Жаҳон | 20:30 / 17.05.2025
2137
1 дақиқада ўқилади

Эрдўған Қора денгизда 30 миллиард долларлик газ кони топилганини эълон қилди

Бу ҳажм Туркиядаги хонадонларимизни уч ярим йил давомида таъминлаш учун етарли, деди у.

Фото: hurriyet.com.tr

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Қора денгизда 75 миллиард куб метр газ захирасига эга газ кони топилганини маълум қилди.

«Кеча, 49 кунлик бурғулаш ва синовлардан сўнг биз Гўктепе-3 конида 75 миллиард куб метр газ захирасини аниқладик. Бу ҳажм бизнинг хонадонларимизни (бутун Туркия бўйлаб) уч ярим йил давомида таъминлаш учун етарли. Захираларнинг қиймати 30 миллиард долларга баҳоланмоқда», деди Эрдўған Истанбулда сўзлаган нутқида.

Унинг қўшимча қилишича, Қора денгиз газ конлари ҳозирда 9,5 миллиард куб метр газдан фойдаланган ҳолда 4 миллион хонадонни газ билан таъминламоқда. 2028 йилга бориб, бу кўрсаткични 4 баробарга ошириш режалаштирилган.

2021 йил июнь ойида Эрдўған Қора денгизда 135 миллиард куб метр ҳажмдаги газ кони топилганини эълон қилди. Президент таъкидлаганидек, Туркия томонидан Қора денгизда топилган газ конларининг умумий ҳажми шу тариқа 540 миллиард куб метрга етди.

Мавзуга оид