Иқтисодиёт | 14:00
710
2 дақиқада ўқилади

Германия Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасида ишлаётган аёл менежерларни қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон ва Германия ўртасида тўқимачилик йўналишида янги имкониятлар муҳокама қилинди.

Фото: Савдо-саноат палатаси

Жорий йилнинг 19 май куни Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова, Германиянинг Gesamtmasche уюшмаси раиси Сильвия Юнгбауэр ва Sequa компанияси вакили Оана Стеопан ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Савдо-саноат палатаси ва Германиянинг Gesamtmasche уюшмаси бир неча йилдан бери Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари учун ўқув дастурлари ҳамда Германияда амалий тажриба ўташга қаратилган қўшма дастурларни амалга ошириб келмоқда.

Учрашув давомида томонлар келгусидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан таклифлар билан алмашишди. Жумладан:

◾️Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари учун немис ускуналаридан фойдаланиш бўйича қўлланмаларни жорий этиш;
 ◾️Тўқимачилик соҳасида фаолият юритаётган аёл менежерларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
 ◾️Ўзбек-немис тўқимачилик корхоналари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида доимий мулоқот ва тажриба алмашинуви учун платформа жорий этиш.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлаб, жорий йил мобайнида қўшма тадбир ўтказиш юзасидан келишувга эришишди.

Мавзуга оид