Жаҳон | 22:39 / 18.05.2025
2782
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Ватиканда Вэнс, Рубио ва янги Рим папаси билан учрашди

Фото: Getty Images

Украина президенти Володимир Зеленский ва АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Ватиканда янги Рим папаси Лев XIV ни тахтга ўтказиш маросимида қўл бериб кўришди. Ибодатдан сўнг Зеленский янги понтифик, шунингдек, Вэнс ва АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан учрашди.

Маросимда Зеленский Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан ёнма-ён ўтирди. Вэнс ҳам яқин жойда эди.

Зеленский ва Вэнс охирги марта феврал ойида Оқ уйда учрашган, ўшанда Зеленский, Вэнс ва Трамп ўртасида Украинадаги уруш ва АҚШнинг ёрдами учун миннатдорлик ҳақида тарихий тортишув рўй берганди. Апрел ойида Зеленский Ватикандаги Папа Францискнинг дафн маросимида АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашганди.

Католик черковининг янги раҳбари ўз ибодати якунида Украинадаги урушдан хавотир билдириб, шундай деди: «Жабрдийда Украина адолатли ва мустаҳкам тинчлик бўйича музокаралар бошланишини кутмоқда».

Ибодатдан сўнг у Украина президенти ва биринчи хоним Елена Зеленская билан учрашди.

«Биз бугунги тантанали маросимдаги адолатли тинчлик зарурлиги ҳақидаги алоҳида сўзлар ва Украинага бўлган эътибор учун миннатдормиз», – деди Зеленский.

У Рим папасини «бундай махсус миссиянинг бошланиши билан» табриклади.

«Барча инсонлар учун адолатли тинчлик ва муносиб ҳаёт ҳақидаги дуолар ижобат бўлсин», – деди Украина президенти.

Кейинроқ Украина президенти офиси Зеленский Жей Ди Вэнс ва АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан ҳам учрашув ўтказгани маълум қилинди.

«Президент Истанбулдаги музокаралар ва Россия томонидан мустаҳкам сулҳ режимини ўрнатиш учун қўйилган нореал шартлар ҳақида маълумот берди. Россия делегациясининг паст даражаси унинг ҳеч қандай қарор қабул қилиш ваколатига эга эмаслигини кўрсатди», – дейилади президент офиси хабарида.

Зеленский Россия ўзи таклиф қилган ўт очишни тўхтатиш режимини қандай бузгани ҳақида ҳам гапирган.

«Буларнинг барчаси Москва урушни тўхтатиш ниятида эмаслигини кўрсатади ва айнан шу туфайли Россияни тўлиқ, сўзсиз ўт очишни тўхтатишга рози бўлишга мажбурлаш учун босим ўтказиш зарур», – деди у.

Украина президенти офиси маълум қилишича, учрашувда ҳар бир томоннинг позицияси ва вазиятни ўзгартириши мумкин бўлган кейинги қадамлар, жумладан, Россияга қарши кучли санкциялар батафсил муҳокама қилинган.

Жума куни Истанбулда Россия-Украина музокаралари бўлиб ўтаётганда, Рим папаси Ватиканни томонлар учрашадиган жой сифатида таклиф қилиши мумкинлигини айтганди. У папа сифатидаги илк нутқида эса Украинада тинчлик ўрнатиш масаласига алоҳида урғу қаратганди.

Мавзуга оид