Жамият | 17:02 / 15.05.2025
4481
6 дақиқада ўқилади

“Барибир шу ерга қурамиз”– Фарғона шаҳрида болалар майдончаси ўрнига “дом” қуриляпти

Фарғона шаҳрининг Мустақиллик кўчасидаги болалар майдончаси ўраб олиниб, ҳудудда кўп қаватли уй қурилиши бошланган. Бунга қарши чиққан аҳоли эса “обончи” аёллар томонидан қўрқитилган. Kun.uz мухбири ҳудудда бўлиб, аҳоли ва масъулларга микрофон тутди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бундан 4 йил муқаддам – 2021 йилнинг февралида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳрида аҳоли яшаш шароитларини ўрганар экан кўп қаватли турар жойлар ўртасида барча қурилишлар тўхтатилиши, болалар ҳамда спорт майдончалари қайта тикланиши, бундай қурилишларга рухсат бериш билан боғлиқ барча қарорларни бекор қилиш юзасидан тегишли ташкилотларга топшириқ берган эди. Шунга қарамай шаҳарнинг Мустақиллик кўчасида айнан болалар майдончаси ўрнида кўп қаватли уй қурилиши бошланган. Бунга қарши чиққан аҳоли эса “обончи” аёллар томонидан қўрқитишга ўтилган. Энг қизиғи айнан қурилиш бўлаётган ҳудуд ўрнида қўшни домнинг канализация ва газ тармоғи ўтган.

Қаршилик қилсак бизга пул таклиф қилишяпти

“Тўртинчи қаватда яшайман. Қилаётган ишлари қурилиш тартибига умуман тўғри келмайди. Домимиз тагидан котлаван қазишга тушишди. Дардимизни эшитадиган ташкилот йўқ.

Анваржон Қодиров

Чиқмаган жойимиз қолмади. Прокурор келиб эртага ҳаммасини ҳал қиламиз деди. Лекин ҳеч нарса ўзгармади. Қурувчилар яна билганини қиляпти. Қурувчилар келиб, қўлимизда хужжатимиз бор, қароримиз жойида дейди. Кадастр бошлиқлари ҳам негадир қурувчи томонда. Қаршилик қилсак бизга пул таклиф қилишяпти”, – дейди Анваржон Қодиров.

Қурувчига ҳеч кимнинг гапи ўтмаяпти...

“Икки ҳафтадан бери тинчимиз бузилган. Бинони кўтаришвормасин деб кўчада навбатда турибмиз. Қурилиш майдони ўрнида болалар майдончаси бор эди. Машиналаримиз турарди. Болаларни майдондан чиқаришиб атрофини ўраб олишди.

Луиза Кападзе

Қаршилик қилганимизни кўриб қурувчи энди “обончи”ларни ўртага солишга ўтди. Маҳалла, прокуратура, архитектура ҳеч бир ташкилотнинг қурувчига гапи ўтмаяпти”, – дейди Луиза Кападзе.

Таҳдидга ўтишди...

“Қурувчи кўча аёлларини олиб келиб, оғзимизни ёпмоқчи бўлди. Машина рақамимиз, қаерда ишлашимизни суриштириб таҳдидга ўтишди.

Сюзанна Холмирзаева

Пул олмадиларингизми, энди бошқачасига гаплашамиз, дея. Қаерда ишлайсан, нима қилишни биламиз, ҳар қадамингни ўйлаб босинглар дейишди. Қўлимиздан ҳеч нарса келмаяпти. Бошимиз қотган”, – дейди Сюзанна Холмирзаева.

Барибир бу ерга “дом” қурамиз”...

“Асфалтларимизни бузиб ўтиб кетишди. Энди қайта қилишимиз керак. Бизга бирортаси келиб ёрдам бермайди. Маҳалла фондимиз бор, шундан қайта асфалт қиламиз-да энди. Тадбиркор келиб, шу ерга уй қурмоқчи.

Раъно Шокирова

Мана бугун келиб қурилишини бошлашди, котлаван қазишни бошлаганда уйларимиз “зириллаб” кетди. Домнинг ёнида канализация бор, устини кoвлаб ташлашди. У ердан газ қувури ҳам ўтган. Газни ҳам, канализацияни ҳам ҳисобга олмаяпти. Болалар қаерда ўйнашади энди десак, бу ерда ўйнатма болангни, уй қураман-да деяпти.

Ҳокимиятдан келган вакилларга тушунтирдик, қурувчига тушунтирдик, лекин улар биз танимайдиган, умуман бошқа кўчадаги кўча болаларини, барзанги аёлларини олиб келиб, бизга босим ўтказишни бошлашди. Хоҳлаган жойингга мурожаат қил, биз бу ерга барибир дом қурамиз деяпти”, – дейди Раъно Шокирова.

Ҳудудга етиб келган Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бош мутахассиси Бунёд Хамралиев низоли ҳолат ўрганилаётганини айтди:

Бунёд Хамралиев

“Қурилишга оид ҳуқуқий ҳужжатлар ўрганиб чиқилганда, кўриб турганимиздек аллақачон дом қурилиб бўлган экан. Эндиликда расмийлаштирилган барча ҳуқуқий ҳужжатларни қайта ўрганяпмиз.

2021 йилда вилоят ҳокимимиз Хайрулла Бозоров бошчилигида ишчи гуруҳлар жойларда ўрганишлар олиб борган. Ўшанда вилоят раҳбари кўп қаватли уй орасига бундан буён дом қурилмаслигини айтган. Худди шу каби дом қуришга ёки бошқа иморат қуришга ажратилган ер майдонларини котлаван қазилган бўлса ҳам, кўмдириб болалар ўйнаш ва спорт майдончаларини қайта тиклашга буйруқ берган. Буни ҳам ўрганиб қонунда белгиланган тартибда чорасини кўрамиз. Амалдаги шаҳарсозлик қонун-қоидаларига тўғри келиш-келмаслиги ўрганиб чиқилади албатта”, — дейди Бунёд Хамралиев.

Қурилишни вақтинча тўхтатиб қўйдик

“Икки кундан бери шу манзилда низоли қурилиш билан боғлиқ ҳолатни ўрганяпмиз. Қурилиш назорат инспекцияси томонидан жамоатчилик экспертизасидан шаффоф ҳолатда ўтиш тўғрисида қайта огоҳлантириш хати берилиб, қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилди”, — дейди Фарғона шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Бекзод Маҳмудов.

Бекзод Маҳмудов

Аҳолига тақдим қилинган хужжатга кўра қурилиш ишлари “Қувасой таъмир инвест” МЧЖ томонидан бошланган.

Ўзининг қурувчи эканлигини айтган шахслардан бири ҳудудга келди, бироқ камера қаршисида изоҳ бера олмаслигини айтиб кетиб қолди.

Kun.uz низоли қурилиш билан боғлиқ ҳолатни кузатишда давом этади...

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Мавзуга оид