Ўзбекистон | 21:05 / 19.05.2025
3469
7 дақиқада ўқилади

Ерости сувларидан фойдаланувчилар ҳисоблагич ўрнатмаса, 5 баробар солиқ тўлайди. Бу қандай ишлайди?

Ерости сувларидан фойдаланадиган тадбиркорлар августгача сув ҳисоблагич ўрнатиши керак. Акс ҳолда белгиланган ставканинг 5 баробари миқдорида солиқ тўлайди. Масалан, автомобил ювиш шохобчалари учун сув солиғи 1 кубометр учун 15 минг сўм бўлса, ҳисоблагич бўлмаганда 75 минг сўмдан ҳисобланади. Суткасига 5 кубометрдан кўп ерости суви ишлатадиган жисмоний шахслар ҳам ҳисоблагич ўрнатиши керак.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

5 май куни имзоланган қонун билан, Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга мувофиқ, ерости сув манбаларидан сув ўлчаш ускуналарисиз сув олинганда солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг 5 баравари миқдорида белгиланади.

Бу тартиб нима учун жорий этилгани ва қандай ишлаши ҳақида Солиқ қўмитасининг ресурс солиқлар маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи Нодир Қодиров Kun.uz'га изоҳ берди.

Сув сатҳи пасайиб бораётгани учун ушбу норма кучга кирди”

— “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга асосан, сув ресурслари бир нечта ташкилотлар зиммасида:

  • ичимлик суви тармоғидаги сувларни назорат қилиш “Ўзсувтаъминот” АЖ;
  • қишлоқ хўжалиги ва суғоришга мўлжаллаган сувларни Сув хўжалиги вазирлиги;
  • ерости сувларини Тоғ-кон ва геология вазирлиги;
  • табиий ҳавзалардаги сувларни Экология вазирлиги назорат қилади.

Охирги йилларда сув сатҳининг пасайиши, ерости сувларидан оқилона фойдаланиш борасида чора-тадбирлар белгиланганидан келиб чиқиб, бу норма киритиляпти. Илгари ерости сувларидан ҳисоблагичсиз фойдаланганда таъсирчан солиқ ставкалари бўлмаган. 2025 йил 5 августдан янги қонун кучга киради. Ким ерости сувидан ҳисоблагичсиз фойдаланса, эндиликда улар солиқни 5 баробар қиммат тўлайди. Бу – ерости сувини тежашга қаратилган чорадир.

Шунингдек, ерости сувидан фойдаланиш махсус рухсатнома асосида амалга оширилади. Яъни жисмоний шахслар 5 куб метргача ишлатса, рухсатнома олиш талаб этилмайди. Лекин тадбиркорлик субъектлари учун ерости сувларидан фойдаланганда, албатта, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигидан рухсатнома олиши керак.

Ерости сувларидан ҳисоблагичсиз фойдаланганда қанча солиқ тўланади?

— Солиқ ставкалари ҳар йили бюджет параметрлари тасдиқланганда белгиланади. Бугунги кунда:

  • иқтисодиётнинг аксарият тармоқлари, шунингдек, саноат корхоналари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва даромад олиш учун мўлжалланган кўчмас мулкка эгалик қилувчи жисмоний шахслар ерости сувининг 1 куб метри учун 700 сўм, ерусти суви учун 850 сўм солиқ тўлайди;
  • электростанция ва коммунал хизмат корхоналари ерусти сувлари учун 110 сўм, ерости суви учун 135 сўм;
  • қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш барча корхоналар 100 сўм;
  • транспорт воситаларини ювиш хизматини кўрсатувчилар (ҳам ерости, ҳам ерусти) 15 минг сўм;
  • пиво ва винодан ташқари алокоголсиз ичимликларни ишлаб чиқарувчилар (ҳам ерости, ҳам ерусти) 38 минг сўм солиқ тўлайди.

Мана шу 5 тоифадаги корхоналар ерости сувидан ҳисоблагичсиз фойдаланган тақдирда, 5 августдан бошлаб 5 баробар солиқ тўлайди.

