Фан-техника | 22:14 / 13.05.2025
1268
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск Tesla’нинг рақсга тушаётган роботи видеоси билан бўлишди

Optimus роботининг янги версияси олдингисидан 30 фоиз тезроқ ҳаракат қилади ва ундан 10 килограммга енгил.

Фото: Видеодан кадр

Америкалик миллиардер Илон Маск ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали Tesla компанияси томонидан яратилган Optimus номли ҳуманоид роботнинг рақсга тушаётгани тасвирланган видео билан бўлишди.

Tesla роботлар дастурини бошқарувчи Милан Ковачнинг сўзларига кўра, Optimus роботи автоном агентларнинг қарор қабул қилишига асосланган дастурий таъминот орқали такомиллаштирилган. Унинг рақси «датлабки натижалар бўлиб, тез орада у янада барқарорлашади».

Маскнинг таъкидлашича, кадрларда кўзга ташланган хавфсизлик троси робот мувозанатини сақлаш учун эмас, балки унинг йиқилиб кетишининг олдини олиш учун ўрнатилган. «Бу реал вақт режимида тасвирга олинган», — дейди бизнесмен.

Tesla янгиланган Optimus роботини 2023 йил декабр охирларида тақдим этганди. Олдинги версия билан таққослаганда у ҳаракатларни яхшироқ назорат қилишни ўрганиб олган. Бундан ташқари, робот ўзидан олдинги версиясидан 30 фоиз тезроқ ҳаракат қилади ва 10 килограммга енгил.

Аввалроқ япониялик ишлаб чиқарувчилар кексалар учун турли мураккабликдаги парвариш вазифаларини бажара олувчи роботни тақдим этганди. 150 килограммли ҳуманоид робот беморларнинг тагликларни алмаштириш, ётоқ ярасининг олдини олиш учун уларни ағдариб туриш, уларга ўтиришга ёрдам бериш, пайпоқ кийдириш, тухум қовуриш, кийимларни тахлаш ва бошқа маиший юмушларни бажара олади.

Мавзуга оид