“Ҳақоратламаслигим учун шарҳловчиликка чақирилганман” – Мирзаҳаким Тўхтамирзаев билан интервю
Эфирдаги ҳар бир жумласи, танлаган сўзлари, ҳолатларни баҳолаш услуби ва ўзига хос овози билан ўзбек томошабинларига футбол завқини улашиб келган Мирзаҳаким Тўхтамирзаевнинг шарҳловчилик фаолиятига 33 йил тўлди. Мазкур вақт давомида у 2500 дан ортиқ футбол ўйинларини шарҳлади. 200 га яқин илмий мақолалар ёзди, педагогика фанлари номзоди бўлди. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда эталон шарҳловчилар, “самога учган юлдузлар”, медиадан яширилган спортчилар ҳақида гапириб берди.

Ҳақоратламаслигим учун шарҳловчиликка чақирилганман
Ёшлигимизда футбол икки тилда шарҳланарди: ўзбекчада – Ахбор Имомхўжаев, рус тилида – Роман Турпишев. Иккалалари деярли бир хил гапни айтарди, яьни дастлабки шарҳ иккинчи тилга таржима қилинарди. Тингловчи агар ўзбекчани ҳам, русчани ҳам билса, унга такрорий изоҳни қайта эшитиш эриш туюларди.
Ўша пайтларда бири иккинчисини такрорламай, бошқачароқ маълумот берса бўларди-ку, деб хаёлимдан ўтказганман, лекин шарҳловчи бўламан-у шу нарсани ўзим ўзгартирман, деган интилиш йўқ эди. Болалигимдан футболга қизиқардим, спортга доир барча репортажларни қолдирмасдан кўрардим.
Республика Рус тили ва адабиёти педагогика институтини тамомлагандан сўнг “Тил ва адабиёт таълими”, “Преподавание языка и литературы” илмий-методик журналлари ва миллий телерадиокомпанияда иш бошладим. Таҳририятда фаолият олиб борган давримда “Туркистон” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Аҳрор Аҳмедов билан футбол ҳақида суҳбатлашиб турардик. Улар бир куни мендан Ўзбекистон чемпионати ва унга муносабат сифатида газетага мақола ёзиб беришимни сўради. Кечаси билан қоғоз қоралаб, эртасига 17 бетли шарҳни олиб бордим. Муҳаррир мақолани ўқиб чиқиб, “ҳаммаси янги фактлар-ку, буни қачон ёзишга улгурдингиз?” дея ҳайрон қолган ва шу тариқа уларда Мирзаҳаким футболга кучли қизиқаркан деган тушунча уйғонган.
Аҳрор Аҳмедов эрталаб эфирга узатиладиган “Газеталар шарҳи” кўрсатувида, мен эса “Ўзбек тилини ўрганамиз” туркум дастурларида чиқардим. Телевидениеда футбол учрашувларидан репортажлар кўпайтирилаётган вақтда Аҳрор акани футбол шарҳловчилигига таклиф қилишган. Аммо Аҳрор Аҳмедов “мен тўғри келмайман, бизникилар икки-уч метрдан дарвозага гол ура олмаса, ўзимни тутиб тура олмасдан, сўкиниб юбораман” деб шарҳловчиликка боришни рад этган. Ўзларининг ўрнига каминани “сиз сўкинмайсиз, ўзингизни тутиб тура оласиз” дея тавсия қилган. 1992 йил уларнинг кўрсатмаси билан “Пахтакор” стадионига бориб, телевидение масъули Азамат Каримов билан кўришдим. Ташкилий масалаларни тушунтирди ва шарҳ бадиий кенгаш тасдиғидан ўтсагина эфирга узатилиши ҳақида юз-хотир қилиб огоҳлантирди. Cўнг кўчма телевизион станцияни стадионга олиб келиб, футбол ҳамда унинг шарҳини ёзиб олишди. Биринчи таймни мен, иккинчисини Азамат Каримов шарҳлади. Кечки пайт шарҳим бадиий кенгашдан муваффақиятли ўтгани ва навбатдаги ўйинларни битта ўзим мустақил шарҳлашим мумкинлигини хабар қилишди. Шу тариқа шарҳловчилик фаолиятим бошланди. Бу йўналишга кириб келишимга асосий сабаб ўйинни кузатиш давомида ҳақорат ва сўкинишдан тилимни тия олишим эди.