Дейлик, автотранспорт воситаларини ювишда 1 куб метр сув учун солиқ 15 минг сўм бўлса, ҳисоблагич бўлмаганда шунинг 5 баробари, яъни 75 минг сўм солиқ тўлашга тўғри келади. Илгари бу норма январдан кучга кирганда 10 фоиз эди. Яъни 15 минг сўм эмас, 16,5 минг сўм бўлган бўлса, 5 августдан кучга кирадиган норма билан 75 минг сўм тўлайди.

Бундан ташқари, 5 баробар миқдорда ставка белгилаш олдиндан тасдиқланган: амалиётда сув бўйича белгиланган лимитдан ортиқ фойдаланганда ёки сувдан рухсат берувчи ҳужжатларсиз фойдаланганда 5 баробар миқдорида солиқ қўлланган. Худди шундай “мойкачилар” ерусти сувидан (водопровод назарда тутиляпти) ҳисоблагичсиз ишлатганда ҳам, 5 баробар миқдорида солиқ белгиланган. Энди бу тартиб ерости сувларига ҳам татбиқ қилиняпти. Янги тартибга кўра, ерости сувидан фойдаланиш мумкин, лекин ҳисоблагич билан фойдалансин деган норма киритиляпти.

Аҳоли қандай ҳолларда оширилган солиқ тўлайди?

— Ерости сувидан фойдаланиш сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисидаги қонун билан тартибга солинган. Аҳоли шахсий эҳтиёжлари учун олган сув учун солиққа тортилмайди. Тадбиркорлик фаолиятида фойдаланса, солиқ тўловчи ҳисобланади. Яъни сиз билан биз уйда фойдаланадиган сув тадбиркорлик мақсадида бўлмагани учун бизга солиқ ҳисобланмайди. Бироқ бир суткада 5 метр кубдан кўп сув ишлатган жисмоний шахсларга бу норма татбиқ этилади, яъни улар ҳам ҳисоблагич ўрнатишга мажбур бўлади.

Қонунда мазкур қоида жисмоний шахслар томонидан шахсий ва хўжалик эҳтиёжлар учун суткасига 5 метр кубгача бўлган ерости сувларини якка тартибда олиш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди, дейилган. Бунда томорқамиздан 5 метр кубгача сув олинадиган қудуқлар назарда тутилмаган. Сизга оддий тилда тушунтирсам, ўзим туманда яшаганимда 1 куб метр сув 3-4 кун, узоғи бир ҳафтага етарди. Яъни суткасига 5 тонна сув жуда катта миқдор ва шахсий эҳтиёжлар учун бу етарли. Ундан ортиғи солиққа тортилиши керак.

Дейлик, тадбиркор аукциондан ер сотиб олган ва у ер канал ёки бошқа сувлардан йироқда жойлашган бўлса бўлса, у рухсатнома олиб, қудуқ қазиб, ерости сувларидан фойдаланади. Бу – шундай тадбиркорлар учун одатий ҳолат. Илгари, ишлатилган сув геология мутахассислари томонидан трубанинг диаметрини ўлчаб ёки мотор ҳажмидан келиб чиқиб солиқ органига ким қанча сув ишлатаётганини тақдим этиб келган бўлса, эндиликда ҳисоблагич ўрнатади. Кимлар ерости сувидан фойдаланишга рухсат олгани борасида геология идорасида маълумотлар бор. Уларнинг барчаси ҳисоблагич ўрнатади, ундан кейин ўшанинг маълумоти солиқ органига тақдим этилади. Солиқ органи сув етказиб берувчиларнинг маълумоти асосида тадбиркорлик субъектларига солиқ ҳисоблайди.

Солиқни ошириш приоритет эмас”

— Сув бу – табиий ресурс, Ўзбекистон Республикасининг табиий бойлиги ҳисобланади. Бу – сувни доимий сақлаб бориш мақсадида киритилган норма. Бу билан солиқни ошириш приоритет эмас, сувнинг аниқ ҳисобини олиш ва сувдан оқилона фойдаланиш учун ҳисоблагич ўрнатиш мажбурияти қўйиляпти. Шу орқали табиий бойлигимиз бўлган ерости сувларининг кейинги авлодга етиб боришини таъминлаган бўламиз.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид