Иқтисодиёт | 20:42 / 13.05.2025
696
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг яшил энергетикага ўтиши: бу нега муҳим?

Яшил энергетика ўтиш Ўзбекистон учун ҳам иқтисодий, ҳам экологик, ҳам геосиёсий жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Ҳукумат 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбаларининг жами истеъмолдаги улушини 54 фоизга етказишни мақсад қилган. Бу борадаги имконият ва муаммоли жиҳатлар нимада?

Фото: Nucor

Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш энергия ресурсларига нисбатан эҳтиёжнинг ҳам ошиб боришига олиб келмоқда.

Республикадаги электр энергиясининг жуда катта қисми иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Қурилмаларнинг эски экани ва электр энергиясини ишлаб чиқариш учун табиий газ ёқилғиси етишмаслиги охирги йилларда тез-тез кузатилаётган ноодатий иссиқ ва совуқ кунларда тақчилликни юзага келтиряпти. Натижада қиш ойларида ўнг минглаб тадбиркорлик субъектларининг тармоқдан узилиши ва газ қуйиш шохобчаларида юзага келадиган узун навбатлар одатий ҳолга айланиб қолди.

2024 йилда Ўзбекистон Россия ва Туркманистондан 1,7 млрд долларлик газ сотиб олди. Бу – 2023 йилга нисбатан 2,4 баробарга, 2022 йилга нисбатан 6 баробарга кўп.

Амалга оширилаётган лойиҳалар ва кутилмалар

Пандемиядан кейин Ўзбекистон ўз энергетика тизимини диверсификация қилишга жиддий киришди. Хусусан, охирги 5 йилда энергетика соҳасида умумий қиймати қарийб 30 млрд долларлик 50 та битим имзоланган. Айни пайтда республиканинг 10 та вилоятида қуввати 4067 MW бўлган 11 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 3 та шамол электр станцияси яшил энергия ишлаб чиқаряпти.

2025 йилнинг 12 май ҳолатига, Ўзбекистонда йил бошидан буён қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 3 млрд kWhни ташкил қилди. Бу кўрсаткич бутун 2022 йил давомида 434 млн kWh, 2023 йилда 576,9 млн kWh, 2024 йилда эса 4 млрд 860 млн kWh бўлган.

Ўз навбатида, қайта тикланувчи энергия манбаларининг жами истеъмолдаги улуши 2023 йилда 15 фоиз, 2024 йилда 20 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 25 фоизга етиши кутиляпти. Ушбу кўрсаткич 2030 йилга бориб 54 фоизга етиши прогноз қилинган.

Яшил энергетикага ўтиш нега муҳим?

Ўзбекистоннинг иқтисодий истиқболини белгилаб берувчи энг муҳим омиллардан бири – энергетик барқарорлик. Бу эса биринчи навбатда қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларга боғлиқ. Чунки яшил энергия улушининг ортиши истиқболда электр энергияси таннархини ҳам пасайтириши керак.

Ҳукумат “take or pay” (ол ёки пулини тўла) тамойили асосидаги лойиҳалардан 3,5 цент ва ундан арзон нархларда узоқ муддатли электр энергияси сотиб олиш кафолатини олган шартномалар тузяпти. Расмийлар томонидан охирги марта очиқланган маълумотларга кўра, 2024 йилнинг апрел ойида 1 kWh электр энергиясининг таннархи қарийб 1000 сўмни ташкил этган. Нархларни шакллантиришда очиқликнинг йўқлиги ҳамда бюджетдан тизимни субсидиялашнинг давом этаётгани шароитида, арзон энергия манбалари улушининг ортиши мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамият касб этади.

Халқаро энергетика агентлигининг 2023 йилги ҳисоботига кўра, кўплаб мамлакатларда янги қуёш ва шамол электр станциялари қуриш, мавжуд газ ёки кўмир станцияларини ишлатишдан арзонроқ бўла бошлаган. Технологик тараққиёт сабаб ушбу тармоқдаги нархлар йилдан йилга пасайиб боради.