Николай Озеров шарҳлари эталон бўлган
Болалигимизда футбол шарҳловчилари кам эди, аксарият ҳолларда ўйинларни Николай Озеров шарҳларди. Унинг шарҳлари ўзига хос эталон сифатида қабул қилинган. Грузияда Коте Маҳарадзе, Беларусда Валдемар Новицкий, Москвада Владимир Маслаченко, Ўзбекистонда Ахбор Имомхўжаев футбол шарҳлаган бўлса, барчасининг фаолият мезони Озеровнинг услубига асосланган эди. Николай Озеров телевидениеда футбол шарҳлашни санъат даражасига кўтарган шарҳловчи, халқ артисти ва хизмат кўрсатган спортчи бўлган. Радиода эса шарҳловчилик мактабининг пойдеворини Вадим Синявский яратган. У Николай Озеровнинг устози бўлган.
Озеровнинг энг устун жиҳати спорт воқеаликларини жонли ва тўлақонли талқинда етказишга интилишида эди. Керакли жойда асосли тарзда танқид қилган, бироқ ҳеч қачон спортчи, мураббий, ҳакам ёки тренерларни ҳақоратламаган. Афсуски, бугунги кунда бизда бу тамойилларга ҳар доим ҳам амал қилинмаяпти. Баъзида алам устида оғзимиздан ножўя сўзлар чиқиб кетади. Бу ҳолатга чек қўйиш лозим. Бир воқеани мисол келтираман, 18 ёшида жаҳон чемпионига айланган ҳоккейчи Борис Александровнинг ресторанда спиртли ичимлик ичаётгани тасвирга олиниб, бу ҳолат ҳақида газеталарда танқидий мақолалар чоп этилади. Унда Александров спортчилик қоидаларига зид ҳаракат қилгани, ёшлар учун ёмон ўрнак бўлгани айтилади. Федерация шу сабаб билан ҳоккейчини тарбиявий чора сифатида икки ўйиндан четлаштиради.
Ўша икки ўйиндан кейин у яна майдонга қайтгандаги Озеровнинг шарҳи ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. У газеталарда ёзилган гапларни такрорламади, спортчини қораламади ва шундай деди: “Борис икки ўйинни нима сабабдан ўтказиб юборгани ҳақида хабарингиз бўлса керак. Умид қиламизки, бу ҳолат ёш, истеъдодли спортчи учун ўзига хос сабоқ бўлди ва у бундан ҳаётий хулоса чиқарди. Борис ҳали-ҳамон терма жамоага, ўз клубига, ҳоккей мухлисларига кўплаб ғалабаларни тақдим этишга қодир”, – дея шарҳни давом эттирган. Йиллар ўтиб, Борис Александров бир интервюсида журналистнинг саволига жавобан “спортдан кетмаслигимга ва яна ғалабаларга эришишимга сабабчи бўлган инсон — Николай Озеров. Бошқалар мени танқид қилганида, у менга ишонч билдирди. У менинг истеъдодимга ишонди. Мен айнан шу ишончни оқлаш учун ҳаракат қилдим”, дея жавоб берган… ана сизга шарҳловчилик мезони. Бизда-чи? Бугунги спортчилардан қайси бири бирор шарҳловчимиз ҳақида шундай эҳтиром билан гапира олади?
Бизнинг авлод хотирага ишониб ишлаган
Авваллари футбол шарҳларини олиб борган давримизда интернет, телеграм, телефон, сингари ҳозиргидек технологиялар йўқ эди. Ахборотни асосан ўзимиз йиғардик: ўйинни кимдир чет элда шарҳлаган бўлса, уни тинглаб эслаб қолардик, фактларни унутмаслик учун ён дафтарчага ёзариб қўярдик, янги маълумотларни тўплаш мақсадида газеталарни варақлардик.
Бугун битта жамоа ҳақида шарҳ берсак, эртага бошқаси ҳақида гапиришимиз керак бўларди. Ўйинларга доир манбаларни қайтадан қидириб, тўплаб чиқишга эса вақт етмасди. Шундай вазиятларда беихтиёр мияга, хотирага суянишга мажбур бўлардик. Ўша даврда шарҳловчи деганда хотираси кучли, ҳар бир тафсилотни эслаб қоладиган одам тушуниларди. У пайтларда миямиз компютернинг ҳарди эди: ўйин давомида зарур вазиятда миянгиздан керакли “файл”ни очиб, фактларни айтиб бера олмасангиз, фурсатни бой берардингиз. Масалан, ўйин вақтида футболчилардан бири жароҳат олди. Шифокор югуриб келди, ўйин тўхтади. Шу лаҳзада шарҳловчи сифатида сиз жамоалар ўртасидаги аввалги учрашувлардан гапириб бера олсангиз, томошабин зерикиб қолмайди, бироқ маълумот хотирангизда бўлмаса, уни қидираман дегунингизча йиқилган футболчи ўрнидан туриб, ўйин бошланиб бўлади ва кечикасиз. Шунинг учун, ўйинга доир фактларнинг барчасини олдиндан хотирага жойлаш зарур.
Баъзида атрофдаги одамлар ҳазил аралаш “сизларга мазза, икки соат давомида гапирасиз, кетасиз. Ортиқча иш қилмайсиз” дейди. Аслида икки соатлик шарҳ учун инсон йиллаб меҳнат қилади, ўйинга суткалаб тайёрланади. Гаплар ўз-ўзидан қуйилиб келавермайди, ҳаммасига алоҳида тайёргарлик керак. Бугун технологиялар ишни осонлаштирди, лекин бу ҳолат шарҳловчининг тайёргарликсиз шарҳлашга ҳаққи бор дегани эмас. Аксинча, ҳозирги шарҳловчи янада пухтароқ бўлиши керак, негаки рақобат кучли, имкониятлар кўп, томошабин ҳам аввалгига нисбатан талабчан.
Яхши шарҳлаш учун стадионни тинглаш керак
Футбол фақатгина икки жамоа ўртасидаги жанг эмас, ҳиссиётларга тўла, тезкор фикрлаш муҳитидир. Айнан шунинг учун ҳам профессионал шарҳловчи ўйинни нафақат кўзи билан кўриши, балки қулоғи билан эшитиб, англаши ҳам зарур. Сабаби стадиондаги ҳар бир овоз ўйиннинг яширин тафсилотидир. Яхши шарҳлаш учун эса ана шу нозик тафсилотларни илғаб олиш муҳим.
Шарҳловчи нафақат майдондаги ўйинчилар, балки мураббийлар, захира ўриндиғидаги футболчилар, ҳакамлар ва ҳатто томошабинларга ҳам эътибор қаратиши зарур. Майдон четига ўрнатилган микрофонлар орқали мураббийларнинг кўрсатмалари ёки томошабинларнинг реакцияларини билиб олиш мумкин. Мазкур интершумлардан тренер олдинга юришни буюряптими, орқага қайтишни айтаяптими, футболчини руҳлантиряптими ёки танқид қиляптими – навбатдаги воқеликларни тахминлаб, шарҳни янада шиддатлироқ қилиш мумкин. Ўйинга изоҳ берилаётган вақтда томошабинларнинг кайфияти ҳам инобатга олиниши керак.
Шарҳда битта сўз ёки иборани такрорлайвериш тингловчини зериктиради. Шу боис, синонимлардан ўринли фойдаланиш лозим. Бунда ҳар бир сўзнинг луғавий маъносини инобатга олиш шарт. Масалан, бизда “жарима тўпи”, “бурчак тўпи” дейиш одат тусига кирган, ҳолбуки, бу ҳолатларда “зарба” ҳақида гап кетмоқда, тўп эмас. Бундан ташқари, “дарвозабон зарбани қайтарди” деган жумла ҳам нотўғри. Дарвозабон тўпни қайтаради, зарбани эмас. Яна бир кенг тарқалган хато “тўпни сурди” ибораси. Футбол майдонида тўп сурилмайди, у тепилади. “Сурди” ибораси кўпроқ шахмат ўйинига мос.
Катта футбол йўқлиги учун телевидениедан кетдим
1998 йилдан Ўзбекистон телевидениесида халқаро футбол ўйинлари тўлиқ намойиш этила бошланди. Муаллифлик ҳуқуқлари сотиб олинмасдан, видео сигналлари бошқа манбалар орқали топилиб, эфирга узатилди. Шарҳлар ўзбек тилида тайёрланар, ўйин бошланишидан якунигача бўлган барча қисми тўлиқ шарҳланарди. Бу ҳолат маҳсулотни “маҳаллийлаштириш” – яъни “шарҳ орқали материалнинг бир қисми ўзимизникига айланди” деган қараш шаклланишига сабаб бўлган. Натижада эфирга узатилган контентнинг 50 фоиздан ортиғи ўзбек телевидениесига тегишли деб ҳисобланган. Шу асосда халқаро футбол намойиши давом эттирилди. Бироқ 2014 йил баҳорида муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши ҳақида расмий огоҳлантириш келди: эфир расмийлаштирилмасдан давом эттирилса, катта миқдорда жарима солиниши айтилган. Ўшанда телевидение раҳбарияти футбол трансляцияларини тўхтатишни маъқул кўрди. Худди шу йили Чемпионлар лигаси яримфинал босқичининг бир жавоб учрашувини мен ва Мурод Ризаев шарҳладик. Эртаси куни Давлат Турдалиев ва Даврон Файзиев биргаликда ишлаши, сўнг финални шарҳлаш режалаштирилган эди. Аммо бу иш амалга ошмади.
Орада орқа фонга видеони қўйиб, студияда таҳлил қилиш шаклида ўйинни изоҳлаш таклифи берилди. Бир-икки марта шундай услуб синаб кўрилди, аммо бу ҳам тезда танқидга учради. Шундан сўнг катта ўйинлар шарҳини тўхтатдик ва янги мавсум бошланиши — яъни кузни кутдик: Европа футбол мавсуми ва Жаҳон чемпионати эфирга узатилади деган умид бўлган. Бироқ 2014 йилда ўтказилган Бразилиядаги Жаҳон чемпионати ҳам расмий тарзда сотиб олинмади. Эфирни тўлдириш учун Полша биринчи лигасида 14 ва 16-ўринда турган жамоаларнинг ўйинларини ҳам шарҳлашга тўғри келди. Натижада ҳақиқий футбол эфирдан йўқолди. Янги йилгача кутдик, лекин маблағ топилмади. 2015 йил январ ойида телевидениедан кетдим, энг асосий сабаб — катта футболнинг йўқлиги эди.
Шу орада “Бунёдкор” клубида матбуот котиби лавозимида ишлай бошладим. Клуб раҳбари Бахтиёр Бобоев тўлиқ ставкада ишлашни таклиф этди ва шу ерга ўтдим. 2018 йил декабрига қадар "Uzreport" телеканалида футбол кўрсатувларини шарҳладим. Орада "Ўзбекистон футболи" газетасининг бош муҳаррири сифатида фаолият олиб бордим. 2022 йил Қатарда Жаҳон чемпионати ўтказилган вақтда ўзбекча шарҳлар нафақат спорт канали, балки бошқа маҳаллий каналларда ҳам эфирга узатилди. Таклифга биноан мен ҳам ўйинларни шархлашда иштирок этдим — жами 30 ўйинни шарҳладим ва бир нечта кўрсатув тайёрладим. Ўтган йили Европа чемпионатини “Zo‘r tv”да ўзбек тилида Хайрулла Ҳамидов, Даврон Файзиев ва Алишер Узоқов шарҳлади, рус тилидаги барча ўйинларни эса бир ўзим шарҳладим.
