Жаҳон | 19:10 / 17.05.2025
9276
2 дақиқада ўқилади

Истанбул аэропортида танасига олтин яширган ўзбекистонлик аёллар ушланди

Уч нафар аёлнинг жинсий аъзоларидан умумий оғирлиги 6 килограмм 28 грамм бўлган жами 120 дона тилла тангалар олинган.

Фото: Истанбул полицияси

25 апрель куни Туркиянинг Истанбул шаҳри аэропортининг халқаро йўловчиларни қабул қилиш залида ўтказилган текширувлар чоғида Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридан учиб келган 3 нафар аёл тўхтатилди.

Улар ўзбекистонлик Азиза Б., Дилсора А. ва Фируза К. экани айтилмоқда. Гумонланувчиларнинг юклари текширилган, аммо ҳеч нарса топилмаган. Аммо рентгенограммада аёлларнинг бели соҳасида қаттиқ жисмлар борлиги аниқланган.

Жиддий шубҳалар туфайли гумонланувчилар прокуратуранинг кўрсатмаси билан рентген текширувидан ўтиш учун шифохонага олиб борилган. Рентген нурлари ҳам аёлларнинг жинсий аъзоларида қандайдир нарсалар борлигини кўрсатган.

Гумонланувчилар аёл полициячилар назорати остида махсус ҳудудда тинтув қилинган ва жинсий аъзоларидан тиллалар олиб ташланган.

Таъкидланишича, аёлларнинг жинсий аъзоларидан жами 120 дона турли оғирликдаги, умумий оғирлиги 6 килограмм 28 грамм бўлган тилла тангалар олинган.

Олтинлар Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва тергов бюроси гуруҳларига топширилган. Ҳодиса юзасидан тергов давом этмоқда.

Туркияда олтин контрабандаси қонунга кўра қаттиқ жазоланади. Ҳатто кичик қоидабузарликлар ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин, жумладан жарима ёки қамоқ жазоси. Мамлакатга қиймати 15 минг АҚШ долларигача бўлган қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган заргарлик буюмларини, агар улар тижорат мақсадларида эмас, шахсий фойдаланиш учун бўлса, божсиз ва солиқсиз олиб киришга рухсат этилади.

2024 йил октябрда танасига олтинни яшириб, Туркияга кирмоқчи бўлган ўзбекистонлик аёллар ушланган эди.

Мавзуга оид