Бундан ташқари, қайта тикланувчи энергия манбалари минглаб хонадонларни электр билан таъминлаш баробарида атмосферага ажралувчи иссиқхона газларини камайтиради.

Асосий муаммо нимада?

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон яшил энергетикага ўтиш бўйича катта салоҳиятга эга. Мамлакатда йилига 300 дан зиёд қуёшли кунлар кузатилади, шамол энергетикаси учун эса қулай ҳудудлар мавжуд. Яъни табиий ресурслар потенциали юқори даражада. Бу борадаги асосий муаммо – энергетика тизимидаги шаффофликнинг йўқлиги ва мавжуд ресурсларни самарасиз бошқариш билан боғлиқ.

Эътиборлиси, охирги йилларда қайта тикланувчи энергия манбаларини яратиш бўйича лойиҳалар инвесторларга тендерсиз, тўғридан тўғри шартномалар асосида бериляпти. Ҳукумат вакиллари буни вақтдан ютиш билан изоҳлаб келади. Аммо тўғридан тўғри музокараларларда имзоланаётган шартномалардаги энг муҳим банд – нархлар очиқланмайди.

Одатда электр энергиясини сотиб олиш битимлари хорижий валютада тузилади ва миллий валютада кескин қадрсизланиш юз берса, ҳукумат зиммасига тушадиган харажат ошиши мумкин. Ўз навбатида, йилдан йилга қайта тикланувчи энергия манбалари учун технологияларни ишлаб чиқариш харажатлари ҳам арзонлаб боряпти.

Бу борадаги яна бир чақириқ – Ўзбекистоннинг қуруқ иқлими. Сув танқислиги ва ёғингарчиликларнинг камайиши ортидан қум бўронлари ва шунга ўхшаш табиат ҳодисалари кўпайди. Бу эса қуёш панелларининг иш фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиб, иш самарадорлигини тушириб юбориши мумкин.

Яшил энергетика – геосиёсий мустақиллик калити

Навоий вилоятида Ўзбекистондаги илк қуёш электр станциясининг қурилиши. 2021 йил июн. Фото: Kun.uz

Охирги ойлардаги эътиборга молик жиҳат – Ўзбекистондаги яшил энергетика лойиҳаларига Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳам жиддий қизиқиш билдира бошлади. Хусусан, президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи давомида бу борада бир қатор масалалар муҳокама қилинган. Жиззах вилоятида кам қувватли атом электр станциясини қуриш лойиҳасига Франция компаниялари ҳам жалб қилиниши мумкин. Техник ҳамкор сифатида Assystem, мутахассислар тайёрлаш учун Bureau Veritas, техник бошқарув бўйича Framatome каби компаниялар билан музокаралар олиб борилган.

Шунингдек, ўтган ойда Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитида Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Марказий Осиё мамлакатлари учун 12 млрд евролик сармоя пакети ажратилишини эълон қилди. Ушбу маблағларнинг сезиларли қисми яшил қувватларни ишга тушириш учун йўналтирилади. Евроиттифоқ билан энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришдан эса ҳар иккала томон ҳам бирдай манфаатдор.

Ўзбекистон учун. Россия Марказий Осиёда қуёш ёки шамол энергетикасига оид лойиҳаларда фаол эмас, аксинча, расмий Москва Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриб бериш ва газ экспортини ошириш орқали ўз таъсирини сақлаб қолишга уриняпти. Бироқ Ўзбекистон расмий доираларда “энергетика манбаларини диверсификация қилиш” тарафдори эканини билдирган, яъни асосий мақсад – бирор давлатга ортиқча қарамликдан қочиш.