Президент "спортчиларингни кўздан яшир" деган
2012 йилги Лондон олимпиадасида Ўзбекистон спортчилари кутилган натижаларни кўрсата олмаганидан сўнг раҳбариятни янгилаш қарори қабул қилинди. Натижада 2012 йил декабрида Мираброр Усмонов Миллий Олимпия қўмитаси президентига айланди. Мираброр ака ўз атрофига спортга чин дилдан содиқ бўлган, ҳалол ва фидойи ёш мутахассисларни жамлади. Жумладан, Ойбек Қосимов бош котиб этиб тайинланди, Фарҳод Турдиев эса президентнинг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллади. Жамоа спортдаги янги даврни бошлаб берди. Йил сайин эришилаётган натижалар буни тасдиқлай бошлади. Спортчиларимизнинг шароитларини яхшилаш, уларни моддий рағбатлантиришга катта эътибор қаратилди. Айниқса, спортчиларни қўллаб-қувватловчи махсус жамғарма ташкил қилиниб, стипендиялар жорий этилди. 2016 йил бошида биз "Олимп сари" номли китоб тайёрлаб, уни президент Ислом Каримовга тақдим этдик. Шундан сўнг, президент томонидан "олимпиадада нечта медал оласизлар?" деб савол қўйилди. Ўша давргача ўтказилган халқаро мусобақалар, жаҳон чемпионатлари ва рейтинг баҳоларини ҳисобга олган ҳолда 12 медал олишимиз мумкинлиги айтилди.
Ёз бошларида Вазирлар Маҳкамасида Рио Олимпиадасига тайёргарлик бўйича йиғилиш ўтказилиши режалаштирилди. Мираброр Усмонов асосий маърузачи бўлиши керак эди. Бажарилган ишлар ҳақида нутқ ўрнига ярим соатлик ҳужжатли филм тайёрлашни буюрди. Филмда спортчилар ҳолати, йўлга қўйилган тизим батафсил ёритилди. Тайёр бўлганидан сўнг президентга тақдим қилинди. Ислом Абдуғаниевич яна бир бор: “нечта медал оласизлар?” деб сўради. Жавоб аниқ эди: “ўн иккита.” Шундан кейин собиқ давлат раҳбари “агар шу гап рост бўлса, бошқа мажлис қилишга ҳожат йўқ. Ҳамма йиғилиш-у, расмий тадбирларни олимпиададан кейин ўтказаверасизлар. Кўз деган нарса бор. Ҳозирча барча спортчи ва тренерларни кўздан узоқлаштириб, медиага чиқармай туринглар” деганини Мираброр Зуфарович йиғилишдан чиқиб таъкидлаганди. Ўшандан кейин олимпиада ўтгунча спортчилар телевидение ва интервюларга умуман чиқарилмаган. Олимпиада натижаси эса барчани ҳайратда қолдирган: 13 та медал, кутилган рақамдан биттага кўп. 3 медал билан 13 медал орасидаги фарқ жуда катта. Бу – спортдаги кескин ўсиш, янги тизим самарасининг исботи эди. Биз спортчиларни кутиб олишга катта тайёргарлик кўраётгандик, давлат раҳбари Ислом Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабар тарқалгандан кейин барча маросимлар кичик миқёсда ўтказилди.
Шу даврда биз бир ҳақиқатга амин бўлдик: агар спортга эътибор кучайса, маблағлар оқилона ишлатилса, тизим ишласа, ютуқлар албатта бўлади. Токио олимпиадасини истисно қиламиз, чунки пандемия бутун дунё спортига салбий таъсир кўрсатди. Аммо Париж-2024да яна 13 та медал, ундан 8 таси олтин бўлди. Шундай экан, навбатдаги Олимпиадада кучли ўнликка кириш энди биз учун фақат орзу эмас, балки реал мақсаддир.
Интервюнинг тўлиқ ҳолда Kun.uz YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Операторлар: Боймирза Ҳалилов, Абдуллоҳ Ҳасанов, Зияддин Мамматжонов,
Монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов.
Мавзуга оид

16:50 / 21.04.2020
Шарҳловчи холис бўлиши керакми?

18:32 / 15.12.2018
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев шарҳловчилик фаолиятига қайтди

20:05 / 01.12.2017
"Ҳақиқий жанг!": шарҳловчи болалар ўртасидаги ўйинда ҳиссиётларга берилди

15:40 / 08.10.2017