Ўзбекистон | 12:00
1676
3 дақиқада ўқилади

Айрим онлайн-платформаларга Ўзбекистон ҳудудида кириш тезлиги суд қарори асосида пасайтирилиши мумкин 

Ваколатли орган билан тизимли равишда ҳамкорлик қилмай келган онлайн-платформаларга Ўзбекистон ҳудудида кириш тезлигини суд қарори асосида пасайтириш назарда тутилган. Бутунлай блоклаш амалиётидан воз кечилади.

"Онлайн платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

АОКА маълумотига кўра, 2017-2025 йилларда Интернет фойдаланувчилари сони 14,7 млндан 32,7 млнга ошган.  Энг оммабоп платформалар орасида:

  • Telegram - 28 млн;
  • Odnoklassniki -  19,2 млн;
  • Facebook - 2,3 млн;
  • "ВКонтакте" - 1,5 млн;
  • LinkedIn - 850 минг;
  • Twitter - 250 минг нафар ўзбекистонлик фойдаланувчи мавжуд.

Бугунги кунда онлайн платформалар фойдаланувчилари қандай ҳуқуқларга эгалиги борасида қонунчиликда аниқ нормалар мавжуд эмас, ахборот тарқатишга оид талаблар эса миллий қонунчиликда тизимли ва етарли даражада тартибга солинмаган, тарқоқ ҳолда белгиланган. 

Интернет фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш заруратидан келиб чиқиб, турли давлат ва жамоат ташкилотлари, медиа соҳаси экспертлари иштирокида “Онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. 

Унда онлайн-платформалар соҳасидаги амалдаги қонунчилик сезиларли либераллаштирилиб, тартибга солишдаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган нормалар назарда тутилмоқда. 

Қонун лойиҳасининг асосий мақсадлари ва принциплари:

қонунийлик – онлайн муҳитдаги барча фаолият қонун доирасида амалга оширилади;
фойдаланувчилар ҳуқуқларининг устуворлиги – фойдаланувчиларнинг маълумот олиш, фикр билдириш ва хавфсиз интернетдан фойдаланиш ҳуқуқлари таъминланади;
цензурага йўл қўйилмаслиги – қонун билан тақиқланмаган контентга нисбатан эркинлик кафолатланади;
шаффофлик ва хавфсизлик – ноқонуний контентнинг тарқалишига қарши курашилади ва шахсий маълумотларнинг хавфсизлиги таъминланади.

Ушбу қонун лойиҳаси давлат рўйхатидан ўтказилган оммавий ахборот воситаларининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтларига нисбатан татбиқ этилмайди. Уларнинг фаолияти  “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинган.

Қонун лойиҳаси билан ваколатли орган билан тизимли равишда ҳамкорлик қилмай келаётган онлайн-платформаларга Ўзбекистон ҳудудида кириш тезлигини суд қарори асосида пасайтириш назарда тутилмоқда. Бутунлай блоклаш амалиётидан воз кечилмоқда.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликдаги блогерларга мажбурият сифатида кўрсатилган бажариши қийин бўлган нормалар қайта кўриб чиқилган. 

Қонун лойиҳаси билан аноним профилларга, канал ва гуруҳларга қарши курашишнинг замонавий ечими таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасида онлайн-платформа ва веб-сайтлардаги кибержиноятчиликка қарши курашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Муҳим жиҳатлардан бири –  фишинг ва спам ресурслар ҳам ноқонуний ахборот (контент) жумласига киритилмоқда. 

Янги қонун лойиҳаси орқали янги жавобгарлик чоралари, жарималар белгиланиши кўзда тутилмаган, юқоридаги мажбуриятларни бажармаган тақдирга уларга нисбатан ҳуқуқий чоралар сифатида молиявий санкциялар ёки бошқа жазо турлари кўзда тутилмаган.

Мавзуга оид