Ўзбекистон | 22:46 / 13.05.2025
1513
4 дақиқада ўқилади

12 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Ҳаж томон йўлга чиқди, Ўзгидромет ҳаво ҳарорати 43 даражагача кўтарилишидан огоҳлантирди, Навоийда 55 ёшли аёл ҳужжатларда эркак сифатида қайд этилгани аниқланди, ИИВ Мубашшир Аҳмад иши бўйича маълумот берди — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳаж сафари бошланди

Бугун, 13 май куни Ҳаж сафарини ният қилган ўзбекистонликларнинг дастлабки гуруҳи Ҳажга томон йўлга чиқди.

Бўлғуси ҳожиларни кузатиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, шунингдек, таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлди.

Шундай қилиб, «Ҳаж – 2025» мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетди.

Маълумот учун, жорий йилнинг 13-28 май кунлари ўзбекистонлик зиёратчилар 9 та ҳудуд – Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Навоий ва Нукус шаҳарларидаги аэропортлар орқали Мадина шаҳрига кузатилади.

Ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошади

«Ўзгидромет» 14−16 май кунлари Ўзбекистонда кутилаётган жуда иссиқ об-ҳаво ҳақида фавқулодда маълумот эълон қилди.

Унга кўра, 14 майда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида, 15–16 май кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +39…+41 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +42…+43 даражагача кўтарилади.

14–15 май кунлари шимолий ва чўл зоналарида, 16–17 май кунлари республика бўйлаб баъзи жойларда шамол 15–18 метр/сониягача кучайиши, чанг-тўзонли «қор» ёғиши кутилмоқда.

17 май куни айрим туманларда шамол тезлиги 20–22 метр/сониягача кучайиши мумкин.

Ҳужжатда эркак, аслида аёл

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида 55 ёшли аёл ҳужжатларда эркак сифатида қайд этиб келингани аниқланди.

Маълум бўлишича, ҳолат Навоий вилояти Адлия бошқармаси томонидан ўтказилган акция доирасида аниқланган. Қизилтепа туманида яшовчи Эркиной Тилавованинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасига исми Эркин Тилавов ҳамда жинси эркак сифатида ёзилган. Аёл пенсияга чиқиш пайтида ушбу хатолик туфайли муаммога дуч келган.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси Маруса Носировага кўра, хато «метрика» билан фуқаролик паспорти ҳам олинган.

«Ҳужжатга ота-онанинг ўзлари тузатиш киритиб қўйишган ва бу билан фуқаролик паспорти олинган. Бугунги кунда электрон тизим бўлгани сабабли муаммога дуч келишган», деган Маруса Носирова.

Ҳолат юзасидан Қизилтепа тумани Адлия бўлими томонидан ФҲДЁ ҳамкорлигида судга фуқаролик фактини белгилаш бўйича даъво аризаси киритилган.

Мубашшир Аҳмад Туркиядан депортация қилинди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсуновнинг Ўзбекистонга депортация қилингани ва қамоққа олинганини тасдиқлади.

Вазирликнинг маълум қилишича, қидирувда бўлган 51 ёшли Алишер Турсунов 8 май куни Туркияда ушланиб, 10 май куни Ўзбекистонга депортация қилинган.

«Алишер Турсунов таъсислигидаги ахборот платформалари орқали ижтимоий тармоқларда тарқатилган маълумотларда, тегишли экспертиза хулосаларига кўра, Ўзбекистон қонунчилигига зид ахборот мавжуд бўлганлиги сабабли, унга нисбатан Жиноят кодексининг 244 прим 1-моддаси ва 244 прим 3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди», – дейилади вазирлик ахборотида.

Таъкидланишича, ҳозирги кунда жиноят иши доирасида тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида фаол бўлган диний уламо – Ўзбекистонда бир неча йил фаолият юритган Azon.uz ва Azon TV каби маърифий лойиҳалар ҳамда бир нечта диний китоблар муаллифи ҳисобланади.

Мавзуга оид