Жамият | 21:18 / 14.05.2025
842
2 дақиқада ўқилади

4 ойда 8 445 та маст ҳолда машина бошқариш ҳолати аниқланди – ЙҲХХ

Спиртли ичимлик истеъмол қилиб машина бошқаргани аниқланган ҳайдовчиларнинг 7 582 нафари суд қарори билан жарима жазосига тортилган. Шунингдек, улар 3 йил муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Қолган ҳолатлар бўйича суд жараёнлари давом этмоқда.

Фото: Getty images

2025 йилнинг январ-апрел ойларида 8 445 та маст ҳолда машина бошқариш ҳолати аниқланган. Бу ҳақда Kun.uz’га ЙҲХХ матбуот котиби Зойир Йўлдошов маълум қилди.

Унга кўра, маст ҳолатда машина бошқаргани аниқланган ҳайдовчиларнинг 7 582 нафарига нисбатан суд ишлари кўриб чиқилган. Уларнинг барчаси БҲМнинг 40 баравари, яъни 15 млн сўмдан жарима жазосига тортилган. Шунингдек, улар 3 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган. 863 та ҳолат юзасидан суд ишлари давом этмоқда.

“Маст ҳолда автомашина бошқарган одамни ҳеч иккиланмай потенциал қотил дейиш мумкин. Ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини бир пулга илмайдиган одамгина спиртли ичимлик истеъмол қилиб рулга ўтиради. ЙҲХХ ва ҳудудий бошқармалар томонидан бундай ҳолатларни аниқлаш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида доимий равишда махсус рейд тадбирлари олиб борилмоқда”, дейди Зойир Йўлдошов.

Ҳуқуқбузарликлар статистикасига кўра, транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш ҳуқуқбузарлиги йилдан йилга ошиб бормоқда.

2020 йилда 23 мингта ҳолатда маст ҳайдовчи судга олиб келинган бўлса, 2024 йилда 26 мингдан ортиқ маст ҳайдовчи устидан суд жараёнлари бўлиб ўтган. Энг кўп маст ҳайдовчилар – Самарқанд (4204), Хоразм (2768) ва Қорақалпоғистонда (2669) аниқланган. Энг кам ҳолатлар эса Наманган (757) ва Сирдарё (562) вилоятларида қайд этилган.

Аввалроқ Жиззахда маст ҳолда машина бошқариб, опа-сингилнинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи узоқ муддатга қамалгани хабар қилинганди. Бахмал туманида содир этилган ушбу ЙТҲда пиёдалар йўлагидан ўтаётган 4 ва 13 ёшли опа-сингил маст ҳайдовчи бошқарувидаги Cobalt уриб кетиши оқибатида воқеа жойида жон берган. 

Мавзуга оид