини ўйлаши табиий. Бу масала селекторда ҳам ўртага ташланди. Президент тиббий суғуртани жорий қилиш йиллардан бери ортга сурилиб келинаётгани, тизимни тўлиқ рақамлаштириш уёқда турсин, оддий “электрон рецепт” ҳам ишга туширилмаганини танқид қилди. “Электрон поликлиника” ва “электрон шифохона”ни жорий этишда ҳам жиддий оқсоқликлар бор, деди Шавкат Мирзиёев. Камчиликлар сабабли соғлиқни сақлаш вазирининг икки ўринбосари лавозимидан олиниб, яна бирига 6 ой муҳлат берилди.

Йиғилишда далилларга асосланган тиббиётга ўтиш бўйича топшириқлар бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлар ҳар йили 600-700 млн доллар сарфлаб, самарадорлиги исботланмаган дориларни сотиб оляпти. Бундай дориларнинг импортдаги улуши нақ 42 фоиз экани ҳайратланарли. Шунга кўра, “самарасиз ёки самараси ўрганилмаган” деб топилган препаратларни клиник протоколлардан чиқариш, болалар шифохоналарида антибиотикларни асосли қўллаш бўйича комплекс ревизия ўтказиш кўзда тутилган.

Сиртқи таълим ёпилади, янги агентлик очилади

Олийгоҳларда сиртқи таълимга қабул тўхтатилади. Президент фармони билан, унинг ўрнига кредит-модул тизимидаги мақбуллаштирилган кундузги таълим шаклини очишга рухсат берилди. Олий таълимнинг бу шакли – одатий кундузги таълимга қараганда дарс соатлари ва юкламанинг камлиги билан ажралиб туради. Университетлар таълимнинг бу каби муқобил шаклларига ёппасига ўтиб кетмаслиги учун, мақбуллаштирилган кундузги, кечки ва масофавий таълим шакллари бўйича квоталар сонини кундузги таълимга қараганда 50 фоиздан оширмаслик талаби киритилди. Бунга риоя қилмаган ОТМларнинг лицензияси бекор қилинади.

Фармон билан, университетлар устидан назорат кучайтириляпти. Уч йил олдин маъмурий реформа вақтида ёпилган Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясига ўхшаш янги бир ташкилот – Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилмоқда. Агентлик техникум, олийгоҳ каби таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш, уларнинг рейтингини тузиш билан шуғулланади. Аккредитация вақтида аниқланган камчиликларини бартараф этмаган таълим ташкилотларининг фаолияти тақиқланади. Агентликка зарурат туғилганда навбатдан ташқари текширувлар ўтказиш ваколати ҳам берилди. Биз айниқса хусусий олий таълим устидан назорат кучайтирилишининг салбий оқибатлари ҳақида ўтган ҳафтадаги дайжестимизда тўхталиб ўтгандик.

Шу ҳафта эълон қилинган бошқа бир ҳужжат билан, “Work and travel” (иш ва саёҳат) дастурлари доирасида хорижга ишлаш учун борадиган талабаларга фоизсиз қарз бериш тартиби белгиланди. Унга кўра, ҳар йили 2 минг нафар талабага таътил вақтида АҚШ, Европа Иттифоқи, Британия, Корея, Япония, Канада, Австралия ва Янги Зеландияга бориб ишлаб келиши учун 15 млн сўмгача ссуда ажратилади. Олинган қарзни қайтиб келгандан кейин 1 ой ичида қайтариш керак. Даъвогарлар 15 майдан бошлаб давлат хизматлари маркази ёки ягона портал орқали ариза бериши мумкин.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ҳайдовчиларга қоидабузарлик учун жарима баллари ҳисоблаш 1 июндан бошланадиган бўлди. Имзоланган ҳукумат қарори муҳокамага чиқарилганидан бироз фарқ қилади: бир нечта қоидабузарликлар учун баллар миқдори камайтирилган. Лойиҳада энг кам – 0,3 балл бериладиган фақат битта қоидабузарлик киритилган бўлса, якуний версияда иккита қоидабузарлик учун 0,2, яна иккитаси учун 0,3 баллдан берилиши кўзда тутилган. Шу тариқа, 7 йилга чўзилган, ўзи аввалбошдан чалажон аҳволда бўлган тартиб деярли ўлик аҳволга келтирилган. Натижада 1 июндан кейин ҳам йўлларда хавфсизлик борасида айтарли ҳеч нарса ўзгармайди.

Ўзбекистонга гибрид электромобилларни олиб киришда экологик сертификат олиш талаби қўйилди. Қўйилди-ю, 3 кунга бормай олиб ташланди. Автоблогерларга кўра, сертификат олиш нархи қарийб 2 млн сўм деб белгиланган. Автомобил импортини баттар қимматлаштирадиган бу сирли чора нега жорий қилинди-ю, нега бекор қилинди – расмийлардан бирор изоҳ бўлгани йўқ. Статистика қўмитасига кўра, йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистонга 7 мингта енгил автомобил олиб кирилган. Таққослаш учун, ўтган йили биргина январ ойининг ўзида 10 мингтадан кўп автомобил импорт қилинганди.

Самарқанд вилоятида одамлар ўлимига олиб келган иккита портлаш рўй берди. Каттақўрғондаги АЁҚШда “Зил” машинасидан ёқилғи сақловчи контейнерга солярка қуйилаётган пайтда портлаш рўй бериб, 2 киши ҳалок бўлди, бир киши жароҳатланди. Самарқанд шаҳрида эса кўп қаватли уйлардан бирига газ тўлиб қолиши оқибатида портлаш содир бўлди. Воқеа жойидан 6 кишининг жасади топилган.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 10 минг доллардан пул мукофотлари берилди. Уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар эса 25 млн сўм билан тақдирланди. Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда II жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган фахрийлар сони 82 нафарни ташкил қилади. 8 май куни улардан бир гуруҳи ва давлат раҳбари ўртасида Ғалаба боғида тадбир ташкил этилди. Шавкат Мирзиёев, шунингдек, 9 май куни Москвадаги ҳарбий парадда ҳам иштирок этди.

Жиззахда АЭС қуриш йўлида яна бир қадам ташланди. 6 май куни президентнинг энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси Алишер Султонов раислигида оператив штаб ва илмий-техник кенгашнинг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Форишда кам қувватли АЭСни жойлаштириш схемаси тасдиқланди. “Ўзатом” станцияни жойлаштириш учун рухсатномани келаси йил бошида олишни режалаштирмоқда. Ўтган ойда лойиҳанинг қурилиш-монтаж базасини қуриш ишлари бошланганди.

Мавзуга оид