Яшил энергетикага ўтиш нафақат экологик ва иқтисодий жиҳатдан, балки геосиёсий мустақиллик жиҳатдан ҳам жуда муҳим. Айни пайтда жараёндаги лойиҳаларнинг аксарияти Саудия Арабистони (ACWA Power), БАА (Masdar) ва Хитой (China Energy, China Datang) корхоналари томонидан амалга ошириляпти. Истиқболда яшил энергетика соҳасида катта тажрибага эга Европа компанияларининг ҳам кўпайиши рақобат ўсишига, сармоявий оқимларнинг қутблашмаслиги (соҳада битта қутбнинг устунлиги юзага келмаслиги)га имкон беради. Таклифнинг кўпайиши нархларни арзонлаштиради. Россия ва Хитойдан фарқли ўлароқ, Форс кўрфази мамлакатлари (БАА, Саудия Арабистони) ва Евроиттифоқдан эҳтимолий геосиёсий оқибатларсиз инвестиция жалб қилиш мумкин.

Умуман олганда, ЕИ мамлакатлари билан ҳамкорлик Ўзбекистонга технологик ноу-ҳау олиб кириш, кадрлар тайёрлаш ва инновацион ечимларни жорий этиш имконини беради.

Европа Иттифоқи учун. Россия-Украина уруши амалда мавжуд бўлган геосиёсий вазиятни тубдан ўзгартириб юборди. Евроиттифоқ Россиядан нефт ва газ билан бир қаторда бошқа ресурслар импортини ҳам тўхтатди ёки қисқартирди. Мазкур ўзгаришлар табиий ресурсларга бой Ўзбекистон ва иқтисодий жиҳатдан қудратли Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг иқтисодий жиҳатларини кун тартибида асосий ўринга олиб чиқди. Хусусан, Франция Ўзбекистон уранига катта қизиқиш билдиряпти. Жумладан, Ўзбекистондан Францияга экспорт 2022 йилда 72 млн доллар бўлган бўлса, 2024 йилнинг якунида бу кўрсаткич 795 млн долларгача етган ёки 11 баробарга ўсган.

Критик минераллар яшил энергетика тизимлари, яримўтказгичлар, батареялар ва мудофаа қурилмалари ишлаб чиқариш учун муҳим хомашёдир. Охирги йилларда ушбу тармоқда Хитойнинг устунлиги ўсиб бормоқда. Ушбу контекстда Қозоғистон билан бир қаторда Ўзбекистон ҳам Европа Иттифоқининг стратегик эҳтиёжларини қондириш учун муҳим металлар ва ресурсларнинг асосий етказиб берувчиси сифатидаги ролини сезиларли даражада оширди.

Ўзбекистон, Озарбойжон ва Қозоғистон президентлари Европага яшил энергия экспорт қилишга қаратилган стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзоламоқда. 2024 йил ноябр, Боку. / Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Бундан ташқари, Ўзбекистон 2030 йилдан бошлаб мамлакатда ишлаб чиқарилган ортиқча яшил электр энергиясини Озарбойжон орқали Европага экспорт қилишни режалаштиряпти. 2024 йил ноябрида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжон президентлари “Марказий Осиё – Озарбойжон – Европа” яшил энергетика йўлагини яратиш лойиҳасига старт берди. Декабр ойида уч мамлакат ўртасида лойиҳанинг таъсис шартномаси имзоланди.

Энергетика – иқтисодиётнинг “қон томири” ҳисобланади. Истеъмолнинг йилда йилга ошиб бораётгани ресурслар қисқариб бориши ва қимматлашиши, импортга боғлиқлик кучайишига олиб келмоқда. Ўз навбатида, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш масаласи ҳам бугунги кундаги энг муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади.

Шу сабабли Ўзбекистон учун қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш кун сайин муҳим аҳамият касб этиб бораверади. Энергия ишлаб чиқаришда ҳали ҳам асосан табиий газга таянувчи мамлакат учун бу энергия хавфсизлигини таъминлаш ва узоқ муддатли барқарорликни кафолатлашнинг ягона йўлидир.

Достон Аҳроров,
Kun.uz

Мавзуга оид