Жамият | 17:37
2738
3 дақиқада ўқилади

“На кетишни биламиз, на қолишни” — бойсунликлар газ ҳиди ҳақида

Энергетика вазирлиги 5 май куни М25 конида юзага келган улкан газ фаввораси “аҳолига хавф туғдирмайди” деб баёнот берди. 7 май куни Бойсун шаҳри марказида Kun.uz мухбири микрофон тутган аҳоли вакиллари эса бунинг аксини айтмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Сўровда қатнашган бойсунликларнинг катта қисми газ ҳиди келган пайтда айниқса ёш болаларга қийин бўлаётганини айтди.

Қуйида – аҳоли вакилларининг сўзларидан иқтибослар келтириб ўтилади.

“Ўтган сафар иккита қари бобо чиқиб, ҳаммаси зўр деди, лекин ундай эмас. Ёш болаларнинг аҳволини бориб кўрсаларинг биласизлар. Ёш гўдаклар заҳарланиб, жудаям қийналяпти”.

“Бойсунимиз ўта тоза, ҳавоси зўр жой эди. Лекин ҳозир ундай дея олмаймиз. Болалар касал, нима десангиз газдан дейди. Билмадим охири нима бўлади... Бизга бойлик ҳам, бошқа нарса ҳам керак эмас, соғлом бўлсак бўлди”.

“Жуда ёмон, ҳамма заҳарланяпти. Мактабларда болалар йиқилиб қоляпти. Ёндиргани билан барибир ички организмда заҳарланиш бўлаверади”.

“Шамол пастга қараб эсаётгани учун ҳозир ҳиди келмай турибди. Бўлмаса, тухумнинг ҳидига ўхшаб сасиб кетади. Бу ердан кўчиб кетайлик деб ўйлаяпмиз, лекин уй-жойни сотиб ҳам бўлмаяпти: харидор йўқ, ким олади?”

“Кечаси ухлаб бўлмаяпти, онда-сонда ҳиди келяпти”.

“Кондаги босим жуда катта экан. Мен бу бўйича билимга эга эмасман, лекин босим катта бўлгани учун жиловлаш қийин деб ўйлайман”.

“Газланяпмиз, ич кетишлари бўляпти, болалар болницага тушиб қоляпти. Қийин-да... Тунов куни жуда ёмон ҳиди чиққанди, портлаган экан, кўп одамларнинг мазаси қочди”.

“Қўшни туманларга бориб, 5-10 кунлаб яшаб келяпмиз. Орада бир ёпилган эди, яна мана шу аҳвол. Ҳозир Шерободда турибман, шуёққа ҳам ҳиди боряпти, лекин бу ердагидек эмас. Кечадан олдин куни бу ерда умуман туриб бўлмас эди”.

“Бошимиз айланяпти. Миянинг ривожланишига, ишлашига зарар беряпти, зарари катта экан. Кўчиб кетишга иложимиз йўқ. Болаларнинг иммунитети тушган, қусади. Шифохонага олиб борсак, кислород олиши керак экан, ўпкасини тозалаш керак экан. Узоққа олиб кетишга пулим йўқ”.

“Ёшларнинг тақдири нима бўлади, шуларни кўпроқ ўйлаяпмиз. Бирон ечим қилиш керак. Халқ ҳозир сукунатда, на кетишини билади, на қолишини. Ҳатто қурилишларини ҳам тўхтатиб қўйишди”.

Мавзуга оид