Ўзбекистон | 12:03
6920
2 дақиқада ўқилади

Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди раиси 30 минг доллар билан ушланди

Судялар олий кенгаши йиғилишида бош прокурорнинг ЖИБ Хонобод шаҳар суди раисини жиноий жавобгарликка тортишга оид тақдимномаси муҳокама қилинган. Кенгаш хулосаси билан суд раисини жавобгарликка тортишга розилик берилган ҳамда унинг судялик ваколати тўхтатилган.

Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди раиси жиноят устида қўлга олинди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Манбага кўра, суд раиси тезкор тадбирда 30 минг АҚШ доллари олаётганда ушланган.

Судялар олий кенгаши матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

“Бугун Судялар олий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Бош прокурорнинг Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди раиси Ю.Э.ни Жиноят кодексининг 168- ва 28,211-моддалари тегишли қисми билан жиноий жавобгарликка тортишга оид тақдимномаси муҳокама қилинди.

Якунда кенгаш хулосаси билан Ю.Э.ни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилди ва унинг судьялик ваколати тўхтатилди”, дейилади кенгаш баёнотида.

Кенгаш тергов сири ва айбсизлик презумпцияси талабларидан келиб чиқиб, бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслигини, ижтимоий тармоқлардаги аксарият манбаларда тарқатилаётган шу мавзудаги хабарлар бўрттирилган бўлиб, барча ҳолатларга тергов йўли билан аниқлик киритилишини билдирган.

Маълумот учун, Юнусжон Эгамбердиев 2024 йилнинг декабр ойида беш йил муддатга Хонобод шаҳар судининг раиси лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид